Мақолалар

ҚУРБОН ҲАЙИТИ  хурсандчилигимиз, саховатимиз ва шукроналигимиз ажри байрами

Усмонхон АЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

 

Аввало, улуғ айём кунларига етказгани учун Аллоҳ таолога чексиз шукроналар бўлсин. Фазилатли кунларда қодир Худодан халқимизга тинчлик-осойишталик, қут-барака, омонлик тилаб, бутун дунёда ҳамон оғир ташвиш бўлиб турган коронавирус касаллиги тезроқ инсоният бошидан аришини сўраб дуолар қиламиз. 

Маълумки, бугунги синовли кунларда халқимиз дунё халқлари бошига келган ушбу касалликка сабр-матонат, ҳамжиҳатлик билан қарши курашмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 13 июлдаги “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган муҳим вазифалар Қурбон ҳайитининг юртимизда карантин қоидаларига амал қилган ҳолда, оила даврасида кўтаринки руҳда ўтишига асосий омил бўлмоқда.

Қутлуғ айём кунларида сабру қаноат, шукроналик, руҳий покланиш, меҳр ва кўмакка муҳтожларга янада эътиборли бўлиш, савобли амаллар қилиш, миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, қўшнилар билан аҳиллашишдек олижаноб фазилатларни ҳар қачонгидан ҳам яққол намоён этиш зарур.

Гап шу ҳақда борар экан, ­Президентимиз Шавкат Мирзиёев ­раҳбарлигида мамлакатимизда олиб борилаётган бағрикенглик, минтақа халқлари билан яқин биродарлик сиёсати ҳам Аллоҳга хуш ёқувчи амаллардан эканини таъкидлашдан масрурмиз.

Аллоҳ таоло ҳар бир эзгу амалга хайрли ажр ато этади. Улуғ айём арафасида Президентимиз томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуни имзоланиб, янги таҳрирда қабул қилингани ҳам барчамизни хурсанд қилди.

Бу улуғ иш халқимизнинг ҳамжиҳатликда, биродарлик руҳида Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши билан ҳаётимизга янги мазмун бахш этмоқда.

Улуғ айём кунлари давлатимиз ­раҳбари ташаббуси билан муқаддас юртимизда яна бир тарихий, жуда улуғ ва ниҳоятда савобли тадбир — “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Муқаддас динимизда халқлар ва давлатлар ўртасида яхши ниятда элчилик қилиш, яъни яхши амалларни, эзгу ташаббусларни тарғиб қилишнинг савоби ниҳоятда улуғ экани кўп таъкидланади. Шундай экан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган мазкур конференция Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари, халқларини бирлаштириш йўлида ғоят муҳим қадам бўлганини, бугун шу йўлда амалий ҳаракатлар бошланганини ҳам мамнун бўлиб тилга олиб турибмиз.

Ҳозирги кунда бутун дунё аҳли каби биз ҳам коронавирус пандемияси билан боғлиқ мушкул вазиятни бошимиздан ўтказмоқдамиз. Карами кенг Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонларни масъулиятли синов кунларида сабрли ва қаноатли бўлишга даъват этиб, “Албатта, қийинчилик билан бирга енгиллик ҳам бордир”, дея марҳамат қилади.

Қурбон ҳайити зулҳижжа ойининг 10-кунига тўғри келиши эътиборидан, ушбу ой ва унинг биринчи ўн кунлиги фазилати жуда улуғ экани мўътабар манбаларда баён этилган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Фажр” сурасида: “Тонгга қасам. (Зулҳижжа ойидаги аввалги) ўн кечага қасам.  Жуфт ва тоққа қасам”, дея марҳамат қилган.

“Жуфтга қасам”даги “жуфт”дан мурод зулҳижжа ойининг ўнинчи куни, “тоқ”дан мурод эса тўққизинчи кунидир. Имом Нисобурий айтадилар: “Аллоҳ таолонинг ушбу ўн кечага қасам ичиши, бу кунларнинг нечоғлиқ шарафли ва улуғ кунлар эканига далолат қилади, унда дунёвий ва ухровий манфаатлар борлигини кўрсатади”.

