Мақолалар

“Бировнинг ҳақи буюрмайди”

Фирибгарлик жинояти молни ботил йўл билан ейишнинг аниқ бир кўриниши бўлиб, бундай йўл билан топилган мол – даромат ҳаром бўлиб, дўзах оташининг бир бўлаги ҳисобланади.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужралари олдидаги жанжалнинг овозини эшитиб, ташқарига чиқдилар ва: “Мен ҳам бир инсонман. Менинг ҳузуримга ҳақ талашиб, даъво билан келиб турасизлар. Балки бирингиз бошқангиздан сўзга чечанроқ бўлиб чиқарсиз ва мен уни рост гапиряпти, деб шунга қараб ҳукм чиқараман. Лекин билиб қўйингки, мен кимга бирор мусулмоннинг ҳаққини олиб берган бўлсам, ўша нарса дўзахнинг бир чўғидир. Хоҳлаган уни олсин, хоҳламаган олмасин”, дедилар.

Сир эмаски, кейинги вақтларда бировнинг ҳаққидан қўрқмайдиган харомахўр кимсалар айрим мухтожлиги бор кишиларнинг содда ва ишонувчанлигидан фойдаланиб, гўёки пул тушириб бериш бохонасида уларга тегишли бўлган пластик карта ёки унинг рақамларини олиб, ундаги давлат ёки саҳоватли инсонларнинг кўмаги билан ҳосил бўлган маблағларни фириб йўли билан ўзлаштириб олаётгани кузатилмоқда.

Шу билан бирга халқимизнинг хожатбарорлик хусусиятидан келиб чиқиб, кўчаларда гўёки ўзининг телефони бузилиб қолгани, ёки телефоним йўқ эди, сизнинг телефонингиздан фалончи яқинимга қўнғироқ қилиб олай деган бохона билан, яхшилик қилмоқчи бўлган кишининг телефонини олиб қочиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.

Бу каби иллатлар бировнинг ишончига хиёнат бўлиши билан бирга, жамиятимизда ўзаро ишончсизликнинг ривожланиши ва авж олишига олиб келади. Бу эса муқаддас динимиз Исломда мутлақо ҳаром амалдир.

Фирибгарликни ўзига касб қилиб олган кимсалар бу билан нафақат оиласи (агар бўлса!), иши ва пулидан барака кетишини балки, дунё ва охиратда албатта Яратган ундайларни касодга учратиши ва хор-зор қилишини яхши англаши зарур! Бундай хор-зорликнинг сабаби эса, Аллоҳ таоло харом қилган бировнинг ҳаққидир!

Бу ҳақда Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким одамларнинг молини қайтариб бериш мақсадида олса, Аллоҳ таоло унга ёрдамчи бўлади. Ким одамларнинг молига талофат етказиш (чув тушириш ёки фириб бериш кабилар) учун олса, Аллоҳ таоло унинг ўзига талофат етказади”, дедилар.

Имом Мусим раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган бошқа бир ҳадисда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дон сотаётган одамнинг ёнидан ўтиб қолибдилар ва унинг дони орасига қўл тиқиб кўрсалар, намланиб бор экан. “Бу нима?!” деб сўрадилар. Сотувчи: “Ё Расуллуллоҳ! Унга ёмғир тегибди”, деди. Шунда Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни устига қуймайсанми, одамлар кўрар эди”, дедилар ва “Кимки алдаса, мендан эмас!” дедилар.

Ҳадисдаги “алдаса” деб келтирилган сўз арабча матнда “ғашша” кўринишида келган бўлиб, луғатда “алдамоқ, фириб бермоқ, сохталаштирмоқ” маъноларида келади. Демак, умумий маънода бундан алдамчилик, фирибгарлик, бирор нарсани сохталаштириш мусулмоннинг иши эмас экани англашилади!

Хулосада шуни айтиш лозимки, Фирибгарлик, алдов, ўғрилик каби ишларнинг ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги лозим бўлган энг муҳим жиҳати – бировнинг ҳаққи ҳеч қачон бошқа бировга буюрмаслигини англашдир! Юртимиз мўмин-мусулмонлари бу борада янада ҳушёр, огоҳ ва ҳамжиҳат бўлмоғимиз ҳам, бундай манфур қилмишларнинг пайи қирқилишига асос бўлади иншааллоҳ.

 

Акмалхон Ахмедов

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

 

 

Read 2910 times

Мақолалар

Top