Мақолалар

Даврий нашрларда: «Мусулмон бўлиб  қайтдим...»

 

 Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳнингТанбе­ҳул ғофилинасарида: «Фақиҳ Абу Жаъфар, Абу Яъқуб Исҳоқ ибн Абдураҳмон Қорий, Абул Аббос Фазл ибн Ҳакам Найсобурий, Язид ибн Абдул­лоҳ, Икрима ибн Аммор, Шад­дод ибн Абдуллоҳ Дамашқий санадлари ила бундай ривоят келади:

Абу Умома Боҳилий айтади: «Амр ибн Абасадан:

– Сени нега “Исломда илк мусулмонлардан” дейишади? – деб сўрадим. У бундай деб жавоб берди:

– Мен одам­лар залолат­да эканини кў­рар, бутлар ҳеч нарса эмаслигини билар­дим. Сўнгра Маккада бир одамнинг хабарини эшитдим. Минагимга* миниб Маккага келдим. Қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қавми ўраб турибди. Ёнларига бордим ва: – Сиз кимсиз? – дедим.

– Пайғамбарман, – дедилар.

– Пайғамбар нима дегани?

– Аллоҳнинг элчиси, дегани.

– Сизни Аллоҳ юбордими?

– Ҳа.

– Нима учун юборди?

– Аллоҳнинг биру борлигини билдириб, Унга ҳеч нарсани шерик қилмаслик, бутларни йўқ қилиш ва силаи раҳмни мустаҳкамлаш учун юборди.

Ёнларида ҳазрат Абу Бакр ва ҳазрат Билол розийаллоҳу анҳумо бор эди.

– Сизга тобе бўлайинми? – дедим. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

– Бугун бунга тайёр эмассан. Ҳозирча ­оилангга қайт. Менинг майдонга чиққа­нимни эшитсанг, кейин келасан, – дедилар. Мен мусулмон бўлиб оиламга қайтдим.

...Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам Мадинага ҳижрат қилдилар. Мен яна минагимга миниб Мадинага келдим. Ҳу­зурларига кириб:

– Ё Расулуллоҳ, мени танияпсизми? – деб сўрадим. У зот:

– Ҳа, Маккада ёнимга келган эдинг, – дедилар...» (Аҳмад ибн Ҳанбал ри­вояти).

Бу ривоятдан Амр ибн Абаса, гарчи Мадинага келганидан сўнг таҳоратдан бошлаб Ислом арконларини ўрганган бўлса-да, Маккада илк имон келтирганлардан бири экани маълум бўлади.

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 7-сонидан олинди.

Read 1451 times

Мақолалар

Top