Мақолалар

Олисдаги масжид

Қуддуси Шарифнинг Эски шаҳар томонида жойлашган Масжидул Ақсо Маккаи Мукаррамадаги Масжидул Ҳаром, Мадинаи Мунавварадаги Масжиди Набавийдан сўнгги учинчи муқаддас макон ҳисобланади.

Бунинг бир неча сабаблари бор. Биз уларнинг энг эътиборлиларини айтиш билан чекланамиз:

Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг исро ва меърож кечаси. “Ўз бандасини кечаси Масжидул Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул Ақсога мўъжизаларимизни кўрсатиш учун сайр қилдирган Зот пок бўлди. Албатта, У эшитгувчи ва кўргувчи Зотдир” (Исро сурасининг 1-ояти);

Пайғамбар алайҳиссаломга ваҳий тушган маконлардан бири. Абу Умама хабар беради: Пайғамбар алайҳиссалом: “Менга ваҳий уч жойда тушди: Маккада, Мадинада ва аш-Шомда”,  дедилар (Абу Довуд, Табароний);

Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам ўзидан олдин келган пайғамбарлар алайҳиссаломлар билан шу ерда учрашади ва уларга имомликка ўтиб намоз ўқийдилар. Намоздан сўнг У зотга фаришталар пиллапоя бўлиб еттинчи қават осмонга кўтариладилар. Аллоҳ таолонинг ҳузурларига чиққанларидан сўнг Роббимиз севикли Расулига намознинг тартиб-қоидасини ўргатади;

Масжидул Ақсо мусулмонларнинг Маккадан олдинги биринчи қибласи бўлган. Ал-Барра розияллоҳу анҳу: “Биз Аллоҳнинг Расули билан бирга ўн олти ёки ўн етти ой Байтул Мақдисга юзланиб намоз ўқидик, кейин юзимизни янги қибла – Маккага қараб ўгирдик”, дедилар (Бухорий);

Масжидул Ақсога боришнинг фазилати. Абу Ҳурайро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кўч боғлаб бориш фақат уч масжидгагина бўлади; Менинг ушбу масжидимга, Масжидул Ҳаромга ва Масжидул Ақсога”, дедилар” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий). 

Масжидул Ақсони ким, қачон қурган?

Ана шу савол ҳар доим фикр эгаларини ўйлантириб келган. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ер юзида қурилган энг аввалги масжид ҳақида сўрадим. У зот: “Масжидул Ҳаром”, дедилар. “Сўнгра қайси?” дедим.  “Масжидул Ақсо” дедилар. “Ораларида қанча (вақт) бор?” дедим. “Қирқ йил”. Сўнгра: “Ер сенинг учун масжиддир. Сенга қаерда намоз вақти етса, ўқи”, дедилар” (Бухорий, Муслим, Насаий).

Ушбу ҳадиси шариф юзасидан тадқиқот ишлари олиб борган атоқли олимлар турлича хулосага келганлар. Жумладан, Ал-Қуртубий “Жамийил аҳкомил-Қуръон” китобида: “Олимлар Қуддуси шарифга ким асос солгани ҳақида бир фикрга кела олмади. Аммо Байтул Ҳаромни Одам алайҳиссалом қургани айтилади. Эҳтимол, орадан қирқ йил ўтиб унинг ўғли Қуддусни қургандир. Шунингдек, Байтул Ҳаром барпо бўлганидан кейин, уни, балки Аллоҳнинг изни билан фаришталар қургандир. Шундай бўлиши ҳам мумкин, энг тўғрисини Аллоҳ билгувчидир”, деб ёзган.

Ибн Хожар “Китобун аҳадисил-анбиё” асарининг бошида: “Ҳақиқатан, Масжидул Ақсога биринчи бўлиб Одам алайҳиссалом асос солган. Шунингдек, уни фаришталар қургани ҳам айтилади. Яна бошқа манбаларда унинг асосчиси Нуҳ алайҳиссалом дейилади. Бошқа манбада эса Яъқуб алайҳиссалом қургани ҳақида сўз боради” деб ёзган. Яна у айтадики: “Мен икки масжидни ҳам Одам алайҳиссалом қурган деган фикрнинг тасдиғини топдим: Ибн Ҳишом “Китобул-тижон” асарида бундай ёзган: “Одам алайҳиссалом Каъбани қурганидан сўнг Аллоҳ таоло унга бориб Қуддусни қуришни амр этди. У Қуддусни барпо этди ва ўша ерда сажда қилди”.

