Мақолалар

Навоий ижодида ҳадислар ўрни

Нафақат Ўрта Осиёда, балки бутун Хуросонда ўзининг илми, нутқ маданияти ва нотиқлик санъати билан бир қаторда ҳадисларга ҳам эътибор қаратган буюк ўзбек шоири, мутафаккир, давлат арбоби, ғазал мулкининг султони Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳазратлари таваллудининг бу йил 580 йиллиги Республикамизда кенг нишонлашини ва дунё миқиёсида эътироф этилиши ҳазратнинг ҳақиқий комилликка эришганликларидан далолат беради.

2020 йил 19-октябрда буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги Президент қарори барчани руҳлантирди.

Алишер Навоий ижоди ўзининг бетакрорлиги билан ажралиб туришини мавлоно Лутфий юқори баҳолаган ва:

Оразин ёпқоч, кўзумдан сочилур ҳар лаҳза ёш,
Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш
матлаъли ғазали ҳақида «Агар муяссар бўлса эди, ўзимнинг ўн-ўн икки минг форсий ва туркий байтимни шу ғазалга алмаштирардим…» деган эди.

Улуғ шоирнинг «Арбаъийн» асари нашри аннотациясида айтилишича, «Навоийнинг «Арбаъийн», «Чил ҳадис» ва «Қирқ ҳадис» деб аталиб келинаётган асари Абдураҳмон Жомийнинг шу номдаги таълифининг туркий таржимасидир. Жомий солиҳона ҳаёт учун зарур, аммо шарҳталаб бўлган қирқта ҳадиси набавийни тушуниш ва ёдлаш осон бўлсин учун форсчага назм йўли билан таржима қилган ва асли билан биргаликда бир китобча ҳолига келтирган. Навоийга бу китобча маъқул бўлиб, Жомийнинг рухсати билан уни туркийлаштирган.

Бу айтилганлардан маълум бўладики, Алишер Навоий бутун ижодида диний илмлардан озиқлангани, уларнинг кўпчилигини Қуръони Карим ва Ҳадислар ҳикматига таяниб, илҳомланиб битган ва бунинг ёрқин далили мутафаккирнинг «Арбаъийн» асаридир.

«Арбаъийн»да халқ орасида машҳур, энг саҳиҳ ҳадислардан 40 тасини саралаб олиниб, уларнинг мазмунини рубоий шаклида баён этилган.

Ҳадис (араб. – хабар, гап, янгилик) — Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) айтган сўзлари, қилган ишлари, иқрорлари тўғрисида ривоят. Ҳадислар эътиборга олиниши жиҳатдан 3 қисмга бўлинади: 1) саҳиҳ (ишончли); 2) ҳасан (яхши); 3) заиф.

Қуръони Каримда барча масалалар умумий тарзда баён этилгани учун оддий халққа тушунтириш, аниқлик киритиш ва изоҳлаш мақсадида Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ўз ҳадисларини айтганлар.

Навоий даврида оддий халқ араб тилини билмаган, араб тилида ёзилган манбаларни тушунмагани боис, туркий тилда сўзловчи аҳоли ҳам ҳадисларнинг мазмун-моҳиятини осон тушиниши ва ёдида сақлаб қолиши учун ҳадисларни шеърга солганини айтиб ўтади:

Форсийдонлар айлабон идрок,
Орий эрди бу нафъдин атрок.
Истадим, бу халқ ҳам бори
Бўлмағайлар бу нафъдан орий.

Навоийнинг диний мавзуларда ёзган асарлари талайгина ва уларнинг кириш қисми Аллоҳга ҳамду санолар, Пайғамбарларга саловатлар, азиз-авлиёлар руҳига дуолар билан бошланишини кўришимиз мумкин.

«Арбаъийн» асарида бугунги турмуш тарзимизга оид кўплаб фойдали ҳадисларни рубоий тарзида шарҳланган. Масалан:

Ҳадис: "Ло юъмину аҳадукум ҳатта яҳиббу ла аҳиҳи ма юҳиббу ли нафсиҳи".

Мўмин эрмастур, улки иймондин
Рўзгорида юз сафо кўргай,
Токи қардошиға раво кўрмас –
Ҳар неким ўзига раво кўргай.

Маънолар таржимаси: "Сизлардан ҳеч бирингиз ўзига раво кўрган нарсани биродарига раво кўрмагунча, чин мўмин бўлолмайди".

Бугунги кунда айрим кимсаларнинг биродари у ёқда турсин, фарзандлар ота-онасидан, ота-оналар ўз фарзандидан кечиб, яхшилик қилиш ўрнига юз кўрмас даражада бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Ваҳоланки, қўлидан яхшилик қилиш келмас экан, ҳатто тили билан ҳам озор бериш мусулмон кишига жоиз эмас эканлигини қуйидаги ҳадисда келтирилган:

Ҳадис: "Ал-муслиму ман салим ал-муслимуна мин ядиҳи ва лисониҳи".

Ким мусулмонлиғ айласа даъво
Чин эмас гар фидо қилур жонлар.
Ул мусулмондурурки, солимдур.
Тилию илгидин мусулмонлар.

Маънолар таржимаси: "Қўлидан ва тилидан мусулмонларга озор етмайдиган кишигина ҳақиқий мусулмондир".

Бахиллик ва ахлоқсизлик каби иллатлар ҳам орамизда учраб тургани инсон кўнглини хира қилади. Бахиллик ва ахлоқсизлик билан ҳақиқий комил инсон бўла олмаслигини қуйидаги ҳадисдан кўришимиз мумкин:

Ҳадис: "Хислат аъни ло яжтамиъани фи мўминин ал-бухлу ва суʼ ул-хулқи".

