Мақолалар

Иқтисодий ислоҳотларимизни халқаро ҳамжамият эътироф этмоқда

Аллоҳ таолога беадад шукурлар бўлсин, 30 йилдирки тинчлик-осойишталик, мустақиллик неъмати ила яшаб келмоқдамиз. Ушбу муддат ичида ватанимиз эришган ютуқлар, қўлга киритган зафарлар кўлами, эътирофини жаҳон жамоатчилиги тан олиб бораётгани сир эмас.

Бугун жамиятимизнинг турли соҳаларида бўлгани каби иқтисодий соҳада амалга оширилган кўламли ислоҳотлар ва унинг натижасида қўлга киритилган улкан ютуқлар барча юртдошларимизни қувонтирмоқда. Бу  ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Ана шу ислоҳотлар самараси ўлароқ, улуғ саодатки, фарзандларимизнинг иқтисодий мустақиллиги ва ҳеч кимга қарам бўлмаслиги туйғуси бизларга юксак ишонч бериб, қалбларимизни ғурур-ифтихорга тўлдириб келмоқда.

Шубҳасиз, диёримиз бугун дунёдаги энг тинч ва обод, иқтисодий салоҳияти тобора ўсиб бораётган юртлардан бири бўлиб турибди. Бундай улуғ инъомнинг қадрига етиш, ватан корига яраш, шу масканда яшаётган ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Бугун халқимиз хаёлан ўтган кунларини эслаб, юртимизда халқ манфаатлари йўлида амалга оширилаётган кўламли ислоҳотлар, бунёдкорлик ишларининг амалий натижасидан хурсанд бўлиб, юртимизнинг бугунги кунига ҳавас билан боқиб, истиқлолимизнинг азиз неъматига шукроналар айтмоқда.

Ўзбекистонда бундан 4 йил аввал иқтисодий соҳада ўта муҳим ва зарур ислоҳотлар бошланди. 2017-2021 йилларда мамлакатни ривожлантиришнинг бош устувор ҳужжати ҳисобланган Ҳаракатлар стратегияси асосидаги мазкур янгиланишлар бугунги кунга келиб дастлабки натижалари ва қатор устунликларини намойиш этмоқда. Буни ўтган 4 йиллик муддат давомида эришилган натижа ва самарадорлик мисолида ҳам кўриш мумкин.

2019 йилда Халқаро валюта жамғармасининг асосий статистик маълумотлар платформаси – “Халқаро молиявий статистика” тизимида Ўзбекистон Республикаси саҳифаси очилди. Натижада халқаро ҳамжамият, халқаро ташкилот ва молиявий институтларнинг Ўзбекистонга муносабати ўзгариб, олиб борилаётган ислоҳотлар эътироф этилди.

2020 йилда Ўзбекистон Open Data Inventory (ODIN) – Очиқ маълумотлар рейтингида 63 балл тўплаб, жаҳон бўйича 44-ўринни, Марказий Осиёда эса 1-ўринни эгаллади. Очиқ маълумотлар рейтингида Ўзбекистон Осиё давлатлари орасида энг катта ўсиш кузатилган мамлакат бўлиб, ушбу кўрсаткич бўйича бира-тўла 125 ўринга юқорилади.

2018 йилда халқаро суверен рейтингни олиш ва мамлакат инвестицион жозибадорлигини ошириш мақсадида Standard and Poor’s, Moody’s, Fitch, JР Morgan and Chase каби халқаро молия институтлари ва рейтинг агентликлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, “Fitch Ratings” ташкилоти: “Ўзбекистон макроиқтисодий барқарорлик ва ўсиш истиқболларини яхшилашга, шунингдек, давлат томонидан катта даражада назорат қилинадиган иқтисодиётда институционал ва бошқарувдаги камчиликларни бартараф этишга қаратилган улкан ва кенг қамровли ислоҳотлар дастурини амалга оширишга киришди”, дея эътироф этди.

