Бандаларига молиявий муомалаларни ҳалол йўллар билан амалга оширишни ва ҳаром йўллардан четланишни амр қилган Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин!
Умматларига молиявий муомалаларни батафсил тушунтириб, уларни қандай амалга оширишни кўрсатиб берган маҳбуб Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавотлар ва дурудлар бўлсин!
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар. Ва шайтон изидан эргашманглар, чунки у сизларга очиқ душмандир" (Бақара, 168).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло фақат мўминларни эмас, балки барча одамларни ҳалол нарсаларни ейишга даъват қилмоқда. Аллоҳ таоло ер юзидаги ноз-неъматларни бандалари учун яратган, уларнинг ҳалолларидан ейишга буюрди.
Аллоҳ таоло: "Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки, ютуққа эришсангиз", деб марҳамат қилган (Жума, 10).
Жума сурасидаги ушбу оятда Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ер юзига тарқалиб ҳалол йўл билан ризқ топишларига тарғиб қилмоқда ва бу ишни Аллоҳ таолонинг фазлидан талаб қилиш, деб номламоқда.
Ҳазрат Алишер Навоий бундай дейдилар: “Тонгги уйқуни тарк этганнинг ризқу рўзи фаровон бўлади. Ғафлат босиб, тонгни уйқуда ўтказган кимса бу неъматларни фақат тушида кўради”.
Албатта, ризқ талаб қилишда турли ҳолатлар вужудга келиши мумкин. Мисол учун, кўпроқ ризққа эришиш мақсадида ҳаром-ҳаришга қўл уруш эҳтимоли ҳам бор. Шунинг учун Аллоҳ таоло ризқ талаб қилишга амр қилганидан сўнг бевосита: “...ва Аллоҳни кўп зикр қилинг”, демоқда.
Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш эса, ризқ топиш ишида ҳаромни четлашга омил бўлади.
Нўмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир. Албатта, ҳаром очиқ-ойдиндир. Ва икковлари орасида шубҳали нарсалар бордир. У (шубҳали) нарсаларни одамларнинг кўплари билмаслар. Бас, ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўси учун покланган бўлади. Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади. Бу худди қўриқхона атрофида (ҳайвон) боққан чўпонга ўхшайди. Ундан ўтлаб қўйиши осон. Огоҳ бўлингким! Албатта, ҳар бир подшоҳнинг ўз қўриқхонаси бордир. Огоҳ бўлингким! Албатта, Аллоҳнинг қўриқхонаси Унинг ҳаром қилган нарсаларидир. Огоҳ бўлингким! Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бузилади. Огоҳ бўлингким! Ўша нарса қалбдир», дедилар.
Ҳалоллик – шариатимизда энг асосий масалалардан бири ҳисобланади. Зеро, ҳар бир мусулмон бажарган солиҳ амалларининг Аллоҳнинг даргоҳида қабул бўлиши, фарзандларининг салоҳияти, оиласининг фаровонлиги ва ҳадисда келганидек қалби қорайиб қотиб қолмаслиги ҳам, айнан ейдиган луқмасининг ҳалол, касби-корининг шариат кўрсатмаларига мувофиқ бўлишига боғлиқдир.
Инсон нафси олдида, дунёда ҳалол билан ҳаромни ажратиб, ҳалолини топиб нафақа қилиши бир мунча қийин туюлади, чунки нафс, енгилликни хоҳлайди.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Ҳалол касб қилиш тоғни кўчиришдан оғирдир”, деганлар.
Ҳаётда инсонлар турли касблар билан шуғулланишади. Жамиятда шундай тоифа одамлар ҳам борки, улар Аллоҳ ҳаром қилган ишларни ўзларига касб қилиб олганлар. “Беҳунарнинг ҳунари-ялқовлик”, деганларидек, бундай одамларнинг кўпчилиги аввало нафс билан қалбни фарқлай олмаганликлари, ёшликда илм, ёки ҳунар эгалламаганликлари учун кейинчалик ўзгаларнинг ризқига шерик бўлишни касб қилиб олишади. Масалан; тиланчилик, ўғрилик, зўровонлик, фоҳишалик, қиморбозлик, фирибгарлик, фолбинлик каби Аллоҳ қайтарган ишлар уларнинг касбига айланиб қолади. Бундай иллатларнинг энг ёмони, ҳаром саналган ишлар билан онгли одамларнинг шуғулланишидир.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳалол касбни маҳкам тутиб, ўзгани ҳаққидан қўрқсак, ризқимиз мўл бўлади, ҳаётимиз фаровон бўлади, охиратимиз гўзал бўлади, авлоду зурриётларимиз ҳам, икки дунёда бахтли, саодатли, солиҳ кишилардан бўлади, иншаа Аллоҳ.
А.Маллаев,
Шаҳрисабз шаҳар «Кундузак» жоме масжиди имом-хатиби