Ас-Суютий “Сунани-Насаий” асарида: “Масжидул Ақсони, ҳақиқатан, Одам алайҳиссалом қурди. Иброҳим алайҳиссалом ва Сулаймон алайҳиссаломнинг қурилишлар эса масжиднинг янгиланиши эди, масжидни улар янгидан қурмаган”, дейди.

Ислом тарихига оид манбаларда Масжидул Ақсони Сулаймон алайҳиссалом барпо этгани, аммо бунда масжид янгилангани, кенгайтирилгани ва келажак авлодларнинг ибодати учун тайёрлангани, лекин масжидга у асос солмагани айтилган.

Абдуллоҳ ибн Амир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сулаймон ибн Довуд алайҳиссалом Байтул Мақдисни бино қилган чоғларида уч нарсани сўради; У(Аллоҳ)нинг ҳукмига тўғри келадиган ҳукмни, бас, унга бу берилди. Ўзидан кейин бировга берилмайдиган мулкни, бас унга бу ҳам берилди. Унинг биносидан фориғ бўлганларида, у ерга фақат намоз ўқиш учунгина келган ҳар бир одамни гуноҳларидан худди онасидан туғилган кунидек чиқаришини сўради” (Насаий). 

Қуддуснинг нидоси

Қуддусни босиб олган румликлар (IV-боши, VII-охирлари) “диний” маросимларини ва бошқа тантаналарини Ибодатхона тоғида ўтказган бўлса-да, амалда у жойни шаҳар ахлатхонасига айлантирган эди. Аммо узоқ давом этган истибдод даврида ҳам Ибодатхона халқнинг хотирасидан ўчмади. Қадимий маънавият марказининг шон-шуҳратини қайта тиклаш, буткул харобага айлантирилган, булғанган муқаддас масканни поклаш орзуси бадиий адабиётнинг асосий мавзусига – нидоларига, башоратларига айланди. Қуддус ўзининг зимистон тақдири ва буткул харобага айланганидан шикоят этган муножотларидан бирига  жавобан  Аллоҳ таоло: “Мен сени Менинг амрим билан қайта қурадиган бандаларимни юбораман. Улар сенинг устингни ахлатлардан тозалайди ва ўша жойда туриб Менга ибодат қилади”, дейди.

Қуръони каримга шарҳ ёзган фақиҳ ва тарихчи олим ат-Табарий турли манбалардан олган маълумотларга таяниб маълумот беришича, 637 йил патриарх Софрониянинг таклифи билан Қуддусга ташриф буюрган Умар розияллоҳу анҳу румликларнинг шаҳарни арабларга топшириш тўғрисида тузган шартномасини имзолаши, яъни шаҳарни улардан қабул қилиб олиши керак эди. У зот бу ерга келганларидан сўнг Ибодатхонанинг қаерда эканини сўрадилар. Ибодатхона тоғининг юқорисига кўтарилганларида ўраб қўйилган, ахлатга тўла  жойни кўриб Пайғамбар алайҳиссалом тасвирлаган жой эканини билдилар ва ўз қўллари билан тозалай бошладилар. Халифага йўлбошловчилик қилиб келган яҳудийлар унинг кийимлари чангга ботиб бу ерни ахлатдан тозалаётганини кўриб, бу воқеадан беш юз йил олдин: “Севин, Эй Қуддус! Сени устингдаги ахлатлардан тозалаш учун Форуқ келади”, деб айтилган башаротнинг амалда рўй берганини эълон қилдилар.

