Мақолалар

Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири Салим Дониёровнинг саволларига жавоблари

Савол. Муҳтарам Президент, аввало, газетамиз учун интервью беришга розилик билдирганингиз учун Сизга миннатдорлик изҳор этамиз.

Маълумки, кейинги беш йил давомида мамлакатимизда кенг миқёсдаги демократик ўзгаришлар амалга оширилмоқда. “Янги Ўзбекистон” деган тушунча реал воқеликка айланмоқда. Сиз давлат бошлиғи, ана шу ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг ташаббускори ва уларнинг марказида турган ислоҳотчи раҳбар сифатида бу янгиланишларнинг мазмун-моҳиятини биринчи навбатда нималарда кўрасиз?

Жавоб. Аввало шуни айтиш керакки, ўз юртида озод ва эркин ҳаёт, адолатли жамият барпо этишдек улкан мақсадни ўз олдига қўйган ҳар қандай халқ, ҳар қандай миллат оғир, машаққатли ва мураккаб тараққиёт йўлини босиб ўтади.

Келажакка катта умид ва ишонч билан қараб, ҳамиша сабр-матонат билан яшаган ўзбек халқи ҳам 1991 йил 31 августда муқаддас орзусига эришди – жонажон Ватанимиз ўз давлат мустақиллигини қўлга киритди.

Насиб этса, яна саноқли кунлардан кейин ана шу қутлуғ сананинг 30 йиллигини улкан шодиёна сифатида кенг нишонлаймиз.

Бу шонли байрам олдидан мамлакатимизда катта тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда. Жойларда кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари шиддат билан олиб борилмоқда. Жумладан, пойтахтимизга туташ 100 гектардан ортиқ улкан ҳудудда “Янги Ўзбекистон” боғи ҳамда бетакрор Мустақиллик мажмуаси жадал суръатлар билан бунёд этилмоқда. Насиб этса, бу йил энг улуғ, энг азиз байрамимизни мана шу янги майдонда ўтказамиз.

Ҳеч шубҳасиз, истиқлол йилларида юртимизда янги давлат ва жамият қуриш йўлида тарихий ишлар амалга оширилди, мард ва олижаноб халқимизнинг букилмас иродаси ва улкан салоҳияти билан катта марралар забт этилди. Тарихан қисқа муддатда мамлакатимиз Конституцияси – Асосий қонунимиз ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Ватанимиз суверен давлат сифатида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади. Ўзбекистонда замонавий давлатчилик асослари яратилиб, конституциявий тузумга асос солинди. Давлат ҳокимиятининг учта мустақил тармоғи – қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари қарор топди. Том маънодаги конституциявий давлат барпо этилди.

Ўзбекистон Республикасининг суверенитети ва давлат мустақиллигини, сарҳадларимиз дахлсизлиги, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти ҳамда миллий манфаатларимизни ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган Қуролли Кучлар ташкил этилди. Миллий валютамиз – сўм жорий этилди ва олтин-валюта захираларимиз шакллантирилди.

Қадимий тарихимиз, бой маданий меросимиз, миллий-диний қадриятларимиз, ўзлигимиз тикланди.

Мана шундай унутилмас тарихий жараёнларда фаол иштирок этиш насиб этганидан бахтиёрман.

Мустақил тараққиёт борасида эришган улкан ютуқлар билан бирга, йўлимиз айрим хато ва камчиликлардан ҳам холи бўлмаганини очиқ айтиш лозим. Мустабид тузумдан воз кечиб, демократик жамият барпо этишга қаратилган жараёнлар, мураккаб ва таҳликали даврнинг ўзи турли муаммо ва вазифаларни олдимизга кўндаланг қўйди. Уларни муваффақиятли ҳал этиш учун билим ва тажрибамиз, ирода ва қатъиятимиз баъзан етса, баъзида етмаган ҳолатлар ҳам бўлди.

Шу боис мамлакатимиз тараққиётини янги, юксак босқичга кўтариш, бунинг учун янги ислоҳотларни амалга ошириш объектив зарурат, энг муҳим стратегик вазифага айланди.

Дарвоқе, “янги” деган сўзнинг биз учун алоҳида аҳамияти бор. Масалан, энг кўҳна байрамларимиздан бири Наврўз – Янги кун деб аталишини эсга олайлик. Ушбу қадимий байрам билан боғлиқ қадрият ва анъаналар ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, халқимиз асрлар давомида, буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий айтганларидек, “Ҳар тунинг қадр ўлубон, ҳар кунинг бўлсин Наврўз!” деган эзгу тилаклар, пок ниятлар билан яшаб келади.

Ёки ўтган асрнинг бошларида юртпарвар, миллатпарвар боболаримиз “жадидчилик”, яъни, янгиланиш ва эркинлик, адолат ва тенглик, илм-маърифат ва миллий ўзликни англаш ғояларини байроқ қилиб, кураш майдонига мардона чиққанларини барчамиз яхши биламиз. Бу улуғ зотларнинг мақсади – жаҳолат ва қолоқлик гирдобида қолиб келаётган Туркистон халқини дунёвий илм-фан, илғор касб-ҳунарлар билан қуроллантириб, умумбашарий ривожланиш йўлига олиб чиқишдан иборат эди.

Жадидлар томонидан ташкил этилган янги усулдаги мактаблар, театр, кутубхона ва музейлар, газета ва журналлар, Туркистон фарзандларини чет элларга ўқишга юбориш мақсадида тузилган хайрия жамиятлари халқимизни неча асрлик ғафлат уйқусидан уйғотди, миллий озодлик ҳаракати учун беқиёс куч берди. Афсуски, юртимизда большевиклар диктатураси ўрнатилгани, чор мустамлакачилик сиёсати янгича шаклда давом эттирилгани маърифатпарвар боболаримизга ўз мақсад-муддаоларини тўлиқ амалга ошириш имконини бермади. Лекин уларнинг эзгу орзу-ниятлари халқимизнинг қон-қонида, тарихий хотирасида сақланиб қолди ва ҳануз яшамоқда, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Шу маънода, бугунги кунда бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган “Янги Ўзбекистон” ғояси замирида ана шундай улуғ аждодларимиз, умуман олганда, миллий тарихимизда Биринчи ва Иккинчи уйғониш даврларига асос солган аллома боболаримизнинг орзу-интилишлари ва армонлари ҳам мужассам, десак, адашмаган бўламиз.

Инсоният тарихи шундан далолат берадики, ҳар қайси халқ ҳаётидаги маънавий уйғониш жараёнлари миллий ўзликни англашга олиб келади ҳамда мамлакатнинг иқтисодий, маданий тараққиётини янги босқичга кўтаради. Бундай ижтимоий ноёб ҳодиса “Ренессанс” – уйғониш, қайта тикланиш, юксалиш деб аталиши барчамизга аён.

Маълумки, бугунги Ўзбекистон замини қадимда икки буюк уйғониш даврига – Биринчи (маърифий – IX-XII асрлар) ва Иккинчи (Темурийлар – XIV-XV асрлар) Ренессансга бешик бўлган. Бу – жаҳон илм-фанида ўз исботини топган ва тан олинган тарихий ҳақиқатдир.

Ҳозирги вақтда мамлакатимизда яна бир муҳим Уйғониш жараёни кечмоқда. Шунинг учун “Янги Ўзбекистон” ва “Учинчи Ренессанс” сўзлари ҳаётимизда ўзаро уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб янграмоқда, халқимизни улуғ мақсадлар сари руҳлантирмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланиб бормоқда. Айнан мана шу жараён мен учун ислоҳотларимизнинг энг катта натижасидир. Чунки, мақсаднинг аниқлиги – ҳаракатлар самарасини таъминлайдиган энг муҳим мезондир.

Агар биз бундан беш йил олдин қабул қилган Ҳаракатлар стратегиясининг туб мазмун-моҳиятини мухтасар ифода этадиган бўлсак, ушбу ноёб ҳужжатда ўз олдимизга Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек буюк вазифаларни стратегик мақсад қилиб қўйган эдик.

Таъкидлаш керакки, Янги Ўзбекистонни барпо этиш – бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир.

Янги Ўзбекистон – демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатдир.

Ўтган тарихан қисқа даврда ислоҳотлар туфайли эришган натижаларимиз ҳақида узоқ гапирмоқчи эмасман. Бу мавзуда мамлакатимиз ҳамда чет эл оммавий ахборот воситалари орқали нуфузли давлат ва сиёсат арбоблари, эксперт ва таҳлилчиларнинг фикрлари мунтазам эълон қилиб келинмоқда.

Бундай холис баҳолар барчамизни қувонтиради. Айни вақтда шуни таъкидлашни истардимки, биз бу демократик ўзгаришларни кимларгадир ёқиш, мақтаниш, турли рейтингларга кириш учун эмас, аксинча, демократик жараёнлар ўзимизга сув билан ҳаводек зарур бўлгани учун, халқимиз, авваламбор, ёш авлодимизнинг бугунги ҳаёти ва эртанги истиқболини ўйлаб, миллий манфаатларимиз йўлида амалга оширмоқдамиз.

Биз – Ўзбекистон фуқаролари жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий қиёфаси шиддат билан ўзгариб, ҳаётимизда янгича муносабатлар, янги имконият ва қадриятлар шаклланаётганини ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этмоқдамиз. Айниқса, “инсон ҳуқуқ ва эркинликлари”, “қонун устуворлиги”, “очиқлик ва ошкоралик”, “сўз эркинлиги”, “дин ва эътиқод эркинлиги”, “жамоатчилик назорати”, “гендер тенглик”, “хусусий мулк дахлсизлиги”, “иқтисодий фаолият эркинлиги” сингари фундаментал демократик тушунчалар ва ҳаётий кўникмалар ҳозирги вақтда реал воқеликка айланиб бораётгани эътиборлидир.

Бир ҳақиқатни очиқ тан олишимиз лозим: вақт ўтиши билан ислоҳот жараёнлари тобора кенгайиб бормоқда, шиддатли замон олдимизга янада улкан вазифаларни қўймоқда. Ҳаётнинг ўзи бизни кўп нарсага ўргатмоқда. Шу сабабли биз доимий изланишдамиз. Изланиш бор жойда ютуқлар билан бирга камчилик ва нуқсонлар ҳам бўлиши табиийдир.

Энг асосийси, “Ҳаракатда – баракат” деганларидек, биз энг қийин босқичдан ўтдик, яъни, йўлимизни аниқ белгилаб, катта ишларни бошладик. Энди ҳамма гап ислоҳотлар йўлини қатъият билан давом эттириш ва мантиқий якунига етказишда. Бу албатта осон эмас, аммо биз бунга қодирмиз. Муҳими, кейинги йилларда бундай улкан ва мураккаб вазифани амалга ошириш учун етарли сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий-институционал замин яратилди.

 Савол. Мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ислоҳотлар жараёнида “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган муҳим конституциявий тамойилни жорий этишга устувор аҳамият берилмоқда. Бунинг сабаби нимада?

