Мақолалар

Даврий нашрларда: Дангасалик ўлимнинг укаси

Бепарволик ва дангасалик ҳукм сурган, долзарб масалалар ўзи­бўларчиликка ташлаб қўйилган жойда маънавият заиф нуқтага айланади. Айниқса, жамиятда жиддий ўзгаришлар содир бўлаётган, Ватан равнақи кишидан юксак фаоллик, улкан масъулият талаб қилиб турган палладаги бефарқ­лик катта гуноҳдир.

Бекорчилик қайси халқда илдиз отса, албатта, ўша халқни тараққиёт карвонидан ортда қолдиради. Бу касаллик қайси шахсга етса, уни хор қилади. Зотан, улуғларимизнинг наздида, дангасалик ўлимнинг укасидир.

Дангасаликни келтириб чи­қарадиган сабаблар:

Тақво камлиги. Бекорчи нар­са­лар билан овора бўлиш, ўйин-кул­гига ружу қўйиш одамни дангаса қилиб қўяди.

Кўп ейиш. Кўп одамлар таомга ружу қўйгани сабабли вазни ортиб, маънавий олами тубанлашмоқда. Овқатни меъёрида еган тақдирда ҳам таомдан сўнг тезда уйқуга кетишдан эҳтиёт бўлиш керак. Зеро, у қалбни қорайтиради, соғлиққа зарар етказади.

Кўп ухлаш. Одам кўп ухлагани сари унинг ишчанлик салоҳияти пасайиб боради. Ойша розийаллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Уч нарса қалб қотишига сабаб бўла­ди: таомга ҳирс қўйиш, уйқу ва роҳат-фаро­ғат­ни яхши кўриш” (Имом Дайламий ривояти).

Уламолардан бири бундай деган: “Кўп ухлаш қалбни ўл­диради, танани ишдан чиқаради, вақтни беҳуда кетказади ва ғафлат билан дангасаликка олиб боради”.

Демак, уйқучилик дангасалик билан бир қаторда инсоннинг фикрлаш қобилиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Қуёш чиққунча ухлаш дангасалик ва ризқнинг камайиши омилларидандир.

Ишлаш вақти ва уйқу соатининг бузилиши. Инсон ишлаш ва дам олиш вақтини қатъий тартиб билан изга солмаса, ҳамма ишлари аралашиб кетади. Иш вақтида кўп дам олиш, ҳордиқ чиқариш вақтида ҳаддан ташқари кўп телевизор кўриш, овқат еётганда китоб ўқиш билан одам бирон натижага эриша олмайди. Зеро, илм олиш фақат ўқишдан иборат эмас. Илм фикрлаш ва мушоҳада қилиш билан бўлади. Динимизда хуфтондан сўнг уйқуга кетишга тарғиб қилинганининг сабаби, эрталаб барвақт турилади, ибодат ҳам, бошқа ишлар ҳам ўз вақтида бажарилади.

Аллоҳга тақво қилиш, қалбни поклаш. Данга­саликдан фориғ бўлиш учун биринчи галда эъти­қодни мустаҳкамлаш, имонда собитқадам бўлиш, қалбни турли нопокликлардан сақлаш керак. Қалб­даги имон кучли бўлса, тана ҳам ғайратли бўлади.

Ғайратли ва шижоатли бўлиш. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисда Аллоҳ учун кучли мўмин ожиз мўминдан севимлироқ экани айтилган. Чунки кучли мўмин ибодатга ғайратли, нафс билан курашишда ғолиб бўлади ҳамда мусулмонларга кўплаб манфаат етказади.

Вақтнинг қадрига етиш. Иш­ларни тартиб билан бажариш ва умр ғанимат эканини билиш ҳам дангасаликдан тўсувчидир. Зеро, умрнинг ўткинчилигини тушуниб етган банда дангасаликка асло йўл қўймайди.

Иш ва таълим вақтида жисмоний машқ билан шуғулланиш. Илм олиш вақтида дам олиш ва ҳар 30–40 дақиқа орасида 5–10 да­қиқа жисмоний машғулотларни бажариш фойдали. Бунда мия дам олади, ақлий зўриқишнинг олди олинади, илмга бўлган рағбат ошади.

Абдулвоҳид ҚОБИЛХОН ўғли,
Наманган шаҳар “Мирёқуббой-Мирҳакимбой”
жоме масжиди имом-хатиби

"Ҳидоят" журналининг 6-сонидан олинди

Read 1738 times

Мақолалар

Top