Мақолалар

Жаннатга амаллар олиб кирмайди

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни: «Ҳеч кимни амали уни  жаннатга олиб кирмайди», деганларини эшитдим. Улар: «Сиз ҳамми, эй Аллоҳнинг элчиси?» дедилар. У зот: "Мен ҳам.  Магар Аллоҳ мени раҳмати ва фазли билан ўраб олгандагина (кира оламан). Тўғри бўлинглар, сизлардан бирортангиз ҳам ўлимни орзу қилмасин. Яхши амалли бўлса, шояд зиёдалашса, Ёмон амалли бўлса, шояд (ёмонликлардан яхшиликка қайтиб) ризолик топса".

Расулуллоҳ мусулмонларни тоат ва ибодатларида адашишларидан огоҳлантирмоқдалар. Ва уларнинг қалбларида ҳавф ва ражо бўлишига ундаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига: "Ҳеч бирингизни амалингиз олов (дўзахдан)дан сақламайди ва сизлардан ҳеч кимни амали жаннатга олиб кирмайди", дедилар. Улардан бири: "Сизни ҳам амалларингиз сақлаб қолмайдими ва жаннатга олиб кирмайдими, эй Аллоҳнинг элчиси? ", деди. У зот: "Ҳа мени ҳам, фақат Аллоҳ таоло мени раҳмати ва фазли билан ўраб олса (жаннатга кираман)", дедилар.

Амаллар Аллоҳнинг ризосига олиб борувчи оддийгина сабаблардир. Аллоҳнинг ризоси эса, бу жаннатга олиб борадиган йўлдир. Амалларингиз билан алданманг, яхшилик ва раҳм-шафқатга ишониб қолманг. Лекин амалларингизда фақат тўғриликни талаб қилинг. Аллоҳнинг амрларига бўйсуниб, унинг қайтариқларидан қайтиш орқали Аллоҳ таолонинг розилиги билан сизнинг орангиздаги масофани яқинлаштиринг. Сизлардан ҳеч ким тезроқ ўлиб, жаннатга кираман деб орзу қилмасин. Солиҳ амал қилувчи киши бўлса, кўпроқ яшаб янада кўпроқ савоб амаллар қилиб ва шу сабабидан шояд Аллоҳ таолонинг марҳаматига эришса. Агар ёмон амаллари кўп киши бўлса, кўпроқ тавба қилиб, яхшиликларини зиёда қилиб олса.

Ҳадиси шарифнинг зоҳирига қаралса, "Ҳеч кимни амали уни  жаннатга олиб кирмайди", деган сўзлари Аллоҳ таолонинг ушбу оятига муориз келиб қолганга ўхшайди:

"Мана шу қилиб юрган амалларингиз сабабли сизга мерос қилиб берилган жаннатдир"(Зуҳруф сураси).

"Қилиб юрган ишларингиз туфайли жаннатга киринг" (Наҳл сураси)

Оят ва ҳадиснинг ораси бир неча важҳларга кўра жамланган:

Жумладан, амаллар жаннатга олиб кириши шарт эмас, балки Аллоҳ таолонинг инояти билан кирилади. Амаллар эса оддий сабабдир: чунки амаллар қанчалик буюк бўлмасин, жаннатга олиб кира олмайди. Худди  осмонўпар сарой ҳамда ва катта бир тижорат молини бир дирҳамга сотган сотувчининг савдоси каби. Ушбу нарҳга гарчи сотувчи рози бўлган тақдирда ҳам сотилган нарса билан пул тенг бўлмайди, балки сотувчи ҳаридорга фазл қилиб шунча нарсани кам нархга бериб юборган бўлади. Худди шунингдек, Аллоҳ таоло мўминларга  амаллари ва молларини  жаннатни сотиб олиш учун восита қилиб қўйди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу "Албатта, Аллоҳ мўминлардан уларнинг жонлари ва молларини жаннат эвазига сотиб олди", оятини ўқиганда "қандай ҳам яхши савдо", дер эдилар. 

Жумладан: жаннатга аслида фазл билан кирилади. Ҳадис шунга ҳамл қилинган. Шунингдек, даражаларга ҳам амаллар орқали эришилади. Оят ҳам шунга ҳамл қилинган. Ояти каримадаги "Қилиб юрган ишларингиз туфайли жаннатга киринг" дегани яъни Аллоҳ таолонинг фазли ва марҳамати ила киринг деганидир, ҳадиси шарифдаги "сизлардан ҳеч бирингизни амали жаннатга олиб кирмайди" деган сўзлари Аллоҳнинг фазлисиз кира олмайди, деганидир. Ояти каримада Аллоҳнинг фазли билан киринглар, дейимаганининг сабаби, одамлар Аллоҳ фазл қилади деб ҳотиржам бўлиб қолмасликлари учун. Ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билангина Жаннатга киришларини айтдилар. У зотки Аллоҳнинг фазли билан кирсалар, бошқа одамлар батариқи аъло шундай бўлади.

Абдурраҳмон ибн Зайддан ривоят қилинади: «Ибн Мункадир Абу Ҳозимга шундай деди: «Эй Абу Ҳозим, қанчадан-қанча инсонлар билан учрашаман. Уларни умуман танимасам ҳам ёки уларга сира яхшилик қилмаган бўлсам ҳам, ҳаққимга яхшилик сўраб дуо қилишади». Абу Ҳозим унга: «Буни ўз амалингдан деб ўйлама, балки Аллоҳдан деб бил ва У Зотга шукр қил», деди ва ушбу оятни ўқиди:

إِنَّ الَّذِينَ آَمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ سَيَجْعَلُ لَهُمُ الرَّحْمَنُ وُدًّا

«Албатта, иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларга Роҳман муҳаббат пайдр қилур». Марям сураси, 96 оят.

Ҳадиси шарифнинг сўнгида ўлимни орзу қилмаслик ҳақида огоҳлантириш келди. Буни чиройли гумон деб атасак бўлади. Яъни Аллоҳ таоло ҳақида гоўзал гумон қилишдир.

 

 

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Ф.Хомидов

Read 2495 times

Мақолалар

Top