Мақолалар

Суратию сийрати гўзал инсон эдилар

Халқимиз бошига оғир синов тушди, мўмин-мусулмонларимиз катта мусибатга рўбарў келишди. Умрини Ислом дини хизматига атаган, халқимизни маърифатли қилиш йўлида тинмай меҳнат қилган таниқли уламо, Шайх Усмонхон Алимов ҳазратлари Аллоҳ таолога омонатини топширдилар.

Муфассир, буюк қалб эгаси, забардаст олимнинг юртимиздан етишиб чиқиб, шу элга хизмат қилгани, аслида, Аллоҳ таолонинг марҳамати ва раҳматидир. Қуръони каримда: «Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур» (Мужодала сураси, 11-оят).

Бу ояти карима бандалар орасида олимларнинг фазлини, мартабасини белгилаб берибгина қолмай, уларнинг сўзлари аҳамиятини, гапларининг теран ва пурмаъно эканлигини ҳам ифодалайди.

Мен марҳум устозимиз, фазилатли Шайх Усмонхон Алимов ҳазратларининг сийратию суратида мазкур оятнинг инъикосини кўп кўрганман. Ҳануз эсимда, 2006 йил марҳум аллома Ўзбекистон мусулмонлари идорасига раис бўлиб сайланганида, дастлаб халқимизни маърифатли қилиш, кўпроқ илм билан шуғулланиб, элга зиё таратиш зарурлигини таъкидлаган эдилар.

У кишининг бу гаплари сўзлигича қолиб кетмади. Ўзлари бу борада намуна бўлиб, дастлаб “Сўраган эдингиз...” номли рисолаларни таълиф этдилар. Табиийки, савол-жавоб тарзидаги бу рисолалар халқимизга жуда манзур бўлди. Ҳазратнинг “Сўраган эдингиз...” рисолаларидан савол-жавобларни кўплаб газеталар кўчириб босди.

Шайх ҳазратнинг “Расулуллоҳнинг муборак васиятлари” номли китобида келтирилган ҳадисларни ўқисангиз, худди бугун сизу бизга айтилгандек таассурот уйғотади кишида. Айниқса, бугун тобора тақчил бўлиб бораётган одоб-ахлоқ, каттага ҳурмат, кичикка иззат каби миллий қадриятларимиз, маънавиятимиз, маърифатимизни шу китобдан ўқиб ўрганамиз.

Ҳадиси шарифда Набиййи муҳтарам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир. Албатта, анбиёлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди”, деганлар (Имом Ау Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Мана шу ҳадисни ўқисам, марҳум устозимиз қаламига мансуб “Тафсири ирфон”, “Расулуллоҳнинг муборак васиятлари”, “Расулуллоҳ мўъжизалари”, “Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Ёшлар – келажагимиз”, “IX–XI асрларда Самарқандда калом илмининг ривожланиши”, “Суннат ва ҳадис”, “Илмнинг фазилати”, “Эҳсоннинг фазилати” каби асарлари кўз олдимда гавдаланади.

Ҳадисда айтилганидек, Усмонхон Алимов пайғамбарлардан улуғ насибани олиш баробарида уларни халққа, юртимиз мўмин-мусулмонларига етказдилар ҳам.

Имом Раббоний ҳазратлари мазкур ҳадисни шарҳлаб: “Набийлардан мерос қолган ҳукм ва сирларга кўра илм икки турли бўлади. Ҳукмларга доир ва сирларга доир… Пайғамбарларга ворис бўлган киши ҳар иккаласидан ҳам улуш олган бўлиши лозим”, деганлар.

Усмонхон Алимов ҳазратлари ана шу икки жиҳатни ҳам ўзида мужассамлаштирган эдилар. Аввало, у киши саййидлар, яъни Пайғамбаримиз авлодидан эдилар. Қолаверса, марҳум устозимиз катта олим ва обид, тақводор зот эдилар.

Ҳазрат фақат мамлакатимизда ёки Марказий Осиё давлатларида эмас, балки бутун Ислом оламида таниқли бўлганлар. Сўз – исботи билан, деганларидек, Уммон Султонлиги Исломий стратегик тадқиқотлар маркази томонидан 2019 йил 30 сентябрда эълон қилинган “Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатидан муносиб ўрин эгалладилар. У киши ўтган 11 йилдан буён ушбу рўйхатдан мустаҳкам жой олганлар.

Яна бир муҳим жиҳат. Муфтий ҳазрат юртимизнинг қайси ҳудудига борсалар, масжидларда намозхонлар билан учрашиб, дилдан суҳбатлашиб, уларга юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг гўзал натижалари ҳақида хушхабар берар эдилар. Мисол учун, Андижон вилоятидан бошланган ташрифлар давомида Шайх ҳазрат намозхонларга хушхабарлар бериб, уларга тез орада юртимизда диний соҳада катта ўзгаришлар бўлишини таъкидлаган эдилар.

Орадан унча кўп вақт ўтмай, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ва “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида қўшимча Қуръон ўргатиш курслари фаолият бошлаганидан хабаримиз бор. Бу хайрли ишлар ҳозир ҳам давом этяпти, алҳамдулиллаҳ.

Тошкент вилоятига ташрифлари асносида пойтахт билан водий вилоятларини боғловчи йўллар бўйида янги масжидлар қурилишини, ичкарироқда жойлашган жомелар кўчалар юзларига чиқарилиши айтган эдилар. Ҳозир бу ишлар изчил давом эттириляпти.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг гўзал бир сўзи бор: “Олимлар юлдузларга ўхшайди. Агар кўриниб турса, одамлар улар билан йўлларини топиб оладилар. Агар кўздан ғойиб бўлишса, атрофни зулмат қоплаб, оломон қаёққа юришни билмай ҳайрон қолади. Олимнинг ўлими билан Исломда бўшлиқ пайдо бўлади. Вақт ўтса-да, бу бўшлиқни бирор нарса тўлдира олмайди”.

Афсуски, марҳум устозимиз Усмонхон Алимов ҳазратлари ўзларининг гўзал хулқлари, ажойиб фазилатлари, юксак инсоний хислатлари, устозларча ғамхўрликлари билан орамизда асло тўлдириб бўлмайдиган бўшлиқни қолдириб кетдилар. У зот ортидан илмий мерослар – китобларни, қори фарзандларни қолдирдилар. Иншоаллоҳ, қиёматгача у кишининг амал дафтарлари беркилмай, савоблар тўхтовсиз ёзилиб турилади.

Аллоҳ таоло марҳум устозимиз, Шайх Усмонхон Алимов ҳазратларининг маконларини Фирдавс жаннатларидан қилсин, охиратларини обод айласин!

 

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

 

 

Read 1434 times
Tagged under

Мақолалар

Top