Жавоб. Мен кўп йиллар давлат бошқарувининг энг қуйи бўғинидан бошлаб, ўрта ва энг юқори поғонагача – барча босқичларда масъул лавозимларда ишлаганман, Олий Мажлис депутати ҳам бўлганман. Шунинг учун ҳам эски бошқарув тизимининг барча нуқсон ва камчиликларини, аҳолини қийнаётган дарду муаммоларни қуйи бўғиндан бошлаб, ич-ичидан, бошқалардан кўпроқ биламан, деб тўлиқ ишонч билан айта оламан.

Буюк Амир Темур бобомизнинг Шаҳрисабздаги Оқсарой қароргоҳи пештоқига битилган “Адолат – давлатнинг асоси ва раҳбарлар шиоридир” деган ҳикматли сўзларида жуда чуқур маъно бор.

Маълумки, аждодларимиз азалдан “Зулм қилма, инсофли бўл, халқ учун адолат қўрғонини бунёд эт”, деб ёш авлодга йўл-йўриқ кўрсатганлар. Биз ҳам суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этишда ана шундай содда ва ҳаётий талаблардан келиб чиқдик. Хусусан, “Судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик бўлиши керак” деган ғояни илгари сурдик ва амалга оширишни бошладик.

Шу ўринда мамлакатимизда давлат ва ҳокимият идоралари узоқ вақт давомида халқ ҳаётидан узилиб қолганини қайд этиш лозим.

Сиёсий-ҳуқуқий нуқтаи назардан давлатга “халқ хоҳиш-иродасини ифода этадиган орган” деб таъриф берилади. Давлатни ким шакллантиради? Халқ ва унинг мухтор вакиллари. Бинобарин, давлат ва унинг органлари аввало кимга хизмат қилиши керак? Албатта, халққа, турли мансаб эгаларига овоз берган ва ишонч билдирган фуқароларга.

Шу маънода, халқимиз давлат хизматидан рози бўлишга ҳар томонлама ҳақли ва муносибдир.

Ана шундай тамойиллар асосига қурилган давлат ҳокимиятигина том маънода халқчил, демократик ҳокимият ҳисобланади. Бундай давлат ва жамиятнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий илдизлари мустаҳкам ва бақувват бўлади. Шу сабабдан биз халқимизнинг оғирини енгил қилиш, унинг муаммоларини вақтида ва самарали ечиш, одамларимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилашни барча ислоҳотларимизнинг бош мақсади этиб белгиладик.

Мен давлат раҳбари сифатида фаолият бошлаган 2017 йилга мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, деб ном берганимиз замирида ҳам айнан шундай интилиш ва ҳаракатларимиз мужассам эканини англаш қийин эмас, деб ўйлайман.

Албатта, биз эски тизимни батамом ўзгартириб, ўз олдимизга қўйган мақсадга тўлиқ эришдик, деб айтишга ҳали эрта. Такрор айтаман, биз ҳар куни изланишдамиз. Бу йўлда дастлабки қадамларни қўймоқдамиз, холос. Лекин “Бу ўзгаришлар – вақтинчалик кампания, ўтади-кетади”, деганлар янглишади. Бу – Президент ва унинг командаси узоқни кўзлаб юритаётган прагматик халқчил сиёсатнинг энг устувор йўналишларидан бири ва уни халқимиз билан биргаликда албатта охиригача олиб борамиз, ҳеч қачон ортга қайтмаймиз.

Бугунги кунда биз эришган энг муҳим натижа ҳам аслида шу – демократик ислоҳотларимиз ортга қайтмайдиган тус олди.

Мамлакатимизда давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ошкоралик тобора кенгайиб бормоқда. Сенатор ва депутатлар, вазир ва ҳокимлар, барча бўғиндаги мансабдор шахслар фуқаролар билан юзма-юз учрашиб, уларнинг дарду ташвишлари билан қоғозда эмас, амалда жиддий шуғулланмоқда. Яъни, авваламбор, давлат органлари халқ учун, ҳар бир фуқаро учун очилиб, улар билан фаол мулоқот олиб бормоқда.

Биз ҳаётимизда мажбурий меҳнат, хусусан, болалар меҳнати, ишсизлик, камбағаллик, коррупция, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, таълим ва тиббиёт билан боғлиқ муаммолар мавжудлигини очиқ тан олиб, уларни кенг жамоатчилигимиз билан биргаликда бартараф этмоқдамиз.

Бугун одамларда адолатга, ҳақиқатга ишонч пайдо бўлмоқда. Улар турли даражадаги раҳбар ва мансабдорларнинг иш фаолиятига холисона баҳо бермоқда, камчиликларни ошкора танқид қилмоқда. Миллий тараққиётимиз учун бу жуда муҳим аҳамиятга эга. Чунки, атоқли шоиримиз Эркин Воҳидов айтганидек, “Яхшидир аччиқ ҳақиқат, лек ширин ёлғон ёмон”.

Бугун одамлар уйғонмоқда, жамият уйғонмоқда. Маънавий уйғоқ жамият – бу, ҳеч шубҳасиз, қудратли кучдир.

Ўзингиз айтинг, атиги бир неча йил олдин бундай натижаларни тасаввур қилиш мумкинмиди? Йўқ, албатта. Шунинг учун бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас, бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас, деб айтишга барча асосларимиз бор.

Айни пайтда яна бир ҳақиқатни унутмаслигимиз лозим: бугунги Ўзбекистон – бу ҳали том маънодаги, биз орзу қилаётган, интилаётган Янги Ўзбекистон эмас. Ҳали бу маррага етиш учун олдимизда жуда олис ва машаққатли йўл турибди. Йўлимиз шу пайтгача осон бўлгани йўқ, бундан кейин ҳам осон бўлмайди. Лекин биз дадил олдинга боришдан, керак бўлса, кутилмаган, аммо пировард натижаси самарали ва халқимиз манфаатларига жавоб берадиган ноанъанавий қарорлар қабул қилишдан чўчимаслигимиз зарур.

Мана, сўнгги пайтда кўпгина масалаларда, жумладан, “прописка”, хорижга чиқиш учун “стикер”, мажбурий меҳнат, пахта ва ғаллага давлат буюртмасини белгилаш каби эски тартиблардан мутлақо воз кечиш бўйича ғоят муҳим қарорлар қабул қилдик.

Содда қилиб, жайдари тилда айтадиган бўлсак, бу билан осмон узилиб, ерга тушгани йўқ. Аксинча, бюрократия, вазифани суиистеъмол қилиш, тамагирлик кўринишлари камайиб, жамиятимиз ҳаёти эркинлашди, одамлар енгил нафас ола бошлади. Халқимиз ҳам, дунё жамоатчилиги ҳам бу қадамларимизни ижобий баҳоламоқда.

Янги Ўзбекистон – бу, аввало, янгича иқтисодий муносабатлар, янгича иқтисодий дунёқараш демакдир. Шу боис мамлакатимиз иқтисодий тизими тўлиқ қайта қурилмоқда, қанчалик оғир бўлмасин, бозор механизмларини амалда жорий этишни бошладик.

Ҳозирги вақтда электрон карточкадаги пулларни банкоматлар орқали нақд пулга айлантириш, миллий валюта курсининг “қора бозор”да – бир хил, банкларда эса бошқача бўлиши, хорижий валюталарни сотиб олиш, фуқароликка эга бўлиш, Ўзбекистоннинг исталган ҳудудидан уй-жой ва мол-мулк сотиб олиш ҳамда уларни рўйхатга қўйиш билан боғлиқ муаммолар тарихда қолди.

Ислоҳотлар аҳолининг барча қатламлари манфаатларига ижобий таъсир кўрсатмоқда: тадбиркорлар ўз бизнесини ривожлантириш учун эркинлик ва янги-янги имкониятларга эга бўлмоқда, деҳқон ва фермерлар, кластер хўжаликлари ўзлари етиштирган ҳосилнинг ҳақиқий эгасига айланмоқда. Ҳолбуки, собиқ мустабид тузум даврида “тепа”дан буйруқ бўлмаса, бир қадам босишга ҳам ҳаққимиз йўқ эди. Аҳвол шу даражага етиб борган эдики, уйимизнинг томигача пахта экдик, лекин косамиз оқармади. Мактаб болаларини ҳам пахтага ҳайдадик. Севимли шоиримиз Абдулла Орипов ўз даврида чуқур дард ва изтироб билан “Миллион эгатларга сочилган ўзбек”, деб ёзганидек, юз йил эгилиб пахта тердик.

Яқин-яқингача ҳар йили тахминан 6-7 миллион одам пахта теримига мажбуран сафарбар этиларди. Мана, уч йилдан буён улар бу машаққатдан қутулди. Қанчалик қийин бўлмасин, бу соҳада биз бозор иқтисодиётининг синалган ва самарали усулларини, жумладан, кластер тизимини жорий этдик. Кластерлар ёрдамида гектаридан пахта бўйича – 50 центнер, ғалла бўйича 100 центнердан ҳосил олишни кўзлаяпмиз ва бу марраларга албатта эришамиз.

Афсуски, мамлакатимизда тезлик билан ҳал этиш керак бўлган ўткир муаммолар бошқа соҳаларда ҳам йиғилиб қолган эди. Ҳаммаси жойида, деган кайфият билан уларни билиб – билмаганга, кўриб – кўрмаганга олиб, ғафлат уйқусига ботиб юравериш ҳам мумкин эди. Лекин бу ўзимизга, халқимизга, келажакка нисбатан хиёнат бўларди.

Очиқ айтмоқчиман: менинг табиатим бундай сохта ҳаётни мутлақо қабул қилолмайди. Халқимиз менга ишонч билдирди, ана шу юксак ишончни оқлаш, эл-юртимизга муносиб ҳаёт шароитини яратиб бериш – мен учун ҳаётимнинг маъно-мазмунидир. Мен миллионлаб инсонларнинг тақдири учун масъулиятни зиммамга олган эканман, ислоҳотлар борасида бошқача йўл тутишим, ҳаммасини аввалгидек қолдиришим асло мумкин эмас.

Такрор айтаман: олдимизда турган ишларнинг барчасини ўзимиз, ўз кучимиз билан қилишимиз керак, ҳеч ким четдан келиб биз учун биронта муаммони ҳал қилиб бермайди.

Савол. Мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида олдимизда турган энг устувор вазифалар нималардан иборат?

Жавоб. Ўтган йил декабрь ойида Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномада бу ҳақда атрофлича тўхталиб ўтган эдим. Шу боис саволингизга қисқача жавоб бермоқчиман.

Биринчи устувор вазифа: ижтимоий сиёсат мамлакатимизда давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири бўлиб келган, ҳозир ҳам шундай ва келгусида ҳам шундай бўлиб қолади.

Бугунги кунда халқ фаровонлигини, одамларнинг ҳаёт даражасини ҳар томонлама ошириш, бунинг учун янги иш ўринлари, даромад манбаларини яратиш, камбағалликни қисқартириш, қишлоқ ва шаҳарларимизни обод қилиш иқтисодий стратегиямизнинг энг муҳим йўналишлари ҳисобланади.

