Мақолалар

Ҳовли олма, қўшни ол...

Бизнинг азиз ва жонажон юртимизда 130 дан зиёд миллат ҳамда элатлар ўзаро аҳил-иноқ, асрлар давомида миллатидан, динидан қатъий назар фуқароларимиз тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечириб келмоқда. Улар бир мусаффо осмон остида бирдамликда бир-бирларига самимият ила муносабатда бўлишиб, яхши кунда ҳамдам, ёмон кунда ҳамнафас бўлиб, миллий ва диний қадриятларимизга ҳамоҳанг миллатимизга хос бағрикенгликда ва ўзаро ҳамжиҳатликда яшаб келаётганликлари фаровонлик асосидир.

Зеро, аслида инсонлар бир ота-онадан яратилгани Қуръони карим оятларидан маълум:

 يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ 

Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир (Ҳужурот сураси,13 оят).

Шу билан биргаликда, инсонларни Аллоҳ таоло ўзи яратган мавжудотлари ичида энг азиз ва мукаррами қилганини ҳам баён қилган.

 وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آَدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلًا 

Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини  (азиз ва)  мукаррам  қилдик ва уларни   қуруқлик  ва  денгизга  (от-улов ва кемаларга)  миндириб қўйдик ҳамда  уларга  пок  нарсалардан  ризқ  бердик  ва  уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро сураси,  70 оят).    

Бас шундай экан, ер юзида тинч ва фаровон ҳаёт кечиришликда қўшничилик алоқалари ҳам алоҳида ўрин тутади. Ислом дини бизга чиройли қўшничиликка тааллуқли бўлган таълимот ва кўрсатмаларни баён этади. Бу Қуръони карим ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак суннатлари орқали етиб келган. Жумладан, Нисо сурасининг 36-оятида:

 وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَبِذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى وَالْجَارِ الْجُنُبِ وَالصَّاحِبِ بِالْجَنْبِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ مَنْ كَانَ مُخْتَالًا فَخُورًا 

Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”, деб марҳамат қилинган.

 Бу оятда Аллоҳ таоло бизга яқину узоқ қўшниларга, хоҳ у қариндош ёки бегона, ҳатто бошқа дин вакиллари бўлишсин, баробар яхшилик қилишга буюради. Мусулмон қўшнининг ўз қўшниси устида қўшничилик ҳақларидан ташқари мусулмонлик ҳақлари ҳам мавжуд. Ҳудди қариндош қўшниларни қариндошлик ва қўшничилик ҳақлари бўлгани каби мусулмон бўлмаган қўшниларнинг ҳам қўшниси зиммасида гўзал муомала ва чиройли қўшничилик ҳаққи бор. Инсон ўз қўшнисига фақат яхшиликларни раво кўрмоғи лозим. Бу борада мисол тариқасида бир ҳикоя келтирилади:  

Бир улуғ зотнинг уйларига яқин кишиси меҳмон бўлибди. Уйнинг бурчагидан сичқон югуриб ўтиб қолибди. Меҳмон ўзини мезбонга яқин олиб, сичқонлардан қутилиш йўли уйда мушук асраб олишни маслаҳат берибди. Шунда у киши: “Мушук асраб олсам, сичқонлар мушукдан қўрқиб, қўшниларимникига қочиб ўтиб кетса, шу туфайли мен ўзим яхши кўрмаган нарсани қўшниларимга раво кўрган бўлиб қолишдан қўрқаман”, деб айтибди (Имом Ғаззолийнинг “Иҳяу улумид-дин” асаридан).

Абул Асвад ад-Дуалий ибрати: Араб тили грамматикаси асосчиларидан бири бўлган Абул Асвад ад-Дуалий буюк ҳикмат ва илм соҳиби эди. У киши биринчи бўлиб араб тили ҳарфларига нуқта қўйишни жорий қилган зотдир. Ривоят қилинишича, унинг ҳовлиси бўлиб, уни сотадилар. Шунда ундан: “Ҳовлингизни сотдингизми?” деб сўрашади. У киши: “Йўқ, ҳовлимни эмас, қўшнимни сотдим”, деб жавоб берадилар. У зотнинг ҳовлиларини сотганининг сабаби, унинг инсон ҳаётини барбод қиладиган даражадаги жуда ёмон, ахлоқсиз қўшниси бор эди. Бундан келиб чиқиб шундай ҳикматлар беҳос ёдингизга тушади: “Уйлар қўшнилар биландир”, “Қўшни келди — кўмак келди,Қўшнида пишар, Бизга ҳам тушар”, “Қўшнинг ёмон бўлса, ёмонлик келар, Қўшнинг яхши бўлса — омонлик”, “Қўшниси яхши қаримас”, “Ҳовли олма, қўшни ол”. Абул Асвад ад-Дуалийнинг “Уйимни эмас, қўшнимни сотдим” деган сўзалари замонлар оша инсонлар такрорлаб юрадиган зарбул масал бўлиб қолди.