Ҳазрати Пайғамбаримиз “Аллоҳ учун ибодат қилинишга зулҳижжанинг ўн кунидан севимлироқ кунлар йўқ. Унинг ҳар кунлик рўзаси бир йиллик рўзага, ҳар тундаги ибодат Лайлатул қадрдаги ибодатга тенгдир”, деганлар.

Яна бир ҳадиси шарифда “Аллоҳ таолонинг наздида ушбу ўн кунда қилинган солиҳ амалдан кўра, маҳбуброқ ва улуғроқ кун йўқ. Бу кунларда таҳлил, такбир ва ҳамд-санони кўпайтиринглар”, деб марҳамат қилганлар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Ҳаж” сураси 34-оятида қурбонлик қилишга буюриб, шундай марҳамат қилади: “Ҳар бир умматга, уларга чорва ҳайвонларини ризқ қилиб берган Аллоҳ номини зикр қилишлари учун қурбонлик қилишни жорий этганмиз. Бас, илоҳингиз ягона илоҳдир, Унгагина бўйсунингиз! (Эй Муҳаммад), итоатли ва тавозеълиларга хушхабар беринг”.

Демак, Аллоҳ йўлида қурбонлик қилиш Яратган Роббимизга итоат ва бўйсунишнинг далолати.

Қурбонлик диний ибодат бўлиши билан бирга, унинг ахлоқий-ижтимоий аҳамияти ҳам бисёрдир. У ана шу хусусияти билан исломдаги ўзаро ижтимоий ёрдамнинг гўзал бир намунаси бўлиб келмоқда.

Қурбон ҳайити — хайр-эҳсон, саховат, меҳр-мурувват  байрами.  Унда қилинадиган қурбонликлар эса жамиятда кишилар ўртасида тенглик, тотувлик каби инсоний фазилатлар ривож топишига хизмат қилувчи воситадир. Чунки қурбонлик гўштидан ва ундан тайёрланган таомлардан бир-бирларимизга эҳсон қилишимиз қалбларимизни юмшатиб, одамлар орасида меҳр-муҳаббат ришталари янада мустаҳкамроқ боғланишига хизмат қилади.

Шундай экан, Қурбон ҳайити кунларида савоб ишларни кўпайтириш, рўза тутиш, такбири ташриқ айтиш, покланиш, чиройли кийимлар кийиш, хушбўйланиш, нафл ибодат, қурбонлик қилиш, яқинларига ҳадялар улашиш айни савобли ишлардан бўлади.

Бу йил Қурбон ҳайитини карантин талабларидан келиб чиқиб, уйимизда, оиламиз бағрида ўтказамиз. Ҳайит куни хонадонимизда ибодатлар қиламиз, нафл намозини адо этамиз. Имкони борлар уйида қурбонликни адо этади, саховатпеша кишилар эса ўз хайрияларини улашади.

Зеро, улуғ алломаларимиз “Ҳайит кунлари шодликни изҳор қилиш диннинг шиорларидандир”, деганлар. Исломнинг шиори бўлган Қурбон ҳайитида хурсандчилигимизни, саховатимизни ҳар қачонгидан кўра кўпроқ намоён қилишимиз зарур.

Дуою илтижоларимизда тинчлик-хотиржамлик, тан-сиҳатлик ва, албатта, катта муаммо бўлиб турган коронавирус касали тезроқ даф бўлишини сўрайлик.

Яратган Парвардигор бутун дунё халқларига тинчлик-хотиржамлик ато этсин, ибодатларимизни қабул қилсин. Муқаддас Ватанимизни файзли макон, халқимиз ҳаётини эса бундан-да фаровон айласин.

Read 1728 times

Мақолалар

Top