«Робитаи мавт», яъни бу ҳаётнинг фонийлигини, бир кун келиб ўлишимизни, ўлгандан сўнг қиёмат бошланганидан кейин қабрлардан туришимизни, маҳшаргоҳда тўпланишимизни, Аллоҳнинг инсонларни муҳокама қилишини, савоб ва гуноҳларнинг тортилишини, яхшиларнинг бир тарафга, ёмонларнинг бошқа тарафга айрилишини, яхшиларнинг сиротдан ўтиб, жаннатда абадий қолишларини, ёмонларнинг жаҳаннамга отилиб, ёнишини биламиз. Шуларни ўйлашга «Робитаи мавт» дейдилар. Инсон буларни ўйлаганда жаннатга кирганларнинг нақадар хурсанд бўлишларини, жаҳаннамга ташланганларнинг эса ловуллаб ёнишларини, аянчли фарёд этганларини, пушаймон бўлишларини ўйлайди, кўз олдига келтиради... Ўз нафсига хитоб қилиб: «Эй нафсим, ақлингни йиғиб ол, девоналик қилма. Бу ҳаётнинг қийматини бил. Охиратда дўзахий бўлмаслик учун ҳозирдан тадбир қил. Жаннатга киришга сабаб бўладиган ишларни бажар. Дўзахга етаклайдиган ишлардан қоч! Дўзахдан ўзингни қўриқла, жаннатни қўлдан бой бермасликка ҳаракат қил. Ҳаётингнинг бир сониясини ҳам бекорга ўтказма, беҳуда сарф этма, зое қилма!» деб айтади.
Буни ўйлашга, бу тахайюлга «Робитаи мавт» дейдилар. Бу робитанинг асли, манбаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсияларидир... Чунки Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлимни кўп ўйлашни, кўп эслашни буюрганлар.
Ўлим аччиқ, қўрқинчли бир нарса лекин бу нафс ўлим қўрқувидан бошқа нарса билан ислоҳ бўлмайди. Нафсни ислоҳ қилишнинг энг яхши чораси, Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия қилганларидек, ўлимни тафаккур қилиш билангина амалга ошади.
«Ажжилу бит тавбати қаблал мавт» — "Ўлим келмасдан олдин тавба қилишга шошилинг" – деганга ўхшаш Ҳадиси шарифлар масжидларда, уйларда осиб қўйилади. Ўлим ёшга ҳам, қарига ҳам, навбатга ҳам қарамайди. Бир пайт қарабсизки, беш ака-уканинг энг кичиги ўлади. Ёки бува яшайди, набира ўлади. Қарабсизки, касални парвариш қилаётган одам ўлиб, касал қолади...
"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди