Мақолалар

Аллоҳнинг суйган бандаси бўлиш учун нима қилиш керак?

Инсон Аллоҳнинг суйган қули бўлиши учун нима қилиши керак? Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси қудсийда билдириладики, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳу таоло айтадики, «Ҳеч бир бандам унга фарз қилинган нарсалардан кўра севимлироқ нарса билан Менга яқинлаша олмайди. Бандам Менга нафл ибодатлари билан ҳам яқинлашади. Ниҳоят Мен уни севаман». Яъни Ҳазрати Мавлога етишиш сари йўналади. «Ҳатто уҳиббаҳу». Ниҳоят мен у қулимни севаман. Нафл ибодатларини қилавериб яқинлашганда, ниҳоят Аллоҳ у қулини севади... Севилдими, у қул авлиё бўлади, кароматларга, фазилатларга эга бўлади.

Аллоҳ ризосига эришишнинг энг қисқа, энг савобли  йўли зикрдир.

Шунинг учун тариқатда зикр вазифаларини бажарасизлар.

– Бошқалар қилмайди, бошқалар тарк этади, намоз ўқимайди, бошқалар унақа, бошқалар бунақа демайсизлар.

Бизга бошқалар керак эмас, бизга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кераклар! Биз учун авлиёуллоҳнинг тушунчаси, олимларнинг сўзи муҳим. Бошқалар, ёмон одамлар ўрнак бўлолмайди, яхши одамлар ўрнак бўлиши керак!

Ҳатто «Мажалла» деган Усмонийларнинг катта ҳуқуқ асарларидан бирида айтилганки: «Ботил мокисун ъалайҳ», яъни ботил ўрнак бўлмайди.

– Тақсир, фалончи бундай қилади, мен ҳам шундай қилсам...

Яхшию лекин унинг қилгани зотан ботил-да! Сен у ботилни нима учун ўрнак қилиб олаяпсан? У ўрнак бўла олмайди. Сен: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай қилган, мен ҳам шундай қиламан», – деб айтгин ва қилгин!

Ботил ўрнак бўла олмайди, ҳақ ўрнак бўла олади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган бўлсалар, сен ҳам қил. Лекин Шайтон қилган бўлса, сен қилма! Шайтоннинг қилгани ўрнак бўлмайди. Шайтон: «Мен ундан яхшироқман», – деб Одам алайҳиссаломга сажда қилмаган. Аллоҳ ҳам уни жаннатдан қувди... Демак, Шайтоннинг қилганини қилмаслик учун, кибрланмаслигинг керак! Кибр шайтоннинг ахлоқидир, кибрланма, Шайтоннинг қилганини қилма!

Ҳар кунги зикр вазифаларингиз бўлади. Нега ҳар кун? – Чунки, зикр дарвешнинг озуқасидир. Дарвеш зикрдан маънавий озуқа олади. Инсон овқат билан қувватланганидек, озиқ олганидек, дарвеш ҳам зикр билан қувватланади, озиқланади.

– Қачон зикр қилишимиз мумкин?

– Ҳар доим, ҳар вақт қила оласизлар. Зикрнинг мажбурий бир вақти бўлмаганидек, қилиниши мумкин бўлмаган вақти ҳам йўқ.

Куннинг исталган вақтида қила оласиз. Ишингизни битириб: «Мана ишим ҳам битди, энди чеккага ўтириб, зикримни ҳам бажарай», – деган вақтингиз бемалол бажаришингиз мумкин.

– Менинг ҳеч ўтирадиган ҳолим йўқ. Қари онам, отам бор, учта болам бор, уй ишлари бор, кўп ишлайман. Кечга бориб чарчаб қоламан.

– Бўпти, ундай бўлса вазифани йўл-йўлакай бажар. Ўтириб қилолмасанг, иш жараёнида юриб айтишинг мумкин-ку?

– Меҳмонхонада, дам олиш хонасида ўтира олмайман... Умуман вақт топ, қил! Картошка арчганингда, помидор тўғраганингда қил...

Ҳатто ўтган куни бу ерга бир бўёқчи келди, қўлига чўткасини олиб, қўшиқ айтиб бўяй бошлади. У қўшиқ айтиб иш қилаяпти, сен нега зикр айтиб ишингни қила олмайсан?

Ҳатто зикр қилиб овқат пишир. Зикрли овқатнинг файзу баракаси ҳам кўп бўлади. Еганга ҳам фойдаси бўлади. Хуллас, зикр қилиб пишир...

Ҳар доим зикр қилиш мумкин, баҳонага ўрин йўқ. Бешта ёки   тўққизта боланг бўлса ҳам, суткаси билан – 24 соат ишласанг ҳам орада зикр қилишинг мумкин.

 

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

Read 1803 times

Мақолалар

Top