Мақолалар

Ярим ой нега Ислом рамзи ҳисобланади?

Бошқа дин вакиллари ярим ойни, христианлар хочига ўхшаш ислом рамзи деб ҳисоблашади, бу нотўғри. Ислом дини Аллоҳдан бошқа ҳеч нарса ва ҳеч кимга сиғинмасликни буюради. Ярим ой – исломнинг жуда шартли рамзидир, хабар бермоқда zarnews.uz.

Ярим ой – рамзнинг келиб чиқиши

Ёнида юлдузи бор ярим ой – исломдан минг йиллар илгари пайдо бўлган рамздир. Шунга ўхшаш белгини Қадимий Юнонистон, Византия ва бошқа бутларга сиғинган қадимий ҳалқлар қўллашган. Шунга ўхшаш рамз христиан динида ҳам мавжуд.

Ярим ойни ислом дини рамзи сифатида шаклланиши ҳақида жуда кўп фаразлар мавжуд. Энг оммалашгани Византия билан боғлиқ. Ушбу фаразга кўра, эрамиздан аввалги IV асрда Македония қўшини Константинополни (ҳозирги Истанбул) босиб олишга ҳаракат қилишади. Ҳужум омадсиз якунланади: ҳужум бўлган кеча осмонда македонияликларни ҳаракатларини очиб берган ёрқин ярим ой чақнаб турарди. Босқинчиларнинг ҳужумини қайтарган византияликлар ойни мамлакат рамзи ҳисоблай бошлашган. 1453 йилга келиб Византия империясини усмонли турклар қўшини босиб олди. Ғалаба қучганлар мағлуб мамлакатнинг урф-одатларини сақлаб қолишди ва уларда оммалашган рамздан кенг фойдалана бошлашди.

Бошқа бир тилга олинадиган фаразга кўра, ярим ой 1299 йилдан бошлаб ислом динини ифодалайдиган рамзга айланди. Ўшанда жудаям кичик Осиё хоқонлигининг Осмон исмли ҳукмдори туш кўради, тушига бутун осмонни ёритиб турган ярим ой киради: ернинг бир чеккасидан нариги чеккасигача. Ҳукмдор кўрган тушини яхшилик аломати деб ҳисоблайди ва ярим ойни ўз ҳоқонлигининг рамзи этиб белгилайди. Ҳукмдорнинг туши ҳақиқатдан ҳам ўнгидан келади – унинг набиралари буюк мусулмон давлати, усмонли турклар салтанатини барпо этишга сазовор бўлишади ва ислом оламида дин етакчисига айланишади.

Мутахассисларнинг фикри

Исломшунос олимлар ислом дини шаклланган вақтда ярим ой унинг рамзи бўлмаганлигини таъкидлашади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ва саҳобалар умуман ҳеч қанақа белги ва рамзлардан фойдаланишмаган: Қуръони Каримда ҳам Суннат амалларида ҳам диннинг ҳеч қанақа хусусий рамзи кўрсатилмаган.

Ярим ойни ва ёнидаги юлдузни ислом дини рамзи сифатида усмонли турклар, Константинополни босиб олишгандан сўнг оммалаштиришди. Усмонли турклар салтанати узоқ муддат ислом оламида етакчилик қилишди, шу сабабли ярим ой рамзини ҳар қандай суратни бутпарастлик деб ҳисобловчи эрон-шиаларидан ташқари, деярли барча мусулмон давлатлари қабул қилишди.

Кўпчилик уламолар ярим ойни динни эмас, турк маданиятининг бир қисми – деган фикрни билдиришади. Бошқалари эса ярим ой рамзини расмий ислом дини рамзи деб ҳисоблаш тўғри бўлади деган фикрни билдиришади, чунки ой барибир мусулмон олами хронологиясининг асосий ҳисоблаш воситаси ҳисобланади. Беш қиррали юлдуз эса ислом таълимотининг асосий беш устунини ифодалайди.

Бир масалада исломшунослар бир фикрдалар: ярим ойдан фойдаланиш тақиқланмаган, фақатгина агар инсон тақинчоғида ёки кийимда ярим ой расми фақатгина чирой учун қўлланилган бўлса. Рамзнинг ҳимоясига умид қилиш, ислом нуқтаи назарида – катта гуноҳ, инсонни фақатгина Аллоҳ асраши мумкин.

Замонавий дунёда ярим ой мачит минора ва гумбазларини безаб турибди ва кўпгина мусулмон давлатларининг байроғида акс эттирилган. Ярим ой акс эттирилган тақинчоқларни ҳамма мусулмонлар ҳам тақишмайди – араб давлатларида бундай одат йўқ. Ислом рамзи акс этган тақинчоқлар тақадиганларга эса ярим ой диний мансублик белгиси ҳисобланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 3423 times

Мақолалар

Top