Мақолалар

Юрагингга қутқу солди эхтимол бойлик,

Ёт ўлканинг гули балки сенга чиройлик,

Танлаб олган тубан йўлинг балчиғу лойлик,

Миллатига соя солган ифлос газанда.

Икки олам ичра разил, қаттол, шарманда.

 

Пул берганнинг ноғораси сени ўйнатар,

“Хўжа” ларинг садақаси кўзинг қувнатар,

Турган – битган ишинг зулму фитнаю хатар,

Миллатига соя солган лаънати ганда,

Икки олам аро манфур, қаттол, шарманда.

 

Миллатининг ғурурини ўйлаган авлод,

Не – не ютуқларга эга, турмуши обод,

Сендайлардан келгай фақат доғ ила иснод,

Миллатига соя солган манқурт газанда,

Сендайларга жой йўқ Ҳаёт деган чаманда.

 

Бир чақадир сенинг учун Ватан туйғуси,

Билмам, ваҳший юрагингда ненинг қайғуси,

Борлиғингни асир этган террор оғуси,

Миллатига соя солган расво газанда,

Маҳшарда ҳам сен юз қаро, бебурд шарманда.

 

Чет элларда малай бўлиб қайси бир ёвга,

Ҳаётингни қўйиб арзимаган гаровга,

Учдинг сароб макру хийла, сохта алдовга,

Миллатига соя солган юз қаро банда,

Маҳшарда ҳам бўлажаксан қаттол, шарманда.

 

Ўзбек эли насли тоза, азалдан улуғ,

Мозийда ҳам, бугунда ҳам юзлари ёруғ,

Қайдан пайдо бўлди сендек заҳар замбуруғ,

Миллатига доғ туширган нобакор банда,

Икки оламда юзқаро манфур, шарманда.

 

 

Ўз жонингга қасд қиласан умринг бемаъно,

Тоза, юксак динни ниқоб қиласан гоҳо,

Раҳматига олмас сени Тангри таоло,

Миллатига доғ туширган нобакор банда,

Икки олам ичра манфур, бедин, шарманда.

 

Қўлда қурол, тўрва соқол эй чиябўри,

Коваклардан чиққан чаён шайтонга чўри,

Кутар машъум жасадингни дўзахнинг тўри,

Миллатига соя солган нобакор банда,

Икки олам саҳнасида, қаттол, шарманда.

 

Ит ҳуради, карвон ўтар қурийди изинг,

Жаҳаннамга элтажаксан ўзингни ўзинг,

Бундайларга нораводир ҳар айтган сўзинг,

Миллатига соя солган лаънати банда,

Икки олам ичра манфур, қаттол, шарманда.

 

Етмасмиди Ватанингга қилиб ҳиёнат,

Номингга доғ туширганинг, қилиб жиноят,

Бегонадир сенга ғурур, дину диёнат,

Миллатига соя солган лаънати банда,

Икки олам ичра манфур, баттол, шарманда. 

Абдулаҳад қори Шаҳрихоний

Бўз туман бош имом хатиби

2017 йил, апрел

 

 

 

 

 

Read 7080 times
Tagged under

Мақолалар

Top