Ислом дини инсонларни ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва оилавий тотувликка чорлайди. Оилалар, инсонлар ўзаро ҳамжиҳат, тотув бўлсалар жамият ҳам тинч бўлади, тинчлик бўлган жойда эса тараққиёт бўлади.
Инсон ҳаёти давомида баъзан бошқа инсонлардан хафа бўлади, улар билан аразлашиб қолади. Бу нарса ҳар бир инсоннинг ҳаётида бўлади. Шундай пайтларда инсон бошқа инсонларни кечириши, аразлашганлигини унутиб, яхши муомаласини давом эттириши лозим.
Ислом дини инсонларни бир-бири билан уч кундан ортиқ аразлашишни ҳалол ҳисобламайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин мўминдан уч кундан ортиқ аразлаши ҳалол эмас. Агар у уч кунни ўтказган бўлса, ўша билан учрашиб, салом берсин. Агар унинг саломига алик қайтарса, иккилари ажрга шерик бўладилар. Агар саломга алик қайтармаса, у гуноҳни ўзига олган бўлади. Мусулмон эса аразлашдан чиқади”, дедилар» (Абу Довуд ривояти).
Афсус билан айтишимиз мумкинки, бугунги кунда айрим эр-хотинлар, ака-ука, опа-сингил, қалин дўстлар ва ҳатто ота-болаларнинг бир-бирларини тушунмасдан аразлашиб юришганини гувоҳи бўлмоқдамиз. Бу масъулиятни ҳис қилмай, ҳуда-беҳудага низолашиш натижасидир. Аразлашганлардан сўрасангиз ҳамма ўзининг ҳақ эканлигини исботлашга уринади. Бу айни хатодир. Аслида, аразлашишдан чекиниш, бир-бировни кечириш фазилатдир.
Аллоҳ таоло ҳамжиҳат бўлиб яшаш бахтига барчамизни муваффақ қилсин!
Б.Холмуродов,
Қарши тумани бош имом-хатиби