Мақолалар

Аллоҳ таоло бандасининг айбини яширади

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта, Аллоҳ таоло ҳаёли, айбларни яширувчи зот, бандаси айбини яширишини яхши кўради”.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло мўмин банданинг айбларини бу дунёда яширади. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларини ҳам мўминларнинг айбу нуқсонларини яширишимизга буюрганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида:

اقيلوا ذوي الهيئات زلاتهم

“Ҳурматли кишиларнинг хатоларини кечиринглар”, деганлар (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).

Демак, агар бирортамиз хато иш қилиб қўйса, биродари унинг хатосини фош қилмаслиги, аксинча яшириши лозим бўлади. Зеро, ҳадиси шарифда айтилишича: مَنْ ستر مؤمنًا في الدنيا، ستره الله يوم القيامة  яъни: “Ким бу дунёда бир мўминнинг айбини яширса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида унинг айбини яширади”.

Дарҳақиқат, Ислом дини айбларни яширишга, кечиришга, одамлар орасида фахш ишларни ошкора қилмасликка чақиради. Аксинча, маъсият ишларни сир тутиш, уларни яшириш лозим бўлади. Токи, гуноҳ иш қилаётган кишининг ўзи инсофга келиб, гуноҳи ошкор бўлмай туриб, онгли тарзда тавба қилсин, гуноҳни тарк этсин. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларини насиҳат қилишга буюрганлар, ўзгаларни изза қилишдан қайтарганлар. Қачонки, мўмин кишига қилган хатосини  мулойимлик билан, сир бўлиб қолиш шарти билан айтилса, бу насиҳат бўлади. Аммо, оммага ошкор қилинса, фазиҳат (шармандалик) бўлади. Биз эса, насиҳатга буюрилганмиз, фазиҳатга эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари шу йўлни тутганлар ва буни саҳобаларига ҳам таълим берар эдилар.

Аллоҳ таоло бандасининг минглаган гуноҳларини яширади. Ҳақиқий мўмин банда бундан ўзига тўғри хулоса чиқариб олиши лозим. Бир куни Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бир кишининг қилган жинояти учун жазони ижро этишга олиб келишди. Шунда унинг онаси шафоат тилаб (гуноҳидан ўтишларини сўраб) келди. Шунда Али розияллоҳу анҳу онасига: “Албатта, Аллоҳ таоло жиноят биринчи марта қилинганда уни яширади, одамларга ошкор қилмайди. Фарзандингиз бу жиноятини такрор ва такрор қилган, натижада бунга одатланиб ҳам қолган”, дедилар. Она: “Сиз буни қаердан биласиз?” деб сўради. Али розияллоҳу анҳу: “Чунки Аллоҳ таоло гуноҳларни яширувчи зот, бандасининг ҳам ўз гуноҳини яширишини яхши кўради”, деб жавоб бердилар.

Йигитга жазо қўллаб бўлинганидан кейин, ундан бу жинояти нечанчи марта содир этганлигини сўрадилар. Шунда у, йигирманчи марта эканлигини эътироф этди. Яъни, Аллоҳ таоло унинг жиноятини биринчи, иккинчи, учинчи, тўртинчи ва ҳатто ўн тўққизинчи мартасида ҳам яширган эди. Лекин шунга қарамай, йигит жиноят қилишда давом этаверган. Аллоҳ таолодан ҳаё қилмаган, одамларга зарар етказишда, уларнинг моллари ва обрўларига футур етказишда давом этаверган. Аслида, у аввалроқ Аллоҳга тавба қилиши, унинг айбини, жиноятларини фош этмай, яшираётганлиги Аллоҳнинг унга марҳамати эканлигини билиши керак эди. Лекин, афсуски у буни вақтида англаб етмади.

Аллоҳ таоло бандасининг айбини яширади. Шундай экан, эй мўмин биродар! Сен аввало ўз айбингни яшир, гуноҳларингни сир тут. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларини гуноҳларни ошкор қилишимиздан, қилган гуноҳимиз билан фахрланишимиздан қайтарганлар. Қолаверса, мўмин биродарингни айбини фош этишдан сақлан, мўминнинг айбини яшир, уни ошкор этма. Шояд, Аллоҳ таоло қиёмат куни сенинг ҳам айбингни яширса.

Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари

Read 2138 times

Мақолалар

Top