Мақолалар

ҲАР СЎЗНИНГ ЎЗ ЎРНИ БОР

Савол: Калималарни хато қўллашнинг ёки диний атамаларни ўзгартиришнинг зарари йўқми?

 

Жавоб: Калималарни янглиш қўллаш, кишига балки ёқимлидек кўринар, аммо диний калималарни бузиб ишлатиш асло мумкин эмас. Чунки инсон биргина сўзни нотўғри қўллагани оқибатида диндан чиқиб қолиши мумкин. Диний калималарни жой-жойида ишлата олмаслик диний илмларда нуқсони борлиги сабабидан бўлади. Ҳатто динга ҳеч алоқаси йўқ баъзи кимсалар маҳмадоналик учун диний калималарни ишлатади. Масалан, ўқишга келган йилини образли қилиб гапирмоқчи бўлиб “Мен қишлоғимдан Тошкентга ҳижрат қилганимда” дейди.

Шаҳид калимаси соф исломий атама. Динсизларга ва ғайридинларга нисбатан бу сўзни  ишлатиб бўлмайди. Шунингдек, яратмоқ, кадар, мўъжиза, кароматга ўхшаган сўзлар ҳам ўрни-ўрнида қўлланмоғи лозим. Пайғамбар бир иш кўрсатса, масалан, сувнинг устида юрса, бунга мўъжиза дейилади; авлиё у ҳам сувнинг устидан юриб кетса, бу каромат бўлади. Солиҳ бир мусулмон ғайриоддий ишни бажарса, бу унинг фаросати дейилади. Бундай ишларни кофирлар сеҳр дейдилар. Кофирларнинг фикрича, Дажжолнинг инсонларни ўлдириб тирилтириши ҳам бир сеҳр. Сеҳр жисмларнинг физикавий хусусиятларини, шаклларини ўзгартиради. Модданинг таркибини ўзгартира олмайди. Мўъжиза ва каромат иккисини ҳам ўзгартиради.

Демак, мўъжиза фақат пайғамбарларга хос хислат. Бунинг учун мўъжиза савдосини қилиб, бировни мақташ учун “мўъжиза яратти” демоқ ёки “еттинчи қаватдан тушиб кетди, мўъжиза туфайли омон қолди” демоқ уларнинг пайғамбар эканини сўзлаш бўлади. Бунда ниятга боқилмайди, сўзга боқилади. Учраган ҳар касни пайғамбар деявериш эса куфр бўлади. Аллоҳ таолодан бошқасига яратувчи демак, масалан, “асар яратдим” каби – Яратувчини бир инсон демоқ мусулмон учун бағоят таҳликали. Яратувчи ёлғиз Аллоҳ таолодир. Қуръони каримда: “...Огоҳ бўлингизки, яратиш ва буюриш Унга хосдир. Оламларнинг Рабби бўлмиш Аллоҳ барокатлидир” (Аъроф 54), дейилган.

Баъзи кишилар Аллоҳ таоло яратган ишларга масалан, кўзнинг, қулоқнинг яратилишига қараб мўъжиза дейдилар. Асалари уясида Аллоҳ деган ёзувни кўрса, уни ҳам мўъжиза дейдилар. Бундай дейиш хато. Уларни кўрганда Аллоҳнинг қудрати, Аллоҳнинг ҳикмати дейиш керак бўлади.

Музаффархон АЪЗАМОВ тайёрлади.
Read 6152 times

Мақолалар

Top