Мақолалар

Даврий нашрларда: Қўшнинг тинч – сен тинч

– Ассалому алайкум, домла. Одатда, одам­лар, ҳатто давлатлар ўрта­сида ­юза­га ке­ла­диган келишмовчи­ликка таҳ­лил назари билан қаралса, Аллоҳ бандаларига бу­юрган ва банда­ларини қайтарган иш­лар­ни яхши бил­маслик­дан келиб чиққани кўринади. Ра­мазоннинг файзли кунларида икки қўшни давлат орасида содир бўлган қисқа муддат­ли низонинг сабаби ҳам аслида шундан. Уму­мийдан хусусий­га қараб келсак, икки оила, ик­ки қўшни­нинг ўзаро ҳақларини билмасли­ги, демак, уларга риоя қилмаслиги, бу иллат юқумли касалликдай тарқалаётгани фақат бу дунё­да фожиаларга сабаб бўлаётгандай. Ма­сала­нинг асосий ва жиддий томони эса, бу­нинг зарари абадий ҳаётимизга таъсир қили­шидир. Сиз билан шулар ҳақида суҳбат­лашсак... .

– Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ. Дар­ҳақиқат, Аллоҳ таоло бандасини жуда ях­ши кўради ва шунинг учун ҳам унга дастур тушириб, фойдаси ва зарарини атрофлича тушунтирган. Бу содда ва мукаммал дастурга амал қилганлар фонийда ҳам, боқийда ҳам ҳаловат ва саодат топишади. Афсус, нафс ва шайтон қутқусига учган одам қисқа муд­датли ҳаётини ўзи мурак­каблаштиради. .

Қуръони каримда бундай дейилади: “Аллоҳ­га ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманг!..” Яъни, Аллоҳни бир деб билинг ва Унгагина ибодат қилинг. “Ота-онага эса ях­шилик қилинг!..” Яъни, уларга итоатли бў­линг. “Шунингдек, қа­риндошлар, етимлар, мискинларга (ях­шилик қилинг)...” Яъни, қа­риндош-уруғ­ларга силаи раҳм қилинг, ҳадялар улашинг. Етим ва йўқсилларга ҳам садақа ва гўзал сўзлар улашинг, ёрдам беринг. “...қариндош қўшнию бегона қўшни(га ҳам)...” (Нисо сураси, 36-оят). Яъни, яқин бўлганига ҳам, бўлмаганига ҳам яхшилик қилинг, дейил­моқда. Хўш, буни бажарсак, нима йўқо­тиб, нима топамиз? Ақли соғлом киши Аллоҳ­нинг бу чақириғи фақат одамнинг фойдаси­га хизмат қилишини тезда англайди...


– Аммо билиб ҳам аксини қиладиган­лар бор-да. Ён-атрофи, қариндош­лари, айниқса, қўшнилари билан кунда-куно­ра уришиб-та­лашадиганлар ҳақида нима дейилган?

– Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қўшни­си унинг ёмонликларидан эмин бўлмаган ки­ши (ҳақиқий) мўмин бўла олмайди”. Демак, киши ҳақиқий мўмин бўлиши учун қўшнилари унинг ёмонлик­ларидан эмин бўлишлари, ундан ёмонлик кўрмаслигига ишончи комил бўлиши керак.

Ҳасан Басрийдан ривоят қилинади: «Ал­лоҳ­нинг Набийси соллалло­ҳу алайҳи ва сал­лам: “Мўмин – одамлар ундан омонда бўл­ган ки­шидир. Билиб қўйингларки, мусул­мон – қўш­ниси ундан саломат бўлган кишидир. Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳеч бир киши, агар қўш­ниси унинг ёмонлигидан омонда бўл­мас экан, жаннатга кирмайди”, де­дилар».

– Машҳур ҳадисда Абу Ҳурайра розий­аллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва сал­ламдан ривоят қилади: “Менга Жаброил келиб қўшнининг ҳақлари ҳақида шундай насиҳат қилдики, қўшни ҳам меросхўр бўлар экан, деб ўйладим” (Имом Бухорий ривояти).


– Шу ўринда қўшнининг ҳақлари ҳақида ҳам эслатиб ўтсангиз...

– Абул Қосим Абдураҳмон ибн Муҳаммад Ҳасан Басрийга улашадиган санад билан келтиради: «Ё Расулуллоҳ, қўшнининг қўшни­даги ҳақлари нималар?” деб сўралди. У зот сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қарз сў­раса бериш, чақирса бориш, касал бўлса зиёрат қилиш, ёрдам сўраса кўмаклашиш, бошига мусибат тушса тасалли бериш, бошига бирон қувончли яхшилик келса қутлаш, ўлса жанозасига қатнашиш, уйидан узоққа кетадиган бўлса уйидан ва аҳлидан хабардор бўлиб туриш, қо­зондаги таомнинг ҳиди билан ҳам унга озор бермаслик, магарам таомидан қўшнисига улашса (зарари йўқ)”, дедилар» (Имом Табароний ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам бундай деганлари ривоят қилинади: “Қўшни уч турли бўлади: бировининг учта ҳақи, ик­кинчисининг иккита ҳақи ва учинчисининг битта ҳақи бўлади. Учта ҳақи бўлган қўш­ни – мусулмон қариндош қўшни. Унинг қўш­ни­лик, диндошлик ва қа­риндошлик ҳақи бор. Иккинчиси, мусул­мон қўшни. Унинг дин­дошлик ва қўшни­лик ҳақи бор. Учинчиси, ко­фир қўшни бўлиб, унинг фақат қўшнилик ҳақи бордир” (Имом Байҳақий ривояти).