2020 йилда Ўзбекистон биринчи марта Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ)нинг тўғридан-тўғри хорижий инвестициялари бўйича меъёрий чекловлар индексига киритилди ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар учун иқтисодиётнинг очиқлиги бўйича Марказий Осиё мамлакатлари орасида етакчи ўринни эгаллади.

2018 йилда аҳолига банк хизматларини кўрсатишда, жумладан валюта олди-сотди операцияларини амалга оширишда қулайликлар яратиш мақсадида жисмоний шахслар томонидан халқаро тўлов карталарига сотиб олинган хорижий валютани тижорат банкларида нақд шаклда ечиб олиш механизми жорий этилди, тижорат банклари томонидан аҳоли гавжум жойларда, жумладан, туристик зона, аэропорт, вокзал ва бозорларда “24/7” режимида ишловчи аввал мавжуд бўлмаган автоматлаштирилган валюта айирбошлаш шохобчалари ташкил этилди.

2019 йилда валютани тартибга солиш соҳасидаги илғор халқаро тажриба асосида ишлаб чиқилган “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. “Иқтисодий эркинлик индекси – 2020” (Index of Economic Freedom) рейтингида юртимизнинг 26 поғона кўтарилгани ислоҳотларимиз халқаро майдондаги яна бир эътирофи бўлди, десак, адашмаган бўламиз.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Ва аммо Роббингнинг берган неъмати ҳақида сўзла”, дея марҳамат қилган. Аллоҳ таолонинг неъматларини сўзлашлик ва неъматларни эътироф қилишлик шукрдир. Пайғамбаримиз алайҳис салом: “Кимки озига шукр қилмаса кўпига ҳам шукр қила олмайди. Кимки инсонлардан миннатдор бўлмаса Аллоҳга шукр қила олмайди. Аллоҳ таолонинг неъматларини сўзлашлик шукрдир, гапиришни тарк қилиш эса ношукрликдир”, дедилар (Зуҳо сураси, 11-ояти).

Бизларга берилаётган неъматларни изҳори, шукронаси ҳамда неъматларни сўзлашга бўлган Аллоҳ таолонинг амри ўлароқ айтиш мумкинки, мамлакатимизда иқтисодий соҳада кўплаб эътирофга лойиқ ва халқимиз ўз ҳаётида ҳис қилаётган ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Халқимизда бир ажойиб мақол бор: “Ортингга қараб, бугунга боқиб шукр қил, олдинга қараб фикр қил”. Шукроналик ҳисси эртанги эзгу ишларимизга замин ҳозирлайди. Демак, ҳаммамиз, ҳар биримиз масъулият ва фидойилик билан меҳнат қилсак, янги муваффақиятлар бизники бўлади, юртимиз янада гуллаб яшнайди. Ватан обод бўлади, болаларимиз бахтли бўлади. Зеро, Ватанимиз ободлиги, фарзандларимиз саодатидан ортиқ бахт борми?

Яратганга шукр қилиб яшашимиз керак. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилади: Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман, борди-ю, ношукрлик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир, –дейди (Иброҳим сураси, 7-оят). Ушбу ояти карима юқоридаги фикрларимизга далил бўлиб, неъматларга шукрона қилишимиз, неъматларни зиёда бўлишининг асосий сабаби эканини таъкидлайди. Юрт тинч бўлса, тараққиёт-ривожланиш бўлади, халқимиз меҳнат қилиб, ризқини териб яшайди. Шунинг учун ҳам бу неъматларнинг қадрига етишимиз лозимдир.

Аллоҳга ҳамду сано айтиш, Унинг неъматлари шукрини адо этиш банда учун ҳам ибодат, ҳам унга берилган катта мукофотдир. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг бирида: Аллоҳ таоло бандага каттами-кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун Аллоҳга ҳамд бўлсин деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади, деганлар. 

Раҳматуллоҳ УСМОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

 Қашқадарё вилоятидаги вакили,

вилоят бош имом хатиби

Read 1489 times

Мақолалар

Top