Мақолалар

Уч саволга бир жавоб

Бир куни Бағдодга Аллоҳга ишонмайдиган файласуфлардан бир гуруҳи келди, Гуруҳ бошлиғи  шаҳарликларга сўрамоқчи бўлган бир неча саволлари борлигини айтиб, Бағдоддаги энг кучли олим билан учрашмоқчи эканини билдирди. Бағдодликлар гуруҳни имоми Аъзамнинг ҳузурига бошлаб борди. Имоми Аъзам ҳазратлари ўша чоқда талабаларга хом ғиштдан қандай қилиб таяммум қилиш кераклигини ўргатиб турган эдилар. Файласуфлар унга учта саволга жавоб истаётганини айтганда имоми Аъзам ҳазратлари:

– Марҳамат, сўранг саволларингизни, – дедилар.

Шунда файласуфларнинг бошлиғи аввалдан ҳозирлаб келган, кўпчилик жавобини топа олмаган саволларини берди:

– Эй имом! Биринчи саволимиз: Аллоҳ бор дейсиз, аммо у кўринмайди, қани у, кўрсатинг, биз ҳам иймон келтирайлик; иккинчиси, шайтон оловдан яралган дейсиз, сўнгра яна унга оташ-ла азоб берилади, дейсиз, ҳеч замонда олов оловни ёқадими? Учинчи саволимиз эса, эшитишимча, яхшилик ва ёмонлик Аллоҳдан дер экансиз, Модомики, хайр ва шарр Аллоҳдан экан, у ҳолда инсонларни нега қилган ишлари учун айблайсиз? Инсонларни ўз ҳолига қўйинг, истаганидек яшасин.

Унинг гапи тугаганидан сўнг имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ қўлидаги қуруқ ғишт билан уриб файласуфнинг бошини ёрдилар. Файласуф дарҳол қозига  шикоят қилди. Имоми Аъзам ҳазратларини маҳкамага чақирдилар. Имоми Аъзам маҳкамага келганларидан сўнг

Қози файласуфга:

– Қани гапиринг, шикоятингизни эшитайлик, – дейди.

Файласуф:

– Қози жаноблари! Мен бу имомга учта савол бердим. У эса саволга жавоб бериш ўрнига ғишт билан уриб бошимни ёрди, – деди.

Қози:

– Эй имом! Сиз каби олим одамга бундай иш ярашадими? – деди.

Имоми Аъзам:

– Муҳтарам қози, мен аслида ўша ғишт билан уриб бу файласуфнинг ҳамма саволига жавоб бердим, – дедилар.

  Қози Имоми Аъзамдан бу ишини тушунтириб беришини сўради. Имом бу ҳодисани қуйидагича тушунтира бошладилар:

– Муҳтарам қози жаноблари, бу файласуф менга “Аллоҳ таолони кўрсатинг, инонайлик” деди. Мен қўлимдаги ғиштни унинг бошига уриб саволига жавоб берган бўлдим. “Бу қандай бўлди?” десангиз, бу одамдан сўраб кўринг-чи, бошига ғишт билан урганимда у ҳис этган оғриқни бизга кўрсата олармикан? 

Қози файласуфга:

– Ҳа, ўша оғриқни бизга кўрсата оласизми? – деди.

Файласуф:

– Муҳтарам қози жаноблари, жонимдан ўтиб кетди, аммо уни сизга қандай кўрсатаман, – деди.

Имоми Аъзам унга:

– Эй файласуф! Сен ўз танангда рўй берган ҳодисани, бошингнинг оғриганини бизга кўрсата олмас экансан, биз ўзимиз измида бўлган Аллоҳни сенга қандай кўрсата оламиз! – деди.

Қози:

– Хўп, унинг кейинги саволи нима эди? – деб сўради.

Имоми Аъзам:

– У мендан “шайтон оташдан яралган дейсиз, аммо оташ оташни ёқадими?” деб сўради. Мен уни тупроқ билан урдим. Тупроқ унинг бошини ёрди. Ахир унинг бадани тупроқдан яралмаганмиди! Аллоҳ истаса оловни олов билан азоблашга кучи етади. Ундан жонининг оғриган оғримаганлигини сўрай оласизми? – дедилар.

Қози файласуфдан такроран:

– Жонингиз оғридими? – деб сўради.

Файласуф:

– Албатта, – деб жавоб берди.

 Бунга жавобан имоми Аъзам:

– Яна менга: “Эй имом! Яхшилик ва ёмонликнинг Аллоҳдан эканини айтасиз, унда нега инсонларни қилган ишлари учун айблайсиз? Қўйинг, инсонлар билган ишларини қилсин”, деди. У ҳолда, муҳтарам қози жаноблари, ундан такрор сўрасангиз, модомики, у инсонларнинг иродаси йўқлигига ишонар экан, у ҳолда мен қилган иш юзасидан нега сизга шикоят этди! – дедилар.

Файласуф бу мантиқли сўзлар қаршисида мағлуб бўлиб, сўзлашга сўз топа олмади ва янглиш ишончда эканига тавба қилиб мусулмон бўлди.

Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.  

Read 5784 times

Мақолалар

Top