Юртимизда ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг мутлақо янги ва ўзига хос тизими яратилди. Сиз, журналистлар, бундан албатта яхши хабардорсиз. Кейинги пайтда “темир дафтар”“аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш усуллари айнан шу мақсадда жорий этилмоқда. Шу асосда муаммога оид мавҳум кўрсаткичлар эмас, балки ёрдам ва кўмакка муҳтож ҳар бир оила ва фуқаронинг, хотин-қизлар, ёшларнинг муаммолари ўз жойида аниқ ўрганилмоқда, улар вақтида ва самарали ҳал этилмоқда.

Кексалар, ногиронлар, оғир аҳволга тушиб қолган инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларга меҳр ва мурувват кўрсатиш каби эзгу анъаналар бугунги кунда янгича маъно-мазмун, амалий ҳаракатлар билан бойиб, такомиллашиб бормоқда. Бу борада, айниқса, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Беш муҳим ташаббус”, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз” каби дастурлар ўз ижобий натижасини бермоқда.

Биргина “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 2021 йилда барча шаҳар ва туманлардаги жами 7 минг 794 та қишлоқ ва маҳаллада умумий қиймати 20,8 триллион сўмлик қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Таъкидлаш керакки, миллий тарихимизда қишлоқ ва маҳаллаларимизни ободонлаштиришга ҳеч қачон бунчалик катта маблағ ажратилмаган, энг муҳими, уларнинг ривожига бу қадар жиддий эътибор берилмаган.

Ана шундай кенг кўламли ишларни амалга ошириш учун раҳбарлар қулай ва шинам кабинетлардан чиқиб, бевосита пастга, маҳалла даражасига тушиб ишламоқда.

Ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг аниқ манзилли хусусиятга эга экани ҳар бир муҳтож инсонга унинг реал эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда ёрдам кўрсатиш имконини бермоқда. Бунда ушбу тоифага мансуб ҳеч бир инсон эътибордан четда қолмаслигига алоҳида аҳамият қаратмоқдамиз.

Таклиф ва ташаббуслар илгаригидек фақат “тепа”дан эмас, балки кўпроқ қуйидан бўлмоқда. Уларни амалга оширишда эса қуйи, ўрта ва юқори бўғиндаги давлат бошқарув идораларининг самарали ҳамкорлиги иш бермоқда. Шу асосда жамиятимизнинг ижтимоий манзараси бутунлай ўзгармоқда, самарали бошқарувнинг натижадорлиги ошмоқда, энг муҳими, одамларнинг ҳаётга, меҳнатга, ўзининг тақдири ва эртанги кунга ишончи ортмоқда.

Мен бундай ўзгаришларни жамият тараққиётининг энг асосий сифат кўрсаткичлари, деб ҳисоблайман.

Албатта, ижтимоий ҳимоя тизимидаги айрим камчилик ва нуқсонлар сақланиб қолмоқда. Биз уларни босқичма-босқич бартараф этамиз, ушбу тизимни такомиллаштириб, яхши натижа берадиган, жамиятдаги барча соғлом кучларни шу мақсад атрофида бирлаштирадиган даражага етказамиз.

Муҳтож фуқароларни тўғридан-тўғри, аниқ мақсад билан моддий қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли чора-тадбирларни амалга оширишда асосий эътибор аҳолининг кам таъминланган қатламларига дотация бериш эмас, балки уларга даромад топиш учун зарур шароит ва имкониятлар туғдиришга қаратилмоқда.

Иккинчи устувор вазифа: иқтисодий тараққиёт соҳасида ўсиш нуқталарини аниқлаш ва уларга алоҳида аҳамият қаратиш, шу тариқа Янги Ўзбекистон иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш муҳим роль ўйнайди.

Масалан, биз учун ўта муҳим бўлган тўқимачилик тармоғини олайлик. Корхоналаримиз бу соҳада пахтани етиштиришдан бошлаб уни чуқур қайта ишлашгача, якуний маҳсулот ишлаб чиқаришга қадар бўлган барча технологик жараёнларни пухта ўзлаштириб, экспорт ва фойда ҳажмини бир неча баробар оширган тақдирдагина мазкур йўналишда етакчи мамлакатларнинг ишлаб чиқарувчилари билан рақобатлаша олиши мумкин.

Она заминимиз бағридаги бой хомашё ва қазилма бойликларни эл-юртимиз манфаатлари йўлида ишлатиш мақсадида юқори самарали, замонавий технологияларга асосланган ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилмоқда. Шу борадаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли кейинги йилларда Қандим газни қайта ишлаш комплекси, Тошкент металлургия заводи каби йирик ва ноёб объектлар ишга туширилди, Навоий кон-металлургия мажмуаси ҳамда Ўзбекистон металлургия комбинатининг ишлаб чиқариш қувватлари кенгайтирилди. Ана шу ишларимизнинг давоми сифатида яқинда етакчи хорижий компаниялар билан ҳамкорликда лойиҳа қиймати 2 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг янги мис бойитиш фабрикаси қурилиши бошланганидан хабарингиз бор.

Биз иқтисодиётимизни модернизация ва диверсификация қилишда алоҳида аҳамиятга эга бўлган хусусийлаштириш жараёнида фақат давлат корхоналарини сотиш эмас, балки уларнинг рақобатдошлигини ошириш, иқтисодий соҳадаги миллий манфаатларимизни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган мутлақо янги ёндашувларни қўллашга устувор аҳамият бермоқдамиз. Давлат активларини сотишда шаффофлик ва самарадорликни, кенг жамоатчилик иштирокини таъминлайдиган кафолатларни яратиш айниқса ўта муҳимдир.

Учинчи устувор вазифа: биз ҳозирги глобал пандемия даврида аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, жумладан, тадбиркорларни ўз муаммолари гирдобига ташлаб қўймасликни асосий мақсадларимиздан бири сифатида кўрамиз. Чунки ҳар бир тадбиркорлик тузилмаси ортида қанча-қанча инсонларнинг иш ўрни, оилаларнинг даромади, бугунги ва эртанги тақдири турибди.

Янги Ўзбекистонда кичик ва хусусий бизнес субъектлари сони кейинги пайтда икки баробар кўпайди, ушбу тармоқдаги 50 фоиздан зиёд корхоналар фақат кейинги уч йилда ташкил этилган. Бу эса мамлакатимизда муҳим ижтимоий қатлам – ўрта синфнинг кучайиши учун пухта замин бўлмоқда.

Шунинг учун ҳам бизнесни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик ва хусусий мулкни ҳимоя қилиш барча иқтисодий ислоҳотларнинг бош масаласи бўлиб қолмоқда. Тадбиркорлар уларни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги чиройли сўзларни кўп эшитган, энди бу гапларнинг амалий таъсири ва натижасини ўз кундалик фаолиятида ҳис этиши керак.

Бизнес аҳли ҳақида фақат солиқларни тўлаш ва текширишлар пайтида эслайдиган замонлар ўтиб бўлди. Шу нуқтаи назардан, солиқ қонунчилигини мақбуллаштириш борасида биз анча иш қилдик, лекин ҳали олдимизда янада катта вазифалар турибди ва биз уларни албатта амалга оширамиз.

Айрим маҳаллий ҳокимият органлари томонидан тадбиркорлар ишига аралашиш, “телефон ҳуқуқи”дан фойдаланиб, уларга тазйиқ ўтказиш ҳолатлари учраб тургани ҳам бор гап. Биз бундай муаммоларга узил-кесил нуқта қўйиш устида ишлаяпмиз. Агар биз тадбиркорларни қўллаб-қувватламасак, уларга шароит яратиб бермасак, хусусий корхоналар сонини кўпайтирмасак, шаҳар ва туманларнинг маҳаллий бюджети ночор аҳволда қолаверади.

Барчамиз бир ҳақиқатни чуқур англаб олишимиз керак: тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш – фуқаролар, халқимиз фаровонлигини оширишнинг энг самарали йўли, Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг пировард мақсадидир.

Бу соҳадаги мавжуд камчилик ва нуқсонларни ҳал этишда мамлакатимиз ҳаётини янада эркинлаштириш, очиқлик ва ошкоралик муҳитини, жамоатчилик назоратини кенгайтириш муҳим роль ўйнайди, деб ишонаман.

Тўртинчи устувор вазифа: пандемия қишлоқ хўжалигида туб ўзгаришлар амалга оширилаётган даврга тўғри келди. Бу давр озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аграр секторни замон талаблари асосида ривожлантириш бутун инсоният, жумладан, биз учун ҳам энг долзарб вазифага айланиб бораётганини яққол тасдиқлади.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги бўйича улкан салоҳиятга, қадимий тажриба ва бой анъаналарга эга. Аммо узоқ вақт мобайнида ушбу тармоқда бозор иқтисодиётига хос ёндашув ва моддий рағбатлантириш механизмлари жорий этилмади, уни ривожлантиришга маблағ ва илмий инновациялар етарлича жалб қилинмади. Оқибатда ернинг мадори қуриди, тупроқ унумдорлиги пасайди.

Тасаввур қилинг, мустақиллик даврида, яъни, кейинги 30 йилда Ўзбекистон аҳолиси 15 миллион нафарга кўпайди. Бу ўртача бир мамлакат аҳолиси, демакдир. Қолаверса, вақт ўтиши, ҳаёт ўзгариши билан одамларнинг истеъмол талаби ва эҳтиёжлари ҳам муттасил ортиб бормоқда. Еримиз, сувимиз эса кўпаймаслиги табиий, албатта. Бундай ресурслар нафақат бизда, бутун дунёда чекланган. Бинобарин, биз энди ақлимизни, интеллектуал салоҳиятимизни, билим ва тажрибамизни оширишимиз, айнан ана шу омилларни иқтисодий ўсиш нуқталари ва ресурс манбаларига айлантиришимиз шарт.

Бу ниманинг ҳисобидан бўлади? Албатта, бунга билим ва тажриба, тинимсиз ўқиб-ўрганиш, изланиш, янгиликка интилиш, юқори технологияларни жорий этиш, ислоҳотларни самарали олиб бориш ҳисобидан эришиш мумкин.

Шу сабабли биз аграр секторни ялпи ва тизимли трансформация қилишни бошладик. Ушбу соҳани иқтисодиётнинг асосий драйверларидан бирига айлантириш – бош мақсадимиздир. Шу мақсадда 2020-2030 йилларга мўлжаллаб ишлаб чиқилган Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясида тармоқни ривожлантириш борасидаги асосий вазифалар аниқ-равшан белгилаб қўйилди. Хусусан, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат сектори ва қишлоқларни яқин ўн йилда жадал тараққий эттириш режаси кўзда тутилди.

Аграр соҳада ишларни бутунлай янги асосда ташкил этиш орқали тармоқнинг самарадорлиги ва рақобатдошлигини ошириш, ушбу йўналишда минглаб янги иш ўринлари яратиш ва қишлоқ жойларда одамларнинг ҳаёт даражасини юксалтириш сари муҳим қадамлар қўйилмоқда.

