Мақолалар

Кулгу ва йиғи

Ҳеч шубҳа йўқки, гоҳида сен оиланг, дўстларинг, қўшниларинг ёки ҳамкасбларинг билан бирон мажлис, йиғин, тўй ёки дам олишда ўтирсанг ва у ерда хурсандчилик кайфияти ҳукм сураётган бўлса беихтиёр куласан, шодланасан. Биласанми, сенга мана шу кулгу қаердан келади?

Бу сенга Аллоҳ таоло берган буюк неъматдир.

Агар оғир дардинг бўлганда кулмасдинг, ҳатто табассум ҳам қила олмасдинг.

Агар жиддий оилавий муаммо бўлганда кула олмасдинг.

Агар тижоратинг буткул касод бўлгани борасида хабар келган бўлганда кула олмасдинг.

Модомики, кулаётган экансан, бунинг маъноси шуки, Аллоҳ сенга кулиш учун имкон бермоқда. Жисминг саломат ва оила аъзоларинг яхшиликда экан, ўзинг ва улар учун етарли маблағинг бор экан, номинг халқ ичида ёмон бўлиб тарқамаган экан. Буларнинг барчаси сени табассуминг, шодлигинг ва кулгингга сабаб бўлмоқда.

Агар ўта ёмон хабар эшитган бўлганингда, Аллоҳ сақласин, масалан оилавий хиёнат борасида сенга оид гап тарқаганда нима бўлар эди. Кулиш тугул бошингни кўтара олмас эдинг.

Фарзандининг ўлими, уй ёки дўконининг ёнганини эшитган одам ичидан кула оладими? Уни буткул хурсандчилик тарк этади.

Кулаётган бўлсангиз Аллоҳга шукр қилинг. У сизга кулишга сабаблар берди. Жисмингиз саломат, оилангиз тинч, номингиз яхши экан. Уйингиз, пулингиз бор экан. Аллоҳ беряпти экан.

Кулишингиз Аллоҳнинг фазли ва инъоми туфайлидир.

Агар Аллоҳ сизни йиғлатаётган бўлса сизни тарбиялаётган, иймонингиз ва сабрингизни имтиҳон қилаётган экан.

Эркак кишини йиғлаганини кўрганмисиз?

Жуда ҳам полвон бўлган эркаклар ёш бола каби йиғлаётган бўлади гоҳида.

Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таолонинг тоғлар ва мана-ман деган мардларни эзиб ташлайдиган мусибатлари бор. (Сизнинг кулгунгиз ана шу мусибатлардан омонда эканингизни билдиради).

Ҳаёт кулгу ва йиғи, бахт ва қайғу ўртасида кечади.

Қалбингизга қайғу солган буюк зот бир лаҳзада уни шодликка тўлдиришга қодирдир.

«Ва албатта у кулдиради ва йиғлатади» (Нажм сураси, 43-оят).

Муҳаммад Ротиб Нобулсий

 

Ҳабибуллоҳ Абдулғаффор тайёрлади

Read 1864 times

Мақолалар

Top