Мўмин эрсанг қилиб дуррингни нисор,
Эл била равшан ўл нечукким шамʼ.
Негаким, Тенгри ҳеч мўминда,
Бухлу бадхўйлуқни қилмади жамʼ.

Маънолар таржимаси: "Мўмин кишида икки хислат жам бўлмайди: бахиллик ва ёмон хулқлилик".

Пул, молу-давлат учун, мурғак қалб соҳибларини сотиб юборишгача қилинаётган пасткашликларга инсон юрагининг чидаши қийин. Кейинги ўринда келган ушбу ҳадисни ҳазрат жуда чиройли тарзда шарҳлаганликларига гувоҳ бўламиз.

Ҳадис: "Луъина абд уд-динари ва луъина абд ул-дирҳами".

Раҳмат озодағаки ул олмос,
Даҳр динору дирҳамин ғамға.
Лек лаънат ангаки қул бўлғай:
Хоҳ динору хоҳ дирҳамға.

Маънолар таржимаси: "Динор ва дирҳамга қул бўлганларга лаънат бўлсин".

Омонатга хиёнат қилмаслик кераклигини барчамиз биламиз. Ҳатто эшитган сўзингиз ҳам сизга омонат эканлигидан хабарингиз борми? Ҳадисда келтирилишича, ҳатто бирор йиғинда эшитган сўзларингизни ҳам ўринсиз бегона ёки йиғинга алоқаси бўлмаган кишига айтиш ҳам хиёнатлиги уқтирилган.

Ҳадис: "Ал-мажолису бил-амонати".

Қайси мажлисдаким эшитсанг сўз,
Билгил ул сўз цанга амонатдур.
Гар ани ўзга ерда нақл этсанг,
Ул амонатға бу хиёнатдур.

Маънолар таржимаси: "Мажлисларда эшитганинг – омонат".

Ҳадис: "Кафа билмаръи исман ан юҳаддиса бикулли ма ясмаъу".

Бу ёзуқ бас кишигаким, элдин
Ҳар на сўзким эшитти фош этти.
Тоғ эшитганни дер, гуноҳидин
Гўиё Тенгри они тош этти.

Маънолар таржимаси: "Эшитган гапларини ўзгаларга айтиш – инсоннинг гуноҳга ботиши учун кифоядир".

Ҳаёт ташвишларини деб инсон қандай қабиҳ ишларга қўл урмайди. Урф-одатларимиз шунақа, деб ҳашаматли йиғинлар қилинади. Шу билан бирга таъма қилиш ҳам одатий ҳолга айланиб бораётгандай. Кимгадир ҳавас қилиш ўрнига, билиб-билмай ҳасад қилиб қўямиз. Ҳақиқий бойлик эса кимнингдир қўлидагига ҳасад билан эмас, ҳавас билан қарашда эканлигини ёдимиздан чиқарамиз. Кейинги ўринда келган ҳадислар фикримизга исбот бўлади:

Ҳадис: "Ал-ғинал-яъсу мимма фи айдин-наси".

Бойлиғ истар эсанг эл илгидин
Ҳар на кўрсанг боридин ўл навмид,
Бул ғино, баски, халқдин кечибон
Тутсанг уммид ҳақдин-ўқ жовид.

Маънолар таржимаси: "Ҳақиқий бойлик – бу одамлар қўлидаги нарсалардан ноумид бўлиш, тамаʼ қилмасликдур".

Ҳадис: Лайс ал-ғанию ан касрат ил арзи иннамал-ға-нию нафси.

Бой эмас улки, мол касратидин
Кўрмагай фоқау талаб ранжин.
Они билким, худой бермиш анга
Нафси аммора таркини ганжин.

Маънолар таржимаси: "Бойлик – молу дунёнинг кўплиги билан эмас, балки нафснинг тўқлиги билан ўлчанади".

Илм олиш ва уни кимгадир етказиш қанчалик хайрли, савобли иш эканлиги барчамизга аён. Илмда бахиллик қилиш уни таназзулга, ботқоққа етакловчи эканлигини, ноўрин, асоссиз ишлатилган сўз эса, ўрни келганда инсонни фалокатга етаклаши мумкинлигини қуйидаги ҳадисларда кўришимиз мумкин:

Ҳадис: "Ал-илму ла яҳиллу манъҳу".

Эй хирадманд олимеки, цанга
Илмдин рўзий айлади сонеъ.
Киши ўрганса қилмағил маҳрум,
Ёки нафʼ олса бўлмағил монеъ.

Маънолар таржимаси: "Илмда бахиллик йўқ".

Ҳадис: "Ал-балоу муаккалун бин-нутқи".

Деди кўп сўзлаган хато кўп этар,
Улки дерлар ани валиюллоҳ.
Ҳар балоким етар-эрур сўздин,
Буйла ҳукм айлади набиюллоҳ.

Маънолар таржимаси: "Ҳамма бало – тилдандур".

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Алишер Навоийнинг «Арбаъийн» асарида келтирилган барча ҳадисларнинг рубоий шаклидаги кўриниши бугунги кун учун долзарб эканлигига амин бўламиз. Қайси бир соҳа бўлишидан қатъий назар, хоҳ у таълим-тарбия бўлсин, маънавий-маърифий соҳа бўлсин, барчасини қамраб ололганлиги айни ҳақиқат. Шу боисдан, буюк шоирнинг кўплаб бадиий ва илмий-маърифий асарлари қаторида бу асари ҳам инсониятнинг маънавий камолотига асрлар давомида хизмат қилишига шубҳа йўқ.

Бахтиёр Холмухамедов,
СамДУ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 2075 times
Tagged under

Мақолалар

Top