Бешинчи устувор вазифа: пандемия даврида халқимизнинг соғлиги ва ҳаётини асраш биз учун энг муҳим вазифа бўлиб қолмоқда. Шу мақсадда 2021 йил учун давлат бюджетида 3 триллион сўм захира шакллантирилди. Ушбу маблағ ҳисобидан тиббиёт соҳасида кўпгина чора-тадбирлар, жумладан, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари амалга оширилмоқда.

Барча тиббиёт муассасаларида масофавий хизматларни кўпайтириш, поликлиника ва касалхоналарни электрон иш юритишга ўтказиш, республика ихтисослашган тиббиёт марказлари ва уларнинг филиаллари ўртасида телемедицина хизматини йўлга қўйиб, диагностика ва даволаш учун жойлардаги имкониятларни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, бирламчи бўғинда умумий амалиёт шифокори штат бирлиги ўрнига оилавий шифокор ва унга ёрдамчи сифатида 5 нафар ўрта тиббиёт ходимидан иборат “тиббий бригадалар” ташкил этилмоқда.

Мамлакатимизда хусусий тиббий клиникалар очишга кенг имкониятлар яратиб берилаётганига қарамасдан, жойларда гемодиализ, тиббий диагностика ва реабилитация хизматлари бўйича шифохоналар етишмаяпти. Шунинг учун давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларни кўпайтириш, 170 та туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмасини компьютер томографлари билан таъминлаш, улардан фойдаланиш бўйича ходимлар малакасини оширишга қаратилган амалий ишлар бошланди.

Тиббиётдаги яна бир мураккаб муаммо – юқори малакали кадрлар етишмаслигидир. Шу боис янги ўқув йилидан бошлаб клиник ординатуранинг қабул квотаси икки баробар оширилади. Вилоят ҳокимликлари ўз ҳудуди учун зарур бўлган ана шундай мутахассис-шифокорларни тайёрлашга маҳаллий бюджетдан грантлар ажратади.

Мамлакатимизда инсон аъзоларини трансплантация қилиш бўйича қонуний асосларни ишлаб чиқишни бошладик. Бу борада норматив-ҳуқуқий базанинг мавжуд эмаслиги туфайли илгари, донорлик қилувчи шахс беморнинг яқин қариндоши бўлмаса, трансплантация учун рухсат берилмас эди. Кўпчилик фуқароларимиз бундай тиббий операцияни чет элда ўтказар, хорижга боришга қурби етмаганлар эса чорасиз аҳволда қолар эди.

Бизни энг қийнайдиган масалалардан бири – соғлиқни сақлаш соҳасидаги коррупция ҳолатларидир. Ўтган йилнинг ўзида тизимда 30 миллиард сўмдан ортиқ маблағни талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди ва айбдорлар қонуний жазога тортилди. Шунинг учун бу соҳада таъсирчан назорат тизимини ўрнатишга, аввало, жамоатчилик назоратини кучайтиришга жиддий аҳамият берилмоқда.

Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, одамлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг тарғиб этиш нафақат тиббиёт соҳаси, балки бутун жамиятимиз олдидаги долзарб вазифадир. Ҳар бир инсон ўз соғлиги ҳақида аввало ўзи ўйлаши, ғамхўрлик қилиши керак. Айниқса, коронавирус пандемияси бутун ер юзида, жумладан, юртимизда ҳам давом этаётган ҳозирги пайтда бунинг аҳамияти беқиёсдир.

Шу боис бепарволикка, лоқайдликка берилишга асло ҳаққимиз йўқ. Коронавирус ҳали ҳам ёнимизда, биз билан бирга яшамоқда. Шунинг учун мамлакатимизда тегишли тиббиёт марказлари, дори-дармон ва ҳимоя воситаларининг етарли захираси шакллантирилди. Ҳудудларда 60 та кислород станциясини ишга тушириб, реанимация ва интенсив даволаш бўлимларини кислород билан узлуксиз таъминлаш бўйича ишлар жадал олиб борилмоқда. Юртимизда вакцина ишлаб чиқариш бўйича амалий ишлар бошланди.

Республикамизда шу йил 1 апрелдан бошлаб аҳолини коронавирусга қарши эмлаш жараёнлари узлуксиз давом этмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, халқимизни ўз соғлиғига масъулият билан қараб, бу хавфли касалликка қарши эмлаш тадбирларида фаол иштирок этишга яна бир бор чақираман.

Олтинчи устувор вазифа: биз янги шароитда маънавий-маърифий ишларни кучайтиришга интилмоқдамиз. Бундай ёндашув – бугунги ва келгуси ривожланишимиз учун мустаҳкам пойдевордир.

Шу маънода, Янги Ўзбекистонни барпо этиш – яқин ва олис тарихимиз, бетакрор ва ноёб маданий бойликларимизни янада чуқур ўрганиб, уларга таяниб, мустақил миллий тараққиёт йўлимизни янги босқичда давом эттириш демакдир.

Кейинги йилларда маданий-гуманитар йўналишда – маданият, кино, рақс ва тасвирий санъат соҳаларини, адабиёт ва китобхонликни ривожлантириш бўйича амалга ошираётган ишларимиз халқимизга яхши маълум, албатта. Хусусан, халқаро мақом анжумани, бахшичилик ва миллий ҳунармандчилик фестивалларини ташкил этганимиз ва юксак савияда ўтказганимиз Янги Ўзбекистонни дунёга кенг тарғиб этишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Миллий тарихимизни холис ва ҳаққоний тадқиқ этиш учун бугунги кунда Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази, Фанлар академияси қошида Ўзбекистоннинг янги тарихи маркази, “Ўзбекистон тарихи” телеканали фаолият кўрсатмоқда.

Ислом дини ривожи йўлида беқиёс хизмат қилган буюк муҳаддис боболаримизнинг диний ва илмий-маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш мақсадида Самарқандда – Имом Бухорий, Сурхондарёда – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, шунингдек, Тошкентда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази иш олиб бормоқда.

Тошкент шаҳрида барпо этилаётган Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази халқимизнинг бой диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва дунёга тарғиб этиш, ёш авлодимизни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялашда беқиёс ўрин тутадиган илм-маърифат марказига айланади.

Биз ҳозирги мураккаб ва шиддатли замонда маънавий-маърифий ишларнинг ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётганини ҳисобга олиб, бу соҳадаги фаолиятимизни янада кучайтиришга алоҳида аҳамият бермоқдамиз. “Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида” ҳамда “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” шу йил март ойида қабул қилинган Президент қарорлари айни шу соҳадаги вазифаларни самарали ҳал этишга қаратилгандир.

Янги Ўзбекистон нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотларда барча соҳалар қатори маънавий-маърифий масалаларга оид ташаббусларни ҳам дадил ўртага қўймоқда. Бу ҳақда сўз юритганда, мамлакатимиз томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясини қабул қилиш бўйича илгари сурилган ташаббус халқаро жамоатчилик томонидан кенг қўллаб-қувватланди. Яқинда мазкур резолюция қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Шунингдек, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтган саммитида илм-фан, таълим, маданият ва санъат соҳаларини, шунингдек, туркий дунё бирлигини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган атоқли шахсларни рағбатлантиришга қаратилган яна бир муҳим ташаббусимиз қабул қилиниб, Туркий кенгашнинг Алишер Навоий номидаги халқаро мукофоти таъсис этилди. Биз буни барча туркий халқларнинг фахру ифтихори бўлган ҳазрат Алишер Навоий бобомизга, шундай улуғ зотларни тарбиялаб вояга етказган халқимизга бўлган юксак ҳурмат-эҳтиром ифодаси, деб биламиз.

Савол. Янги Ўзбекистонни барпо этишда ташқи сиёсатга, дунёдаги олис ва яқин давлатлар билан дўстона ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга алоҳида аҳамият берилмоқда. Бу борада ички ва ташқи сиёсатнинг ўзаро боғлиқ ва уйғун жиҳатлари нималарда намоён бўлади?

Жавоб. Аввало, шуни таъкидлаш керакки, биз мамлакатимиз янгиланиш даврига қадам қўйган биринчи кунлардан бошлаб очиқ, прагматик ва амалий ташқи сиёсат юритиш, дунёдаги барча тараққийпарвар мамлакатлар, айниқса, қўшни давлатлар билан яқин дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратмоқдамиз. Ўзбекистон ўтган даврда ана шу стратегик йўлга доимо содиқ қолиб, ўз шериклари ҳамда халқаро ташкилотлар олдидаги мажбуриятларини тўлиқ бажариб келмоқда.

Ўтган тарихан қисқа даврда юртимизнинг Марказий Осиё минтақаси ва жаҳон миқёсидаги сиёсий ўрни ва нуфузи кескин ошди. Дунёда Янги Ўзбекистонга нисбатан ишонч руҳи ва мамлакатимиз билан ҳамкорликка интилиш тамойиллари кучайди.

Биринчи навбатда, қўшни давлатлар билан муносабатларимизда йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар ҳал этилди. Чегаралар очилди. Қўшни – қўшниси билан, ака – укаси, ота – боласи, қариндош – қариндоши билан узилиб қолган алоқаларни тиклаб, бир мамлакатдан иккинчи давлатга эмин-эркин бориб кела бошлади. Виза масалалари ҳал этилди. Савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларимиз жадал ривожланмоқда.

Азал-азалдан ўзаро қардош ва биродар бўлган мамлакатларимиз кўпгина минтақавий ва глобал масалалар, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт бўйича яқин ҳамкорликда ҳаракат қилишни бошлади. Жаҳон сиёсатшунослигида “Марказий Осиё руҳи” деган ибора пайдо бўлди.

Шу йилнинг 5-6 август кунлари Туркманистонда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви бу жараёнга янги мазмун ва куч бағишлаши билан эътиборлидир.

Ана шу мисолларнинг ўзиёқ ички ва ташқи сиёсатнинг бир-бирига нақадар боғлиқ ва ҳамоҳанг эканини кўрсатади. Энг муҳими, ички ва ташқи сиёсатимиздаги ана шундай уйғунлик халқимиз манфаатларини кўзлаб амалга оширилмоқда ва бунинг натижасини оддий одамлар ўз ҳаёти ва тақдирида ҳис этмоқда.

Яна бир муҳим томони шундаки, Ўзбекистон бугун ўзининг узоқни кўзлаган сиёсати билан минтақамиз ва жаҳондаги сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Парламентлараро Иттифоқ, Европа Иттифоқи, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорлигимиз янги босқичга кўтарилди.

Мамлакатимиз Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлди, Евроосиё иқтисодий ҳамкорлик иттифоқи ҳузурида кузатувчи мақомини олди. Ўзбекистон ўз тарихида биринчи марта БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайланди ва унинг 2021 йил 22 февралда Женева шаҳрида видеоанжуман шаклида бўлиб ўтган 46-сессиясида муваффақиятли иштирок этди.

