Мақолалар

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири – ислоҳотлар сари қўйилган яна бир қадам

Мамлакатимиз истиқлолга эришган кундаёқ “дин ва эътиқод эркинлиги” борасида ҳам дадил қадамни қўйди. Аввалги юритилган тизим “дахрийлик тушунчаси”ни ёқлаган бўлса, мустақил Ўзбекистон “инсон динсиз яшай олмаслиги”ни, бунинг мамлакатдаги турли дин вакилларини маълум бир мезон-қонун бўлиши зарурлиги, бу қонун асосида барча дин вакиллари бир юртда аҳил-иноқ яшашлари учун зарурий чоралар кўрилди. Бу борада ишлаб чиқилган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун бунинг амалий натижаси бўлди. Мазкур қонун 1991 йилда қабул қилинган бўлиб, 1993 йилда киритилган баъзи қўшимча ва ўзгартиришлар билан 1998 йилга қадар амалда бўлиб келди. Вақт ўтиб турли омил ва давр талаби асосида “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун 1998 йил 1 май куни янги таҳрирда қабул қилинди.

Охирги йилларда ҳам давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан барча соҳада ислоҳот ва ўзгаришлар қилинмоқда. Ислоҳотлар замирида эса халқни рози қилиш, Ўзбекистонни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқиш кўзда тутилган. Олиб борилаётган ана шу ислоҳотлар диний-маърифий соҳани четлаб ўтаётгани йўқ.

Хабарингиз бор, куни кеча юртимизда виждон эркинлигини таъминлаш мақсадида парламент томонидан “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

Аввалгиларидан фарқли ўлароқ, янги таҳрирдаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда қўшни давлатлар, шунингдек яқин ва узоқ хориждаги диний вазият, шунингдек, Ўзбекистон халқининг кўп асрлик ўзига хос тарихи, маданий-тарихий анъана ва қадриятлари инобатга олинганини алоҳида қайд этиш лозим.

Шунингдек, мазкур қонуннинг янги таҳририда диний соҳадаги қонун ҳужжатларида қўлланиладиган асосий тушунчаларга таъриф берилгани, виждон эркинлигини таъминлашнинг ва диний ташкилотлар фаолиятининг асосий принциплари бирма-бир қайд этилгани, давлат хизматлари кўрсатишнинг электрон тизимига ўтиш орқали диний ташкилотни тузиш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби ўрнатилгани, унга кўра рўйхатдан ўтиш жараёнида маҳалла иштирокининг бекор қилиниши, диний ташкилотларнинг ҳужжатларини нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилиниши, диний ташкилотнинг марказий бошқарув органи ва диний таълим муассасасини рўйхатдан ўтказиш тартиби соддалаштирилгани, маҳаллий диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун талаб қилинадиган шахслар сони 100 тадан 50 тагача қисқартирилгани, рўйхатдан ўтказувчи органнинг диний ташкилот фаолиятини тўхтатиб қўйиш ва тугатиш бўйича ҳуқуқи чиқариб ташлангани, шунингдек, амалдаги қонунчилик ҳужжатларида “ибодат либоси” тушунчасининг ҳуқуқий таърифи мавжуд эмаслиги сабабли жамоат жойларида ибодат либосида юришга тақиқ Қонундан чиқариб ташлангани юртимизда диний соҳага берилаётган эътиборнинг самарасидандир.

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири лойиҳаси келажакда халқимиз манфаати учун хизмат қилади ҳамда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган улкан ишларни бутун дунёга тараннум этажак, инша Аллоҳ.

Убайдуллоҳ Абдуллаев,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби

Read 1900 times

Мақолалар

Top