Ибодатхона тоғи ахлатдан тозалангандан сўнг шу ерда Қуддусдаги биринчи жоме масжиди қурилди. Умар розияллоҳу анҳу яҳудийларнинг кўп асрлик қувғинига барҳам бердилар ва уларга Қуддусда яшашга рухсат этдилар. 670 йил Қуддусга келган насроний епископи Аркульфа “Масжид қачонлардир қурилган Ибодатхонанинг ўрнидан барпо этилган ва тўртбурчакли ибодат жойи қандайдир харобалар қолдиғидан тўсинлар билан тўсиб қўйилган”, деб ёзган эди. “Айтишларича, – деб қўшиб қўяди епископ, – бу ибодатхонага бир вақтнинг ўзида уч минг киши сиғар эмиш”. Ана шу соддагина қурилиш муқаддас ал-Ақсо масжидининг тарихини бошлаб берган ва Байт ал-Муқаддас ёки Узоқдаги масжид – Масжидул Ақсо деб ном олган мусулмон  меъморий ансамбли шаклланишига замин тайёрлаган эди.

Кейинчалик, VII аср охири – VIII бошларида халифа Абдулмалик ибн Марвон амрига биноан масжид ҳудудини кенгайтириш ишлар бошланади ва 705 йил ал-Волид даврида бу иш ниҳоясига етади. 746 йилги зилзила оқибатида масжид буткул вайрон бўлади ва 754 йил аббосийлар сулоласидан бўлган халифа ал-Мансур даврида қайта тикланади. Унинг меросхўри ал-Маҳди 780 йил масжидни тўла таъмир эттиради. 1033 йил юз берган зилзиладан Масжидул Ақсонинг катта қисми зарар кўради. Орадан икки йил ўтиб фотимийлар сулоласи вакили Али аз-Зоҳир яна бир масжид қурдиради. Ўша масжид ҳозирги кунгача сақланиб турибди. Вақти-вақти билан бу ерда таъмирлаш ишларини олиб борган ҳукмдорлар унинг ҳудудидан унга қўшимча бинолар қурдирган, гумбазлар, фасадлар, минбарлар, миноралар қўштирган ҳамда ички тузилишини ўзгартирган.

Таъмирлаш ишлари

“Узоқ жойдаги” баракали қилиб қўйилган масжид биносини таъмирлаш ва капитал таъмирлаш ишлари бир неча бор амалга оширилган. Уларнинг энг аҳамиятлилари – XI, XIV ва XVI  асрларда, ниҳоясида XIX  асрдаги таъмирлаш ишларидир. XX юзйилликда эса Иордания ҳашиматийлар қироллик уйининг бевосита иштироки ва васийлигида масжидни капитал таъмирлаш ишлар уч босқичда олиб борилди. Кўп йиллик илмий тадқиқотлар давомида таъмирлаш вақтида бориб ўрганишлар мусулмонларнинг маънавий ва ижодий маданиятининг муҳташам ёдгорлигининг нақадар гўзаллиги ва улуғворлигининг эътироф этилишига сабаб бўлди.

Масжидул Ақсо  юзлаб йиллар давомида мадрасалар, намозхоналар, азизларнинг қабрлари, жамоат таҳоратхонлари, минбарлар каби янги иншоотлар билан бойиб борган ва Гумбаз қоя хазинаси замирида Ҳаром аш-Шариф ансамблининг шаклланишига шароит яратган.

Пайғамбар алайҳиссалом осмонга кўтарилаётганда Мориа тоғининг  ўртасидаги қояга муборак оёқларини қўйганлар. Ўнинчи асрда яшаган тарихчи ал-Яъқубий ёзишича, ўша воқеадан етмиш йил ўтгандан сўнг 691 йил умавий халифа Абдулмалик ибн Марвон муборак жойни қуёш нуридан тўсиш ҳамда бошқа таъсирлардан муҳофаза қилиш учун қоя устига гумбаз ўрнаттирган. У – Ислом тарихидаги биринчи гумбаз ҳисобланади. Гумбаз ёғочдан ясалган ва устига сопол қопланган. Орадан минг йилга яқин вақт ўтиб Султон Сулаймоннинг ҳукмронлиги даврида унинг устки қатламига олтин қўшилган.

 Дамин ЖУМАҚУЛ,

журналист

Read 10137 times

Мақолалар

Top