Ўтган йили мамлакатимиз илк бор Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ташкилотига раислик қилди ва пандемияга қарамасдан, МДҲ доирасида кўзда тутилган 60 дан зиёд барча халқаро тадбирлар самарали ўтказилди, 70 га яқин муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларидаги интеграция ва ҳамкорлик жараёнларини фаоллаштиришда тобора муҳим роль ўйнамоқда. Шу йил 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида ўтказилган халқаро конференцияда мамлакатимиз томонидан илгари сурилган янги таклиф ва ташаббуслар нафақат ушбу бепоён минтақалар давлатларида, балки жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, Марказий Осиёни Ҳинд океани билан боғлайдиган янги транспорт йўлларини барпо этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Конференция Тошкент руҳини яна бир карра намоён этди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолият концепцияси такомиллаштирилмоқда. Ушбу муҳим ҳужжатда ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши бўлган Марказий Осиё давлатлари билан кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва ўзаро ишонч руҳидаги алоқаларимизни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистоннинг асосий хорижий шериклари ҳисобланган Россия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари, Туркия, Германия, Франция, Буюк Британия, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон, Покистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа давлатлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли алоқалари янада кенгаймоқда.

Ўзбекистон Афғонистоннинг яқин қўшниси сифатида бу мамлакатда тезроқ тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишидан манфаатдордир.

Маълумки, Ўзбекистон 2021-2022 йилларда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилади. Ҳозирги вақтда биз бу муҳим сиёсий тадбирни юқори савияда ўтказиш учун жиддий тайёргарлик ишларини олиб бормоқдамиз.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, сўз ва диний эътиқод эркинлиги, гендер тенглик бўйича эришаётган ютуқларимиз нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда изчил мустаҳкамланиб бормоқда.

Дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш ва улар билан алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш мақсадида “Ватандошлар” жамғармаси ташкил этилди.

Жамиятимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ишларимиз сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда. Ҳар йили Халқаро дўстлик куни сифатида кенг нишонланадиган 30 июль санаси Ўзбекистонда “Халқлар дўстлиги куни” деб эълон қилинди. Бу йил ушбу байрам мамлакатимизда биринчи бор кенг нишонланди. Буни ҳам ички ва ташқи сиёсат омиллари бирлашадиган муштарак ҳодиса сифатида қабул қилиш мумкин.

Бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам экологик муаммоларни ҳал этишга жиддий эътибор берилмоқда. Қўшни давлатлар ва жаҳон жамоатчилиги билан биргаликда Орол денгизи ҳалокати оқибатида юзага келган экологик фожиалар таъсирини юмшатишга қаратилган ҳаракатларни қатъий давом эттиряпмиз. Денгизнинг қуриган тубида юз минглаб гектар ўрмон ва бутазорлар ташкил этилмоқда, Оролбўйи ҳудудларида улкан қурилиш ва ободончилик ишлари амалга оширилмоқда. Бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда тузилган Оролбўйи минтақасида инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўп томонлама Траст фонди фаолияти муҳим роль ўйнамоқда.

Бу ҳақда сўз юритганда, Ўзбекистоннинг Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш бўйича БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш ҳақидаги муҳим ташаббуси 2021 йил 18 май куни Ассамблея томонидан бир овоздан маъқулланганини қайд этиш ўринлидир. Ушбу резолюцияни ишлаб чиқишда АҚШ, Россия, Хитой, Туркия, Озарбайжон каби дунёдаги нуфузли давлатлар, жами 50 мамлакат ҳаммуаллиф сифатида иштирок этгани бу ташаббус жаҳон ҳамжамиятида қандай катта қизиқиш уйғотганидан далолат беради.

Савол. Маълумки, ислоҳотлар самараси кўп жиҳатдан раҳбар кадрлар, айниқса, маҳаллий ҳокимларнинг билим ва тажрибаси, сиёсий савияси ва маданиятига боғлиқ. Шу маънода, Президентнинг жойлардаги вакиллари бўлган ҳокимларнинг иш фаолияти Сизни қониқтирадими?

Жавоб. Мен бу ҳақда ўтган йили Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномада ҳам алоҳида тўхталиб ўтган эдим. Нафақат ҳокимлар, балки барча бўғиндаги аксарият катта-кичик раҳбарларда билим ва тажриба, ташкилотчилик салоҳияти, эл-юрт иши учун фидойилик туйғусининг етишмаслиги мени қийнайдиган энг мураккаб масаладир.

Тўғри айтдингиз, жойларда ислоҳотларнинг самарали амалга оширилиши биринчи навбатда ҳокимларга, уларнинг билим ва тажрибаси, ишбилармонлик хусусиятларига боғлиқ. Энг муҳими, улар одамларнинг ишончини қозонган бўлиши шарт. Аҳоли жойлардаги раҳбарларга, уларнинг иши, хизмат ва муомала маданияти, сиёсий, ҳуқуқий ва ахлоқий савиясига қараб, давлат ҳокимиятига баҳо беради. Лекин очиқ айтадиган бўлсак, ҳокимлар, умуман, қуйи бўғиндаги раҳбарларнинг барчаси ҳам эл-юрт ўртасида етарли обрў-эътиборга эга эмас.

Афсуски, кўпчилик раҳбарлар халқнинг ичига кириб, одамларнинг дарду ташвишлари билан яшашни қандайдир иккинчи даражали иш, деб ҳисоблайди. Шунинг учун ҳам улар кўп-кўп масалаларда заиф ва ожиз бўлиб қолмоқда.

Аслида халқ билан мулоқот, доимо инсонлар ташвиши ва муаммоларини ўйлаб яшаш ҳар қандай раҳбар учун биринчи ва муқаддас вазифа бўлиши шарт. Раҳбарлик ва бошқарув маданияти, ҳаётий билим ва тажрибалар қаердан бошланади? Халқ билан бевосита мулоқот қилишдан бошланади. Айниқса, қуйи поғонадаги раҳбарлар ўз дунёқарашини ўзгартириб, оддий фуқарога елкадош бўлиб, тадбиркорга дўст бўлиб ишламаса, биз қанчалик кўп куч ва маблағ сарфламайлик, фармон ва қарорлар қабул қилиб, шароит яратмайлик, жойларда ислоҳотларимизнинг олдинга юриши қийин бўлади.

Яширишнинг ҳожати йўқ – жуда оғир, таҳликали ва шафқатсиз рақобат замонида яшаяпмиз. Дунё шундай шиддат билан ўзгаряптики, кечаги сиёсий-иқтисодий таҳлил ва башоратлар бугунги кунга тўғри келмаяпти. Ўзаро қарама-қаршилик, “савдо урушлари”, экологик муаммолар кучайиб бормоқда. Ана шундай мураккаб шароитда эл-юрт билан ҳамдард, ҳамнафас бўлиб яшамайдиган, ҳаётнинг ўзи тақозо этаётган оддий ҳақиқатларни тушунмайдиган мансабдорларнинг раҳбар сифатида келажаги йўқ. Уларга бирон-бир масъулиятли вазифани ишониб ҳам бўлмайди.

Бир пайтлар мен ҳам ҳоким бўлиб ишлаганман. У вақтлардаги шароитни ҳозирги имкониятлар билан мутлақо солиштириб бўлмайди. Кўп-кўп масалаларда қўл-оёғимиз боғланган эди, ҳамма нарсани “тепа”нинг қош-қовоғига қараб бажаришга тўғри келарди. Энг ёмони, қуйи бўғиндаги муаммолар бўйича юқори идоралардаги салқин кабинетларда ўтирган, қишлоқ ёки овулларда қийналиб яшаётган одамларнинг дарду ташвишларидан бутунлай йироқ бўлган, жойларда аҳвол қандай эканини тасаввур ҳам қилолмайдиган валломатлар қарор қабул қиларди.

Бугун эса ҳокимлар мустақил қарор қабул қилиб, мустақил иш олиб бориш ваколатига эга. Улардан илгаригидек ҳар бир қадамини Тошкентда, марказий идоралардаги мутасаддилар билан келишиш, бўлар-бўлмасга ижозат сўраш талаб этилмайди.

Ҳоким, раҳбар инсон сифатида, ниманидир билмаслиги ёки кўздан қочириши, хатога йўл қўйиши мумкин, буни тушунса бўлади, лекин у ана шу хатоларини тан олмаса, уларни тузатишни истамаса, ўқиб-ўрганишга, янгича ишлашга, ўз билим ва тажрибасини оширишга интилмаса, манфаатпарастлик ва маишатга берилган бўлса, бу ҳолатни мутлақо кечириб бўлмайди.

Менинг асосий талабим – одамларни тушуниш, уларнинг қувончу ташвишлари билан яшаш, ён-атрофдаги вазиятга оддий халқнинг кўзи билан қараш ва баҳо бериш, эл-улусдан ажралиб қолмаслик керак. Шундагина ҳудуд ёки тармоқни бошқариш ва муҳим қарорлар қабул қилишда аниқ самара бўлади.

Ҳар бир раҳбарнинг фаолият мезони – бу халқнинг орзу-умидларини ўзи учун асосий мақсад қилиб, уларни изчиллик билан рўёбга чиқаришдан иборат.

Ҳоким ва вазирларимиз, компания ва банкларимиз раҳбарлари орасида фаол, ишнинг кўзини биладиган, чуқур фикрлайдиган янги авлод вакиллари етишиб келаётгани мени қувонтиради. Улар халқ билан очиқ мулоқот қилмоқда, ташаббус кўрсатмоқда, юқоридан кўрсатма кутиб ўтирмасдан, мустақил ва дадил иш олиб бормоқда.

Афсуски, баъзи етакчи ва мутасаддилар манманликка берилиб, ҳаволаниб, оёғи ердан узилганини билмай қолади. Бу – улар учун ҳақиқий фожиа. Албатта, бундай раҳбарларга бизнинг сафимизда ўрин бўлиши мумкин эмас. Бу нафақат Президентнинг, айни пайтда халқимизнинг, ҳаётнинг талабидир.

Савол. Сиз давлат раҳбари учун халқ билан тўғридан-тўғри мулоқотда бўлиш ўта муҳим аҳамиятга эга эканини доимо таъкидлаб келасиз. Лекин ҳаётда барча масалалар бўйича халқ билан гаплашиш, унинг фикрини олиш имкони борми? Сиз ана шундай “бўшлиқ”ни тўлдиришга қандай эришасиз?

Жавоб. Мен Президент сифатида иш бошлаган биринчи кунларданоқ ўз командамни ҳақиқий ҳолатга мутлақо алоқаси бўлмаган баландпарвоз гаплар ва “чиройли” рақамларни ёқтирмаслигимни айтиб, қаттиқ огоҳлантирганман.

Қанчалик аччиқ ва ноқулай бўлмасин, мен фақат тўғри ва ҳаққоний маълумотни билишни истайман. Бу мен учун тўғри қарорлар қабул қилишга ёрдам беради.

