Мақолалар

Устоз ва шогирд муносабатлари

Қуръон каримнинг кўп жойларида илм мавзусига доир оятлар келади. Шунинг учун биз илм олишимиз учун бизга устоз керак булади. Маьлумки, бу дунёнинг ривожланишида инсониятнинг тараққий этишида устознинг ўрни беқиёс. Доно халқимиз “Устоз кўрган”, “Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар”, “Таълим берган устозингга раҳмат”,  "Устоз-отангдек улуғ", “Уста  борида қўлингни тий, устоз борида тилингни”, “Уста бўлсанг устозингни унутма”, “Устозингга тик қарасанг тўзасан, ҳурмат қилсанг аста-аста ўзасан”,  деб бежиз айтишмаган. “Устоз” сўзи ўзбек тилининг изоҳли луғатида йўл-йўриқ кўрсатувчи, тарбияловчи, мураббий, раҳнамо, ўқитувчи, муаллим деган маъноларни англатиши ёзилган. Демак, “устоз” номи кенг маъноли сўз бўлиб, бу номга муяссар бўлган кишига ҳар томонлама юксак масъулият юклатилади. Шунинг учун ҳам халқ орасида устозлар ҳурмати тўғрисида кўплаб ибратли нақллар бор. Бунинг маъноси шуки, ҳар қандай касб соҳиби устозсиз шаклланмайди, ҳаётдан ўз ўрнини топа олмайди.

Қадим Шарқ халқларида устоз, мураббий, мударрис, муаллим, тарбиячи номлари билан юритилувчи зотларнинг иззати ва ҳурмати ҳамиша юқори бўлган. Инсон ўзини англаган даврдан устозларга суянган, улардан маънавий қудрат олган. Агар иқтидорли устоз ўз мактабини яратмаса, ўзидан кейин билимдон, истеъдодли   шогирдлар   қолдирмаса,   унинг   ҳаёти,   умри   бесамар   ўтган бўлади.   Устоз   қанчалик   буюк   бўлмасин,    таълим жараёнида қанчалик    ютуқларга    эришмасин,    ўз    билим    тажрибасини    ишончли шогирдларда қолдирмаса, унинг эришган ютуқлари сувга тушган тошдай изсиз йўқолади. Бобокалонимиз ҳазрат Навоий бу борада қуйидаги мисрани битган эди: “Ҳунарни асрабон неткумдир охир, Олиб тупроққаму кетгумдир охир”.

Қадимда ҳар бир ҳунар муқаддас ҳисобланган бўлиб, уни ҳурматлаб, эъзозлаб келганлар. Ота-боболаримиз устоз ва шогирдлар учун ўзига хос одоб-ахлоқ, махсус қонун-қоидалар, урф-одатлар, дуолар, миллий анъаналарни ишлаб чиққан бўлиб, бу қоидаларга қатъий риоя қилинган. Устознинг ҳам, шогирднинг ҳам олдига қўйилган ўзига яраша вазифалари ва бурчлари бўлган. Ризоуддин Ибн Фахриддин устозларга шундай насиҳат қилган эди: “Шогирдингизни ҳар бир ҳаракатларига қараб турингиз, уларга хушмуомалаликларни, гўзал-у шафқатли одатларни тушунтирингиз, сўзларини-ю феълларини яхшилангиз, уст-бошларини, кийим-кечакларини пок тутмаклари ҳақида назорат айлангиз. Ёмон хулқлар юқумли бўлганидан бир шогирднинг ёмон хулқи борлигини билсангиз, жумласини баробар кўриб, жумласи фойда олажак равишда ўргатингиз, фойдали ишлар, керакли адабларнинг жумласидан хабардор айлангиз, натижада бола мумкин қадар режа ила иш қилмоқ, эҳтиёткорлик, поклик, кўркам тартиб, кўп фойдасига тиришмак каби хосиятларингизни эгаллаб олади”.

Шогирд устозни ҳурмат қилиши ва унинг меҳнатини қадрига етмоғи керак.   Бир ҳакимдан нима учун сиз устозингизни отангиздан кўра ҳурмат қиласиз? – деб
сўрашди. У бундай жавоб берди, отам дунёга келишимга сабабчи бўлган бўлса, устозим ҳаётим борича
яхши яшашимга сабаб бўлди.

Буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий Абдураҳмон Жомий яшайдиган маҳаллага яқин келганда отдан тушиб, устози яшайдиган маҳалла аҳли билан қуюқ саломлашиб, ҳол-аҳвол сўраб, отига минмай Жомий уйигача пиёда борар экан. Шунда бир темирчи сўрабди: “Амир Навоий, нечук устоз уйига етмай туриб отдан тушиб оласиз? Ахир сиз вазири аъзамсиз-ку! Сизга бундоқ юриш ярашмас”. Алишер Навоий жилмайиб туриб, шундай дебди: “Йўқ биродар, мен ҳозир устозим Абдураҳмон Жомий яшайдиган маҳаллага келдим. Демак, бу ерда яшовчи ҳар бир фуқаро устозимнинг тобуткашлари ҳисобланади. Шундоқ бўлгач, нечун мен улар, яъни сиз муҳтарамлар олдида ҳурматсизлик қилишим керак. Устозимни қандоқ авайлаб-эъзозласам, сизларни ҳам шундоқ кўргумдир”.

