Мақолалар

Қурбонлик гўштини улашиш – энг мақбул амал

Халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат ифодаси бўлган Қурбон ҳайити яқинлашмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 13 июлдаги қарорига кўра, Қурбон ҳайитининг биринчи куни 20 июль – Қурбон ҳайити байрами куни деб белгиланди.

Ушбу сана мусулмонлар учун ўзгача бир байрам ҳисобланади. Чунки, бу кунлар такбири ташриқлар айтиш, қурбонликлар келтириш, ийд намозларини адо этиш ва ҳаж мавсуми билан ажралиб туради. Афсуслар бўлсинки, икки йилдан буён пандемия туфайли ҳаж ибодатини адо этиш имконияти бўлмаяпти. Ҳар бир иш Яратганннинг иродаси билан бўлади. Сабр қилиб, Аллоҳ таолодан бу касаллик бартараф бўлишини сўрасак иншоаллоҳ келгуси йилларда албатта муборак сафарларни адо этиш учун йўллар очилади.

Қурбон байрами куни биринчи қилинадиган иш – ийд намозини ўқиш ҳисобланади. Намоздан қайтгандан сўнг эса қурбонлик қилишга киришилади. Бу мусулмонларнинг суннатидир.

Қурбонликни ҳайит кунлари (уч кун давомида) қилса бўлади. Аммо, энг афзали биринчи ҳайит куни намоздан кейин қилинмоғидир. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир нечта ҳадисларида баён қилганлар.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозгоҳда қурбон намозига ҳозир бўлдим. У зот хутбаларини тугатиб, минбарларидан тушганларида бир қўчқор кетирилди. Бас, у зот уни ўз қўлари билан сўйдилар ва: «Бисмиллаҳи ва Аллоҳу Акбар! Бу мендан ва менинг қурбонлик қилмаган умматимдан, дедилар» (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган).

Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар мол, қўтос, туя, қўй ва эчкилардан иборатдир. Бу ҳайвонларнинг эркаги ҳам, урғочиси ҳам, бичилгани ҳам, бичилмагани ҳам қурбонлик қилинса, бўлади. Бошқа ҳайвонларни қурбонлик қилиб бўлмайди.

Жумладан, Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусиннадан бошқани сўйманглар. Фақат сизга қийин бўлиб қолгандагина қўйнинг жазаъасини сўйсангиз бўлур», деганлари ривоят қилинган (Муслим, Абу Довуд ва Насаийлар ривояти).

Ҳадиси шарифдаги «мусинна» туядан бўлса, беш ёшли, қорамолдан бўлса, икки ёшли, қўй-эчкидан бўлса, бир ёшли бўлганидир. «Жазаъа» Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг айтишларича, қўй-эчкининг олти ойлигидир.

Демак, имкони бор одам камида бир ёшли қўй ёки эчки қурбонлик қилиши керак. Агар камбағаллиги туфайли, қўли қисқалик қилиб, бир ёшли қўй ё эчкининг иложини топа олмаса, олти ойлик бўлса ҳам, кифоя қилади. Туя ва қорамол қурбонлик қилинадиган бўлса, улардан ҳар бирига етти киши шерик бўлиши мумкин. Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тўрт нарса қурбонликка жоиз эмас – ғилайлиги очиқ-ойдин ҳайвон, беморлиги очиқ-ойдин ҳайвон, чўлоқлиги очиқ-ойдин ҳайвон ва мияси чатоқ ҳайвон, дедилар».

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қулоғи кесик ва шохи синиқларни қурбонлик қилишдан қайтардилар».

Ҳанафий мазҳаби уламолари қурбонлик қилиш ҳур, балоғатга ёшига етган, оқил, муқим (яъни мусофир кишига қурбонлик қилиш вожиб эмас) ва закот нисобига молик бўлган мусулмон шахсга вожиб бўлади, деганлар.

Халқимизга хос меҳр-оқибат, бағрикенглик ва инсонпарварлик фазилатлари мана шундай муборак кунларда яна ҳам яққол намоён бўлиши инобатга олиниб, қурбонлик гўшти аввало, қариндош-уруғ, қўни-қўшни, бева-бечоралар ва эҳтиёжманд оилаларга тарқатилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Бу амалимиз, айниқса, бугунги пандемия шароитида хонадонга одамларни тўплаб, дастурхон ёзгандан кўра, энг мақбул ҳисобланади.

Аллоҳ таоло барча мўмин мусулмонларнинг қурбонликларини қабул айласин! Қурбон ҳайити халқимизга муборак бўлсин!

 

 

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Самарқанд вилояти бош имом-хатиби

Read 1841 times

Мақолалар

Top