Албатта, бу талабни ҳамма ҳам тушуниб етгани йўқ, ҳалиям эскича усулда маълумот беришга уринишлар бўлиб туради. Лекин мен бундай ҳолатларга йўл қўймасликка ҳаракат қиламан. Ана шу ҳақиқатни тушунмаганларнинг кўпчилиги билан хайрлашдик ва бу масалада талаб доимо қаттиқ бўлади.

Халқимиз, Ватанимиз манфаатлари, жамиятимизнинг келажаги, фарзандларимизнинг бахтини таъминлашга қаратилган бугунги ислоҳот жараёнларининг ўзи шуни талаб этмоқда. Бу борада бошқача йўл тутишга ҳаққимиз йўқ.

Яна бир бор айтаман, раҳбар ва мутасадди шахслар ўртасида кимки ана шу ўткир талабни тушунмаса, қанчалик оғир бўлмасин, улар билан хайрлашамиз.

Менинг мамлакатимиз бўйлаб амалга оширадиган ҳар бир ташрифимдан асосий мақсад – халқ қандай яшаётгани, нима билан нафас олаётганини билишдан иборат. Бу – ўта муҳим масала. Шунинг учун кўп ҳолларда сафар давомида йўналишни тўсатдан ўзгартиришимга тўғри келади. Бундай кутилмаган, ҳеч қандай протоколда қайд этилмаган “маршрут”лар жойлардаги раҳбарларни бўшашмасдан, доимо ишчан ҳолатда туришга ўргатади, деб ўйлайман.

Афсуски, неча бор айтишим, огоҳлантиришимга қарамасдан, жойларда фақат менинг ташрифим олдидан кўча ва майдонларни тозалаш, бир кечада бинолар олдида “майсазор” ва “гулзор”лар пайдо қилиш, умуман, ҳақиқий ҳолатни бўяб кўрсатишдек хўжакўрсин ишлар давом этмоқда. Кўзбўямачилик, одамларни қийнаш, сохта ва баландпарвоз гапларга ўчлик йиллар давомида баъзи раҳбарларнинг қон-қонига шу қадар сингиб кетган эканки, улардан қутулиш қийин бўляпти. Лекин қандай бўлмасин, бу каби иллатларга бутунлай чек қўйишимиз керак. Чунки бундай ҳолатлар ростгўй, сохта гап ва ишни умуман қабул қилмайдиган халқимизнинг асл табиатига мутлақо ётдир.

Маҳаллий ҳокимият идораларининг иши Президент келиб кетиши билан тугамасдан, аксинча, ташрифдан кейин янгитдан бошланиши, ҳатто олдингидан ҳам кўпайиши лозим. Шундагина ишимизда суръат ва сифат бўлади, натижа учун ишлашга ўрганамиз. Илгари ҳокимлар ташрифдан ташрифгача бўлган вақт оралиғида бамайлихотир, таъбир жоиз бўлса, ялло қилиб юрарди, энди эса улар ўз олдига аниқ мақсад ва вазифа қўйиб, халқ билан маслаҳат асосида астойдил ишламоқда. Чунки улар билади: Президент келгуси сафар албатта ҳар бир масала бўйича аниқ натижани сўрайди.

Биз мамлакатимиз тараққиётининг бугунги янги босқичида олдимизда турган долзарб вазифаларни тезкор ҳал қилишда вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш, вазифа ва ваколатларини аниқ белгилаш, шунингдек, уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича янги тизимни жорий этишга алоҳида аҳамият бермоқдамиз. Шу мақсадда махсус қарор ҳам қабул қилдик. Юқорида айтиб ўтилган тоифага мансуб раҳбарларнинг ўринбосарлари ўзларига бириктирилган тармоқ ва соҳалардаги фаолиятининг самарадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти олдида шахсан жавобгар ҳамда Вазирлар Маҳкамаси олдида ҳисобдор экани белгилаб қўйилди. Бошқача айтганда, турли бўғиндаги раҳбар ўринбосарлари ўз бошлиғининг соясида юрадиган вақт ўтди. Энди улар ҳам аниқ вазифалар учун жавоб беради. Шахсий масъулият ва жавобгарлик барча бошқарув идоралари ходимлари учун бош мезон бўлади.

Ҳозирги кунда одамларни қийнаётган муаммоларни жойларда, маҳалланинг ўзида ҳал этишга алоҳида эътибор беряпмиз. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳафтада икки кунни фуқароларни қабул қилишга ажратмоқда. Шунингдек, кунлик қабуллар ўтказиш тизими йўлга қўйилмоқда.

Умуман, ҳар бир ҳокимнинг кабинети “Халқ қабулхонаси”га айланиши лозим. Шунда ҳар қайси раҳбар ҳудуддаги ҳақиқий аҳволдан тўла хабардор бўлади, ишида унум ва самарага эришади.

Албатта, бугунги кунда одамларни қандай масала ва муаммолар ўйлантираётгани, ташвишга солаётганини яқиндан билишда ёрдам берадиган очиқ манбалар, ахборот тармоқлари кўп. Айниқса, телевидение, матбуот, Интернет ҳаёт нафасини, таъбир жоиз бўлса, ҳар бир соҳанинг “юрак уриши”ни аниқ-равшан ҳис қилишда муҳим аҳамиятга эга. Шахсан ўзим оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда берилаётган янгиликлар, улар орқали билдирилаётган долзарб фикрлар, жамоатчиликнинг диққат-эътиборини тортаётган воқеа-ҳодисалар билан имкон қадар бевосита танишиб боришга ҳаракат қиламан.

Бир сўз билан айтганда, замонавий ахборот технологиялари ривожланган бизнинг давримизда реал ҳаётдан бутунлай узилиб қолиш мумкин эмас. Шунга қарамасдан, халқ билан турли кўринишдаги, дейлик, бу режадаги тадбир бўладими ёки маҳалла, туман, қайсидир муассасага кутилмаган ҳолатда кириб бориш орқали бўладими, умуман, бевосита мулоқот ҳамиша керак, деб ҳисоблайман.

Фуқаролар, кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинаётган барча муаммолар эътибор қаратишни талаб этади. Уларни инкор қилиш мумкин ҳам эмас. Албатта, жамиятдаги қонун бузилиши, адолатсизлик, инсон ҳуқуқларига беписанд муносабат, коррупция билан боғлиқ ҳолатларга бепарво қараб бўлмайди. Тизимли тус олган ёки жузъий муаммо бўладими, уларнинг барчасига дарҳол муносабат билдириб, тагига етиш ва ҳал этиш зарур.

Масалан, кейинги йилларда туб ислоҳотлар даврига қадам қўйган мамлакатимизда тараққиёт кушандаси бўлган иллат – коррупцияга қарши изчил кураш олиб борилмоқда. Мисолларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2020 йилда турли даражадаги мансабдорлар томонидан содир этилган жиноятлар учун 1723 шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Улар томонидан етказилган зарар 500 миллиард сўмни ташкил этган. 2021 йилнинг беш ойида эса 1696 нафар мансабдорга нисбатан жиноий иш очилган. Етказилган зарар 450 миллиард сўмни ташкил этмоқда.

Ҳеч шубҳасиз, бу моддий зарарлар айбдорлардан ундириб олинади. Коррупция балосини жамиятимиз ҳаётидан йўқ қилишга қаратилган сиёсат келгусида ҳам қатъий давом эттирилади.

Савол. Юртимизда аҳоли учун энг долзарб ва ўткир ҳаётий масала бўлган замонавий тураржойлар, жумладан, арзон уй-жойлар қуришга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу йўналишдаги ишларнинг кўлами истиқболда қандай бўлади?

Жавоб. Мамлакатимизда кейинги йилларда замонавий уй-жойлар қуриш бўйича янги давр бошланди, деб бемалол айтиш мумкин. Бунинг тасдиғини сўнгги тўрт йилда аввалги йилларга нисбатан 4-5 баробар кўп уй-жойлар барпо этилгани, бу йилнинг ўзида 54 минг оилани янги уй-жойлар билан таъминлаш бўйича кенг кўламдаги қурилиш ишлари олиб борилаётгани мисолида яққол кўриш мумкин.

Биз ўз олдимизга қўйган эзгу мақсад – халқимизни рози қилиш йўлидаги улкан вазифалар, ислоҳотларимиз, қолаверса, бугунги ҳаётнинг ўзи замонавий уй-жойлар қуриш суръати ва сифатини янада оширишни талаб этмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, биз илгари уй-жой қурилишига замон талабларидан келиб чиқиб, бундай кенг ёндашмаганмиз ва ҳозиргидек кенг кўламдаги қурилиш ишларини амалга оширмаганмиз.

Биз бу йўлда дастлабки қадамларни қўйиб, катта тажриба орттирмоқдамиз. Барча ҳудудларимизда аҳоли учун қулай ва шинам, барча замонавий шароитларга эга бўлган уй-жойлар барпо этилмоқда. Ипотека бозори ривожланмоқда. Ҳаётимизга “арзон уй-жойлар”, “ақлли уй”, “ақлли шаҳар”, “рақамли хизматлар” деган янги тушунча ва кўникмалар кириб келмоқда.

Келгусида уй-жой фондини шундай даражага олиб чиқишимиз керакки, аҳолининг барча қатламлари уй-жой сотиб олиш ва бу борада танлаш имконига эга бўлиши лозим.

Албатта, бу борада турли муаммолар ҳам мавжуд ва биз уларни жойлардаги маҳаллий бошқарув органлари билан биргаликда ҳал этяпмиз.

Мисол учун, кўпқаватли уйлар оралиғидаги бўш жойларда қурилишлар қилиш, мораторий эълон қилинганига қарамасдан, дарахтларни кесиш, яшил ҳудудларни камайтириш ҳолатлари кўпчиликни ранжитмоқда. Баъзи раҳбарларнинг бепарволиги ёки манфаатпарастлиги туфайли тураржой мавзеларида одамлар сайр қиладиган, спорт билан шуғулланадиган, фарзандлари билан бирга тоза ҳавода дам оладиган очиқ жойнинг ўзи қолмаяпти.

Албатта, биз бундай ҳолатларга нисбатан қатъий чоралар кўрмасдан туролмаймиз. Шунинг учун ҳам Тошкентда ва бошқа йирик шаҳарларда янги қурилишларни шаҳар ташқарисидаги ҳудудларда амалга ошириш чоралари белгиланмоқда. Тураржой мавзелари ичида коммунал инфратузилмалар – газ, электр энергияси, ичимлик суви ва канализация тармоқларини модернизация қилмасдан, янги бинолар қуриш амалиётига барҳам берилди.

Савол. Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, билим ва қобилиятини рўёбга чиқариши учун зарур шароитлар яратилмоқда. Юртимизда 2021 йилнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб эълон қилингани бунинг яна бир амалий ифодаси бўлди. Янги Ўзбекистонни бунёд этиш жараёнида ёшларнинг ўрни ва асосий вазифалари нималардан иборат, деб биласиз?