Нега шундай биласизми? Қўшнингизнинг яхшиликлари сизни буюк бунёдкорликлар томон етаклайди. Унинг қўшничилик ҳақ-ҳуқуқ ва бурчларини гўзал тарзда адо этиши ва сизнинг буларга риоя қилишингиз ҳамжиҳатлик ва хотиржамликни таъминлайди. Бу эса Ислом динининг талабидир. Фикримизнинг тасдиғи сифатида қуйида бир ибратли ҳикояни эътиборингизга ҳавола этамиз.     

Солим деган қалби пок, саҳоватпеша, ҳушмуомала бир киши бор эди. Унинг Аҳмад исмли камбағал қўшниси бўлиб, кунларнинг бирида Аҳмад кўпроқ пулга муҳтож бўлиб қолди. Аҳмад бу маблағни бериб турадиган бирор киши топа олмагач, охири ҳовлисини сотишга қарор қилди. Чунки у шу муаммосини қўшниларига аён қилмагаан эди. Шу жумладан, Солимга ҳам. Харидорлардан бири: “Эй Аҳмад, ҳовлингиз учун қанча сўрайсиз?” деди. Аҳмад эса: “Минг динор”, деб жавоб берди. Харидор: “Лекин бу жуда қиммат-ку, уйингизнинг нархи беш юз динор”, деди. Аҳмад: “Тўғри, уйимнинг нархи мен айтган нархга тўғри келмайди. Аммо бу ҳовлининг саҳоватпеша яхши бир қўшниси бор. Унинг исми Солим бўлиб, қачон бетоб бўлсам, ҳолимдан хабар олади. Доимо мендан ҳол-аҳвол сўрайди. Менинг хурсандчилигимга қўшилиб хурсанд бўлади, маҳзунлигимни кўриб хафа бўлади. Шу пайтгача бу ҳовлида яшаб, ундан бирор-бир ёмон сўз эшитмаганман”, деди. Шунда ҳаридор Аҳмаднинг сўзини эшитиб: “Кимни Солимдек қўшниси бўлса, ҳовлисини ҳеч сотмасин”, деди. Бу орада Солим харидор билан Аҳмад ўртасидаги бўлиб ўтган суҳбатни эшитиб жуда маҳзун бўлди. Чунки Аҳмад унга қўшни бўла туриб, маблағга муҳтожлигини яширган эди. Солим тезда Аҳмаднинг уйига кириб: “Эй қўшни, ҳовлингизни ҳеч қачон сотманг. Қанча ҳожатингиз бўлса, мен бераман. Чунки мен сизни ўзимга қўшни бўлиб қолишингизни хоҳлайман”, деди. Аҳмад ва Солим ўртасидаги бундай ҳолатни кўрган шаҳар аҳли жуда хурсанд бўлди.

Мазҳаббошимиз имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ  ўз қўшнилари билан жуда гўзал муомала қилар эканлар. Бошқа дин вакили бўлган қўшниларига қарз сўраганларида қарз берибдилар. Иттифоқо, қўшниларидан бири  вафот этиб жанозага ҳамма хозир бўлибди. Кун жуда қаттиқ қиздирган, барча соя қидириб халиги қарз кўтарган одамнинг девори соясига ўзларини олишибди. Бироқ имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ шу сояга бормабдилар. Шогирд ва мухлислар сояга таклиф қилишганда ҳам ўринларида тураверган эканлар. Кейичалик бунинг сабабини ўзлари “Сизлар сояланган девор эгаси мендан қарз кўтарган эди. Таклифларингизни қабул қилмаганим сабаби сояга ўтсам рибо бўлиб қолиб, у инсоннинг кўнгли оғринмасин деб ўтмаган эдим”-деган эканлар.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, жамият тараққиёти, халқ фаровонлиги, кишилар ўртасида меҳр-оқибатнинг мустаҳкамланиши қўшничилик ҳақларини гўзал ҳолатда адо этиш билан амалга оширилади. Бу эса дунёда бахт, охиратда саодатга эришишимизнинг омилларидан биридир.

Жалолиддин Ҳамроқулов,

Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,

Тошкент шаҳар “Новза” жоме масжиди имом-хатиби  

 

 

Read 5475 times

Мақолалар

Top