Демак, қўшни қариндош ва мусулмон бўлса, унинг диндошлик, қариндошлик ва қўшни­лик ҳақи бўларкан. Қариндош бўл­маса-да, мусулмон бўлган қўшнининг икки ҳақи бўлиб, унинг диндошлик ва қўшнилик ҳақига риоя қилиш лозим. Кофир қўшни­нинг ҳам қўшнилик ҳақи бўлиб, зиммий (ғай­ридин) бўлса-да, унинг ҳам қўшнилик ҳақи бор.


– Ҳасан Басрий: “Яхши қўшни бўлиш қўш­ни­га фақат азият бермаслик эмас, балки қўшни­дан азият етса, сабр қилиш ҳамдир”, деган экан...

– Бу ҳақда яна кўплаб йўлчи юлдуз бўл­ган саҳобалар ҳам айтиб ўтишган. Амр ибн Ос бундай деган: “Силаи раҳм қилиш келган­никига бориб, келмаганникига бор­мас­лик эмас. Бу балки одилликдир. Асл силаи раҳм келмай кетган қариндошни йўқ­лаб бориш, вафосизлик қилган кишига муш­фиқ муомала қилишдир. Ҳалим киши эса ўзига ҳалим бўлганларга ҳалим, жоҳиллик қил­ганларга жоҳил бўлган одам эмас. Бу иш балки одилликдир. Асл ҳалимлик ҳалимга ҳам, жоҳилга ҳам ҳалим бўлишдир”.

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумодан ри­воят қилинади: “Уч нарса борки, жоҳилият даврида ҳам маҳбуб кўрилар эди. Мусул­монлар уларга янада лойиқдир. Би­ринчиси: меҳмон келса, қўлдан келганча иззат-икром қилинар эди. Иккинчиси: бирининг ёши катта аёли бўлса (кейинги аёли билан ора­ларида фитна чиқишидан қўрқиб), уни ни­коҳидан чиқариб юбормас эди. Учинчиси: қўшниси қарздор бўлиб қолса ё бошига бир мушкул тушса, қўшниси вазиятдан чиқиб кетгунча ёрдамлашилар эди”.

Суфён Саврий бундай дегани нақл қи­линади: “Ўн нарса борки, улар кишининг вафосизлиги саналади. Биринчиси, нафси учун дуо қилиб, ота-онаси ва мўминлар ҳақига дуо қилмаслик. Иккинчиси, Қуръон ўқишни билган ҳолда ҳар куни (юз оят) ўқи­маслик. Учинчиси, масжидга кирган кишининг ҳеч бўлмаса икки ракат намоз ўқи­маслиги. Тўртинчиси, қабристондан ўта­ётганда мар­ҳумларга са­лом ва дуо йўл­­­ламаслик. Бе­шинчиси, жу­ма куни на­моз­га қодир бўлатуриб, жума намозини ўқимаслик. Олтинчи­си, маҳалла ё шаҳ­рига олим келганини эшитиб, ундан илм ўрганмаслик. Еттинчиси, дўст ё ҳамроҳ бўлганда бир-бирларининг исмини сўра­маслик. Саккизинчиси, (ҳалол) зиёфатга чақирилганда бормаслик. Тўққизинчиси, ёшларнинг бўш вақти бўлатуриб илм ё касб ўр­ганмаслиги. Ўнинчиси, ўзи тўқ бўлатуриб, қўшнисини оч ҳолда ташлаб қўйиш”.


– Яқинда Афғонистон ислом республика­си делегациясининг юртимизга ташрифи доирасида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Имом Термизийнинг ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаси” мав­зуси­да давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳам қайсидир маънода қўшни билан яхши муно­сабатда бў­лишнинг бир кўриниши аслида...

– Албатта. Муҳтарам Президентимизнинг: Аввало, яқин қўшнилар билан яқин ҳам­корлик қилайлик!” – деган гапи замирида қўшни давлатлар билан яхши қўшничилик алоқаларини ўрнатиш, фикрий бирдамлик ғояси мужассам.

Дини ва дили бир, урф-одатлари мушта­рак бўлган мамлакатларимиз учун тарихий воқеа бўлган ушбу тадбир Ўзбекистон ва Аф­ғонистон ўртасидаги муносабатларга янги мазмун киритмоқда. Кўп синовлардан ўтган халқларимиз бир-бирига кўмакдош, қувончу ташвишларига шерик бўлиб келган. Марказий Осиё давлатлари фиқҳда Абу Ҳанифа мазҳаби, ақидада Имом Мотуридий йўналишига эргашишлари ўзаро иттифоқлик, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлади.

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ 

суҳбатлашди.

“Ҳидоят” журналининг 6-сонидан олинди

 

Read 1652 times

Мақолалар

Top