Шогирднинг энг яхши хислати – покликдир. Зеро, Хусайн Воиз Кошифий шогирд одоби ҳақида шундай дейди: “Устоз қабулига кирганда ёки устозини кўрганда, биринчи бўлиб салом бериш; устознинг олдида оз гапириш ва бошни олдинга эгиб туриш, кўзни ҳар томонга югиртирмаслик; агар масала сўрамоқчи бўлса, олдин устоздан ижозат олиш; устоз жавоб айтганда, эътироз билдирмаслик; устоз олдида бошқаларни ғийбат қилмаслик; ўтириб-туришда ҳурматни тўлиқ сақлаш. Шогирднинг руҳий оламининг муҳим замини ҳам бўлиб, уларга поклик, дўстлик, ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик, садоқат, меҳр-мурувватлилик, касб танлаш имконияти, ватанпарварлик, миллий ифтихор, инсонпарварлик, хушмуомалалик, озодалик, покизалик, самимийлик, зийраклик, ташаббускорлик, инсофлилик, ростгўйлик, ор-номуслилик, ҳамжиҳатбарорлик, андишалик, катталарни ҳурмат қилиш, соф муҳаббатни қадрлаш, вазминлик, тўғрилик, устозини ҳурматлаш, ота-онасини ҳурматлаш кабилар киритилади”.

Инсоният тарихий тараққиёти, жамиятнинг қиёфаси устоз-педагогнинг аҳволи ва руҳиятига боғлиқ. Унинг жамиятдаги мавқеи, ҳаётга бўлган муносабати, маънавий-маърифий савияси кишилар ўртасида юксак тарбиявий аҳамиятга молик.

Устоз деганда фақат маьлум бир соҳада ёки фақат илм соҳасида эмас, балки илм фаннинг барча турлари, касб ҳунар сирларини ўргатувчиларни хам тушунишимиз лозим. Илм маьрифат тарқатиш савобли амалдир. Борлиқдаги хамма нарса яхшиликни ўргатувчининг ҳаққига дуо килади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Албатта, Аллоҳ таоло, унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, ҳатто ковагидаги чумоли ва балиқ, одамларга яхшиликни таьлим берувчига салавот айтадилар”.

 Устознинг шогирд устидаги ҳаққи бениҳоят катта ва улуғдир. Сабр ва меҳр билан парваришлайди. Дунё ва охиратда улуғлик, манфаат ва нажот келтирадиган йўлга йўллаб қўяди.

Динимиз таьлимотига кўра, ўзгаларга таьлим берган киши нафақат дунёда иззат-хурматда бўлади, балки вафотидан кейин хам қолдирган манфаатли илми, таьлим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи аьмолига савоб тўхтовсиз бориб туради. Шундай экан устоз ва мураббийлар ҳар канча эьзозланса арзийди. Мавлоно Жалолиддин Румий ёзадилар: “Бувад занжир бо занжир пайванд,  сари занжир дар дасти Худованд” яьни, илм занжир каби бир-бирига улангандир, занжирнинг боши эса Аллоҳ таоло ҳузуридадир. Ана шу нурли занжир меҳру-мухаббатли, эҳтиромли қалбларимизга пайванд бўлиб, икки дунё хаётимизни ёритсин.

Устоз муаллимларнинг мақоми энг шарафли мақом ҳисобланади. Ибн Жамоа роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Толиби илм барча ишларида устозига бўйинсуниши, унга худди бемор ўзини моҳир табибга топширгандек топшириши лозим бўлади. Шогирд доимо устознинг маслаҳатига юриши, унга эҳтиром кўрсатишга астойдил ҳаракат қилиши, унинг хизматини қилиш билан Аллоҳ таолога муқарраб бўлишга уриниши керак. Шогирд устозга итоатли бўлишни азизлик, уни улуғлашни фахру-ифтихор, унга тавозели бўлишни обрў мартаба деб билиши лозим”.

Имом Шофеъийнинг шогирдлари Робиъ айтади: Имом Шофеъий билан йигирма йил бирга бўлганман, у зотнинг ҳайбатларидан ҳузурларида сув ичишга ҳам ботина олмаганман”.

Устознинг розилигини олиш шогирд учун нақадар муҳимлигини Алишер Навоий бобомиз шундай баён қилганлар: Агар шогирд шайхулислом агар қозидур, Агар устоз рози – Тангри розидур.

Аллоҳ таоло бизларни ана шундай улуғ ва шарафли устозлик мартаба ва даражаларига ҳамда шундайин улуғ устозларга шогирд бўлишлик шарафига  эриштирсин!

 

 

Муҳаммади ҚОРАЕВ,

Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби

Read 7198 times

Мақолалар

Top