Жавоб. Ёшлар – халқимизнинг асосий таянчи ва суянчи. Кенг кўламли ислоҳотларимизни самарали амалга оширишда улар ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқмоқда. Айнан замонавий билим олган, илғор касб-ҳунарларни, инновацион технологияларни, хорижий тилларни пухта эгаллаган ўғил-қизларимиз мамлакатимизни янада тараққий эттиришда етакчи ўрин тутади.

Маълумки, ёшлар янгича фикрлашга, янги-янги ғояларни дадил ўртага ташлаб, уларни амалга оширишга, муаммоларни ижодий ва ностандарт ёндашувлар асосида ҳал этишга мойил бўлади. Шунинг учун ҳозирги кунда ёш авлод вакилларининг билим олиши, илм-фан, инновациялар, адабиёт, санъат ва спорт соҳасидаги истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариши, уларнинг жамиятимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиши учун барча шароитларни яратишга устувор аҳамият бермоқдамиз.

Имом Бухорий бобомиз тўплаган муборак ҳадислардан бирида: “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, деб айтилади.

Буюк алломаларимиз ана шундай ҳикматларга амал қилиб, илм-фан соҳасида буюк кашфиётларни амалга оширганлари ва умумбашарий тафаккур ривожига беқиёс ҳисса қўшганлари тарихдан яхши маълум.

Ана шундай қутлуғ анъаналарни давом эттириб, юртимизда янги хоразмийлар, фарғонийлар, берунийлар, ибн синолар, мирзо улуғбеклар, навоийларни тарбиялаб етказиш – нафақат вазифамиз, балки тарих ва келажак олдидаги муқаддас бурчимиздир.

Биз бу йўлда катта ишларни бошладик. Мамлакатимизда юқори билим ва малакага эга бўлган, рақобатдош кадрлар тайёрлаш мақсадида олийгоҳлар сони 141 тага етказилди, 26 та хорижий олий таълим муассасасининг филиаллари очилди. Ҳолбуки, 2016 йилда республикамиздаги олийгоҳларнинг сони 77 та эди. Қисқа муддатда бу борада қарийб икки баробар ўсишга эришганимиз, ҳеч шубҳасиз, ёшларимиз, бутун жамиятимизнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, замонавий билим, касб-ҳунарларга янада яқинлаштириш йўлидаги ҳаракатларимиз натижасидир.

Кейинги беш йилда олий таълимга қабул квотаси 3 баробар оширилиб, жорий йилда 182 минг нафар ёшлар учун талаба бўлиш имконияти яратилди. Бу – умумий қамров 28 фоизга етди, деганидир. Ўзингиз қиёслаб кўринг, 4 йил аввал бу рақам атиги 9 фоизни ташкил этарди. Бу борада давлат грантлари 21 мингтадан 47 мингтага кўпайтирилгани, ўтган йилги тажрибамизни янги босқичга кўтариб, эҳтиёжманд оилаларга мансуб 2 минг нафар қизларга бу йил олийгоҳларга кириш учун алоҳида грантлар ажратилгани ёшларимиз келажагини таъминлашга қаратилган амалий эътиборимиз намунасидир.

Биз 2030 йилга қадар мактаб, лицей ва коллеж  битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 50 фоизга етказишни режа қилганмиз ва бунга албатта эришамиз.

Бу йил Тошкент шаҳрида энг юксак халқаро талабларга жавоб берадиган “Янги Ўзбекистон” университети ташкил этилди. Ушбу университет мамлакатимиздаги барча олий ўқув юртлари учун намуна бўлади. Энг билимли ва истеъдодли ёшларимиз шу ерда ўқийди.

Биз узлуксиз миллий таълим-тарбия тизимининг барча босқичларини уйғун ва мутаносиб ривожлантиришга алоҳида эътибор бермоқдамиз. Охирги тўрт йилда болаларимизни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси илгариги 27,7 фоиздан 2 баробар ортиб, 60 фоизга етгани, боғчалар сони эса 3 марта кўпайиб, 14 мингдан ошгани ана шундай ислоҳотларимиз натижасидир.

Ҳозирги вақтда юртимизда “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” деган ғоя асосида мактаб таълими тизимида ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Тошкент шаҳрида ва ҳудудларимизда Президент мактаблари, ижод ва ихтисослашган мактаблар сони кўпайиб бормоқда.

“Беш муҳим ташаббус” дастури, “Баркамол авлод” марказлари доирасида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун бу йилнинг ўзида 36 мингта қўшимча тўгарак ташкил этилиб, 874 мингга яқин бола уларга жалб этилди. Шунингдек, таълим муассасалари, кутубхона ва ўқув марказларига қарийб 100 мингта санъат ва спорт инвентарлари, компьютерлар, 600 мингга яқин китоб етказиб берилди.

Айниқса, навқирон ўғил-қизларимизнинг тадбиркорлик соҳасидаги ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқариш, уларни иш ва даромад манбаи билан таъминлашга давлат миқёсида катта аҳамият берилмоқда. Ана шундай эътибор туфайли сўнгги тўрт йилда 30 ёшгача бўлган тадбиркорлар сони 5 баробар кўпайиб, 500 мингдан ошгани, ҳеч шубҳасиз, ушбу соҳа ривожида муҳим роль ўйнамоқда. Бу йилнинг ўзида 92 мингдан зиёд ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун 2 триллион 300 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилгани бундай ёшларимиз сафини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Маҳаллаларда ташкил этилаётган касб-ҳунарга ўқитиш курсларида минглаб ўғил-қизларимиз меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларни эгалламоқда.

Бу йилдан бошлаб, ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб, қишлоқларда ёшларга 10 сотихдан 1  гектаргача ер майдонлари ажратиш бошланди. Натижада қишлоқда яшаётган 230 мингдан ортиқ ёшга 61 минг гектар ер майдони ажратиб берилди. Шунингдек, ғалладан бўшаган ерлардан яна 75 минг гектари 170 минг нафар ёшларга такрорий экинлар экиш учун ажратилди.

Ёшлар ўртасида камбағалликни камайтириш, уларни ўзини ўзи банд қилишга рағбатлантиришда “Ёшлар дафтари”, ёшлар дастурлари доирасида амалга оширилаётган ишларимиз муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Шу йилнинг 8 ойи мобайнида “Ёшлар дафтари”га киритилган 430 минг нафар йигит-қизнинг муаммоларини ҳал этиш учун 300 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Жумладан, “Темир дафтар”даги оилалар фарзандлари бўлган 2 мингдан зиёд талабанинг контракт пуллари тўлаб берилди.

Бу йилдан бошлаб иш берувчиларга уларнинг 25 ёшдан ошмаган ишчи-ходимлари учун ҳисобланган ижтимоий солиқ миқдорини бюджетдан тўлиқ қайтариб бериш тартиби жорий қилинди. Натижада жорий йилнинг иккинчи ярмида 170 миллиард сўм, келгуси йилда эса 500 миллиард сўм маблағ 240 минг нафар ёшни ишга қабул қилган тадбиркорлар ихтиёрида қолади.

Талаба ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги тизим асосида ётоқхона билан таъминланмаган 62 минг нафар ўғил-қизларимизга ойлик ижара тўловининг 50 фоизи бюджетдан тўлаб берилди.

Албатта, бу борадаги ишларимиз нафақат изчил давом эттирилмоқда, балки янада юқори босқичга кўтарилмоқда. Шу мақсадда 2021 йил 13 июлда қабул қилинган “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон бу фикрни тасдиқлайди.

Мазкур ҳужжатда мамлакатимиз ёшлари учун қўшимча 30 дан ортиқ янги имтиёз ва имкониятлар яратиш кўзда тутилган. Ана шундай имкониятлардан фақат биттаси ҳақида фикр юритмоқчиман. “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг олийгоҳларда таълим олаётган фарзандларининг 2021-2022 ўқув йилидаги контракт пули биринчи ўқув йили учун Давлат бюджети ҳисобидан тўлаб берилади. Бундай имкониятдан юртимиз бўйича 4 мингдан зиёд оилалар фарзандлари фойдаланади. Бунинг учун бюджетдан 29,2 миллиард сўм ажратилади.

Юртимизда ота-онасидан ажраган, меҳрга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим-тарбия олиши, иш жойи ва уйига эга бўлиши, жамиятда муносиб ўрин топиши, “Меҳрибонлик уйлари”, махсус мактаб-интернатлар ва “Болалар шаҳарчаси”нинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга жиддий эътибор берилмоқда.

        

Айниқса, “Меҳрибонлик уйлари”даги болаларни оилага яқин муҳитда тарбиялаш, билимли, касб-ҳунарли ва маънавиятли, ватанпарвар инсонлар этиб вояга етказиш – ҳаммамизнинг муқаддас бурчимиз. Шуларнинг барчасини ҳисобга олиб, “Меҳрибонлик уйлари” ва махсус мактаб-интернатларда таълим-тарбия самарадорлигини ошириш бўйича янги тизимни жорий этмоқдамиз.

Ана шундай ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчиларининг муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳал этиш, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқариш бўйича янги тизим – “Меҳр дафтари” жорий этилмоқда. Шунингдек, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш тартиби белгиланди. Унга кўра, ўзига бириктирилган уй-жойга эга бўлмаган ва тураржойга муҳтож сифатида ҳисобда турган ана шундай болаларга улар 18 ёшга тўлган йили умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали, вояга етган болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолатларда эса 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилади.

Ўйлайманки, инсонпарварлик руҳи билан йўғрилган бундай ислоҳотларимиз буюк Алишер Навоий бобомизнинг битта кўнгли ўксик одамни хурсанд қилиш – Каъбани обод этиш билан баробар, деган теран маъноли сўзларига, меҳр-оқибат, саховат ва олижаноблик каби фазилатларни доимо қадрлаб, улуғлаб яшайдиган халқимизнинг орзу-интилишларига ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир.

Мен юртимизнинг қайси ҳудуди, шаҳар ва қишлоғида бўлмайин, албатта у ердаги ёшлар билан учрашаман. Очиқ ва самимий суҳбатларда уларнинг соғлиги, ўқиши, орзу-интилишлари, қишлоғи ёки маҳалласидаги шарт-шароитлар билан қизиқаман.

Биласизми, дунёдаги давлатлар, халқларнинг ривожланиш даражасини кўрсатадиган мезонлар, параметрлар кўп. Лекин мен учун шу борадаги энг муҳим мезон – бу ёшларимизнинг бахти, камолидир.

Янги Ўзбекистоннинг нафаси, суръати ва шиддатини аввало азиз ўғил-қизларимизнинг азму шижоати, дадил фикр ва таклифларида, эришаётган дастлабки ютуқларида кўраман.

Яқинда 30 июнь – Ёшлар кунида навқирон авлодимиз вакиллари билан яна бир бор учрашиб, уларнинг турли соҳалардаги изланишларини кўриб жуда хурсанд бўлдим.

Ишончим комилки, фарзандлари доимо изланиш ва интилишда бўлган, юксак марраларни кўзлаб, олдинга қараб интиладиган халқ ва давлат ўз олдига қўйган мақсадларга албатта етади. Чунки бундай ҳаракатлар эртага қудратли тўлқинга айланиб, ҳаётимизни бугун кечагидан, эртага бугунгидан яхши ва обод қилиш, онгу тафаккуримизни юксалтиришга олиб келади.

