Мақолалар

Мисвок ишлатишнинг одоблари ва фазилатлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам покланишнинг инсонлар илгари таниш бўлмаган йўлларини ўргатдилар. Булардан бири мисвок ишлатишдир. Мисвок ишлатиш жуда оддий амал, аммо унинг савоби катта ва фазилатлари жуда кўпдир.

Мисвокнинг инсон саломатлигига бир қанча фойдалари бор. Хусусан, у тишларни тозалайди ва оқартиради, милкни мустаҳкамлайди, оғиз бўшлиғидаги зарарли бактерияларни кетказади, овқат ҳазм қилишни яхшилайди, қолаверса ақл учун ҳам фойдалидир.

Шунингдек, мисвокнинг маънавий фойдалари ҳам жуда кўп. Жумладан, у шайтонни ҳайдайди, мисвок ишлатувчидан шайтон қочиб кетади. Мисвок яхшиликлар савобини оширади. Агар таҳорат олишда мисвок ишлатилса намознинг савобининг ортишига сабаб бўлади. Мисвок ўлим олдидан шаҳодат калимасини эслатувчидир. Мисвокнинг энг муҳим афзалликларидан бири бу – Аллоҳ таолонинг розилигини топишга сабаб бўлишидир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мисвок оғизни покловчи ва Роббни рози қилувчидир", деганлар. Бошқа ривоятда "шайтонни ғазаблантиради" дейилади.

Қаранг азизлар, тишимизни тозалайдиган бу таёқча орқали Аллоҳ таолонинг розилигини топишимиз мумкинлиги нақадар ажойиб. Севимли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг соғлиғимиз учун зарур бўлган нарсани Аллоҳнинг розилигини топишимизга боғлаб қўйганликларига бир эътибор беринг.

Мисвокдан бир кунда 20 мартадан кўпроқ фойдаланиш тавсия этилади. Оғиздаги ҳидни кетказиш ва тишларни тозалашнинг энг афзал ва яхши усули бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатганларидек мисвок ишлатишдир.

Мисвок арок дарахтидан олинадиган таёқча бўлиб, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизаларидан бир мўъжизадир. Унинг таркибида инсон саломатлиги ва оғизнинг барча қисмлари учун жуда фойдали бўлган модда ҳамда элементлар бор.

Агар арок дарахтини топиш имкони бўлмаса, хурмонинг ёки яна бошқа ширин мевали дарахтларнинг шохларини фойдаланиш мумкин. Энг афзали арок дарахти, сўнг зайтун дарахтидир. Бугунги кунда қатор йирик компаниялар арок дарахтидан фойдаланиб, тиш пастасини ишлаб чиқармоқдалар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Агар умматимга машаққат бўлмасин, демаганимда уларни ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр этар эдим", деганлар (Имом Насоий ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мисвокдан фойдаланишда бир қанча услубларни ишлатар эдилар. Агар биз у зот алайҳиссаломнинг йўлларини тутадиган бўлсак бир суннатга эргашиш орқали жуда кўп бошқа суннатларга ҳам амал қиламиз. Натижада ҳам соғлиғимиз учун кўплаб фойдаларга, ҳам улкан ажру савобларга эга бўламиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ мисвокдан фойдаланиш учун жимжилоқ ва бош бармоқни мисвокнинг тагига, қолган учта бармоқларни эса мисвок устига қўйилади.

Шунингдек, мисвокни ишлатишдан олдин уни ювиб, сув билан намлаш тавсия этилади. Мисвок қилишни ўнг томондаги юқори тишлардан бошланади. Сўнгра чап томондаги юқори тишлар мисвок қилинади. Шундан сўнг, аввал ўнг томондаги, кейин эса чап томондаги пастки тишлар мисвок қилинади. Мисвок камида уч марта қилинади.

Тиш тозалашда мисвокни кўндалангига юргизилади. Агар узунасига мисвок қилинса, милклар қонаб кетиши мумкин. Аммо тил ва танглайни мисвок қилишда эса узунасига ишлатилади.

Агар овқатланганингизда тишингизга бирор нарса кириб қолса, дастлаб ип билан кирган нарсани олиб ташланг, кейин мисвок ишлатинг. Мисвокни ишлатиб бўлгач эса оғизни сув билан ювишни унутманг. Асло тупугингизни ичингизга ютманг. Булар мисвокдан фойдаланишнинг энг гўзал услубларидир. Уларга амал қилган мусулмон улкан савобларни қўлга киритади ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эграшганлардан бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйда бўлсалар ҳам, ёки бирор ерга сафар қилсалар ҳам мисвокдан фойдаланишни асло тарк этмаганлар. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мисвок ишлатишга ҳарисликлари сабабли у зот алайҳиссаломнинг мисвокларини олиб юриш Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга вазифа қилиб юклатилган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турли ҳолатларда мисвокдан фойдаланганлар. Аммо энг муҳими таҳорат олишдан олдин фойдаланганларидир. У зот алайҳиссалом бундай деганлар: "Агар умматимга машаққат бўлмасин, демаганимда уларни ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр этар эдим".

Уйдан чиқишда, уйга киришда, уйқудан турганда, ухлашга ётишдан олдин, оғиздаги ҳидларни кетказиш учун, Қуръони каримни тиловат қилишдан олдин мисвок ишлатиш ҳам савобли амаллардан саналади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этишларидан олдин сўнгги бор қилган амаллари мисвок ишлатиш эди. Мисвок ишлатиш Аллоҳнинг ва севимли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг наздларида улуғ фазилатларга эгадир. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этаётганларида ерда ётган мисвокка кўзим тушди. Шунда уни олиб тупугим билан юмшатиб, Набий алайҳиссаломга бердим, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам тишларини мисвок қилдилар".

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этишларидан олдин фойдаланган нарсаларнинг энг охиргиси мисвок саналади. Шунинг учун, агар мисвокнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотлари олдидан охирги ишлатган нарса эканидан бошқа фазилатлари бўлмаган ҳам, уни ҳеч қачон тарк этмаслигимиз учун етарли бўларди. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишга буюрган:

Айтинг (эй Муҳаммад): "Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади".

Read 4487 times

Мақолалар

Top