Савол. Мамлакатимизда кейинги йилларда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида эришилаётган ютуқлар ҳақида сўз борганда, хотин-қизларнинг ўқиши, билим олиши, меҳнат қилиши, уларнинг соғлигини сақлаш, истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенглик бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар биринчи навбатда тилга олинмоқда. Бунинг сабаби нимада?

Жавоб. Бунинг сабаби оддий, албатта. Чунки дунёдаги ҳар қандай халқ, давлат ва жамиятнинг тараққиёт ва маданият даражаси аввало уларнинг хотин-қизларга бўлган муносабати билан белгиланади.

Аёл бор экан, оила деган муқаддас қўрғон, фарзанд деган бебаҳо неъмат бор. Аёлларимиз бахтли бўлса албатта оиламиз, жамиятимиз ҳам бахтли бўлади.

Хотин-қизлар барча соҳа ва тармоқларда эркаклар билан тенг ҳуқуққа эга бўлиб, юксак ҳурмат-эҳтиромда яшаган мамлакатда албатта тинчлик ва ҳамжиҳатлик, ўсиш ва юксалиш бўлади.

Шунинг учун ҳам биз учун буюк Она тимсоли бўлган аёл зотини халқимиз азал-азалдан улуғлаб, эъзозлайди.

Одамзотга асрлар давомида меҳр туйғусини сингдириб, уни гўзаллик, вафо ва садоқат, ватанпарварлик руҳида тарбиялаб келаётган азиз ва мукаррам зот ҳам оналаримиздир.

Бу ҳаётда нимага, қандай ютуқ ва натижаларга эришган бўлсак, уларнинг барчаси мунис ва меҳрибон оналаримиз туфайлидир. Шунинг учун биз хотин-қизларимиз олдида доимо қарздорлик ҳисси билан яшаймиз. Уларга ҳар қанча меҳр ва эътибор кўрсатсак, арзийди.

Юртимиз аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этадиган муҳтарама оналар, опа-сингилларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш борасида давлат сиёсатини олиб боришда биз айнан ана шундай қадриятларга таянамиз.

Кейинги йилларда бу муҳим масаланинг амалий ижросига қаратилган 24 та ҳужжат, жумладан, 2 та қонун, Президентнинг 6 та фармон ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 16 та қарори қабул қилингани опа-сингилларимизга бўлган юксак эътибор ва ғамхўрлик ифодасидир.

Ҳурматли аёлларимиз ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида фаол иштирок этиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишга беқиёс ҳисса қўшмоқдалар. Уларнинг орасида депутат ва сенаторлар, вазир ва ҳокимлар, академиклар, профессорлар, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, Халқ ўқитувчилари, Халқ шоирлари, Халқ артистлари борлигини барчамиз яхши биламиз.

Бугунги кунда мамлакатимизда Гендер тенгликни таъминлаш бўйича комиссия, Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши каби тузилмалар опа-сингилларимизнинг манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим роль ўйнамоқда.

Мамлакатимизда хотин-қизларни иш ўринлари, уй-жой билан таъминлаш, уларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда. Бу борада аёлларни касб-ҳунарларга қайта ўқитиш марказлари жорий этилгани, арзон уй-жойлар дастури амалга оширилаётгани муҳим аҳамиятга эгадир. Ҳар йили оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларнинг уй-жой бўйича бошланғич бадаллари давлат бюджети ҳисобидан тўлаб берилмоқда.

Жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган, турли соҳаларда ибратли натижаларга эришаётган, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган опа-сингилларимиз 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами, Мустақиллик куни, турли касб байрамлари муносабати билан давлатимизнинг юксак мукофотлари, шунингдек, “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланмоқда.

Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган қизларнинг сони 367 нафарга етгани ҳам ана шундай ишларимиз қаторига киради.

Суҳбатимиз бошида айтилганидек, “Аёллар дафтари” тизими асосида хотин-қизлар ўртасида камбағаллик ва ишсизликни тугатиш бўйича изчил иш олиб борилмоқда.

Савол. Юртимизда хонадонларимизнинг файзу фариштаси бўлган кекса авлод вакиллари, муҳтарам фахрийларимизга алоҳида меҳр ва ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда. Бу борадаги амалий ишларнинг келгуси ривожи ҳақида ҳам фикрингизни билмоқчи эдик.

Жавоб. Мен ҳар доим бугунги тинч-осойишта, эркин ва фаровон ҳаётимиз ҳақида ўйлаганимда, бундай ёруғ кунларга етиб келишда қанча-қанча авлод вакиллари, ота-боболаримиз тинимсиз меҳнат қилганлари, ўз бошига тушган барча синов ва машаққатларни сабр-матонат билан енгиб ўтганларини чуқур миннатдорлик билан эслайман. Улар ўзлари қийналиб бўлса ҳам бизни шундай тинч ва дориломон кунларга етказганлари – бу ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган улкан жасорат, фидойилик ва қаҳрамонликдир.

Шунинг учун бундай мард ва олижаноб аждодларимиздан ўтганларининг хотирасини улуғлаб, ҳамиша чуқур ҳурмат-эҳтиром билан ёд этиш, бугун орамизда яшаб келаётган муҳтарам нуронийларимизни ҳар томонлама ардоқлаш – муқаддас бурчимиздир.

Энг муҳими, бундай савобли ишларимиз ёшларимиз учун ҳам тарбия ва ибрат мактабига айланади.

Албатта, сиз, журналистларга яхши маълум – юртимизда кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг мазмунли умр кечириши учун зарур шароитларни яратиш борасида катта ишлар қилинмоқда. Хусусан, пенсия ва нафақаларни расмийлаштириш, уларни ўз вақтида тўлаш, турли ижтимоий хизматлардан фойдаланиш билан боғлиқ қийинчилик ва муаммолар бартараф этилди. Жамиятимиз ҳаётида фаол иштирок этиб келаётган отахон ва онахонларимиз “Нуроний” жамғармаси томонидан моддий ва маънавий рағбатлантирилмоқда.

Кекса авлод вакилларининг саломатлигини асраш, уларга республикамиздаги турли санатория ва дам олиш уйларига имтиёзли йўлланмалар бериш, байрам кунларида уларни алоҳида қутлаб-табриклаш, доимий иззат-ҳурмат кўрсатиш эзгу анъанага айланиб бормоқда.

Такрор айтаман, ўз вақтида бор куч-ғайрати, билим ва салоҳиятини Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги учун бағишлаган бундай табаррук инсонлар олдида биз бир умр қарздормиз. Муҳтарам нуронийларимизнинг ҳаётини янада файзли қилиш, улар ўзларининг бой тажрибаси, фойдали маслаҳатлари билан ижтимоий ҳаётимизда, айниқса, Янги Ўзбекистон ёшларини тарбиялашда янада фаол иштирок этишлари учун қўшимча имкониятлар яратамиз.

Бу масалаларга алоҳида урғу бериб гапираётганим албатта бежиз эмас. Биз Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида халқимизни рози қилишни ўз олдимизга улуғ мақсад қилиб қўйган эканмиз, буни жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси ўз ҳаётида сезиши, ҳис этиши биз учун ғоят муҳимдир.

Ҳозирги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида уч авлод вакиллари ўртасида самимий учрашувлар ўтказилаётгани, уларда муҳтарам нуронийларимиз ҳам фаол иштирок этиб, ўзларининг меҳнат ва ҳаёт тажрибаси, бугунги тинч ва ёруғ кунларнинг қадр-қиммати ва аҳамияти ҳақида билдираётган фикрлари ёшларимиз учун чинакам тарбия мактаби бўлиб хизмат қилмоқда.

Савол. Энг улуғ ва энг азиз айём – Мустақиллик байрамимиз арафасида газетамиз саҳифаларида турли касб эгалари бўлган юртдошларимизнинг эзгу тилаклари бериб борилмоқда. Сиз Ватанимиз мустақилликка эришган биринчи кунлардан бошлаб мамлакатимизда янги давлат ва жамият қуриш жараёнларида фаол иштирок этиб келган атоқли раҳбар, бугунги кунда эса Янги Ўзбекистонни барпо этиш концепциясининг ташаббускори ва уни амалга ошириш йўлидан бутун халқимизни дадил олдинга бошлаб бораётган миллий етакчи, Президент сифатида ушбу байрам муносабати билан халқимизга қандай тилаклар билдирган бўлардингиз?

Жавоб. Албатта, мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан биз барча соҳа ва тармоқлар бўйича тараққиётимиз якунларини чуқур сарҳисоб қилиб, келгуси режаларимизни янада аниқ белгилаб оламиз. Айниқса, юртимиздаги ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, халқимизнинг янада эркин ва фаровон яшашига эришиш биз учун бундан буён ҳам бош мақсад бўлиб қолади.

Мен учун Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатидаги фаолиятимнинг маъно-мазмунини ташкил этадиган энг улуғ мақсад –халқимизнинг тинч ва осойишта, эркин ва фаровон ҳаёт ҳақидаги орзу-умидларини рўёбга чиқариш йўлида сидқидилдан фидокорона хизмат қилишдан иборатдир.

Барчамизга ризқ-насиба берган, оқ ювиб, оқ тараб вояга етказган эл-юртимиз олдида биз ҳамиша қарздормиз. Азиз ва ардоқли халқимизнинг розилигига эришиш – биз учун энг буюк саодатдир. Чунки халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам рози бўлади.

Неча-неча аждодларимиз орзу-ният қилиб ўтган мана шундай буюк ишларни амалга ошириш бугун бизга насиб этган экан, бу ўзлигини англаган ҳар бир ватандошимиз учун чинакам бахт ва шараф эмасми?

Ишончим комил, биз жонажон Ватанимизга бўлган чексиз меҳримиз ва садоқатимизни муқаддас байроқ қилиб, бор билим ва тажрибамиз, ақл-заковатимизни ишга солиб, ягона халқ, ягона миллат бўлиб, кўзлаган эзгу мақсадларимизга албатта етамиз.

Янги Ўзбекистон жаҳон майдонида кучли салоҳият, муносиб обрў-эътиборга эга бўлган, ҳар томонлама обод ва фаровон  мамлакатга айланади.

Мен бунга нафақат ишонаман, балки шу йўлда бор билим ва тажрибамни, куч-ғайратимни сафарбар этишга ҳамиша тайёрман. Барча юртдошларимизни ана шундай улуғ сафда – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари қаторида бўлишга даъват этаман.

Бугунги имкониятдан фойдаланиб, кўпмиллатли халқимизни яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами билан чин қалбимдан табриклайман. Ҳар бир хонадон, ҳар бир ватандошимизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака, бахту саодат доимо ёр бўлишини тилайман.

https://president.uz/uz/lists/view/4547

Read 1561 times

Мақолалар

Top