Мақолалар

Мансур Ҳалложнинг “Анал ҳақ”и

Мансур Ҳаллож номи тилга олинганда деярли доимо унинг “Анал ҳақ” деган машҳур гапи ва бу гапнинг ҳукми ҳақидаги тортишувлар ҳам эслаб ўтилади. Ҳақиқатан мазкур гап ҳақида узундан-узоқ баҳслар қилинган бўлиб, уларнинг хулосаси  қуйидагилардан иборатдир:   

“Анал ҳақ” луғатда “Мен Ҳақ Худоман” деган маънога далолат қилади. Мансур Ҳаллож мазкур гапни айтгани ва ундан қайтмасдан туриб олгани учун муртад сифатида қатл этилган. Аммо у замондошлари орасида илми ва амали билан танилган сўфий киши бўлган. У қатл этилганидан сўнг баъзи тасаввуф аҳллари уни қатл этганларни унинг сўзидан кўзланган маънони тушунмаганликда айблаганлар ва унинг сўзини Ислом эътиқодига зид бўлмаган маъноларга таъвил қилиб тушунтирганлар.

Ана шундан сўнг Мансур Ҳалложни диндан қайтган муртад деб эътиқод қилинадими, ёки гапини бошқа маънога таъвил қилиш мумкин бўлгани сабабли кофирга чиқарилмайдими деган масала атрофида турли баҳслар қилинган.

Ушбу баҳсларни таҳлил қилишдан олдин шунча баҳсларга сабаб бўлган кишининг таржимаи ҳоли билан яқиндан танишиб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Мансур Ҳалложнинг асл исми Ҳусайн ибн Мансур бўлиб куняси Абул Муғийс ёки Абу Абдуллоҳ бўлган. У ҳижрий 244 йилда форсларнинг шаҳарларидан бири бўлган "Байзо" шаҳрида туғилган. Ироқнинг "Восит" номли жойида ўсиб улғайган. Макка, Хуросон ва Ҳинд ўлкаларидаги кўплаб шаҳарларга сафар қилган. Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарийдан тасаввуф илмини ўрганган. Жунайд ибн Муҳаммад, Амр ибн Усмон Маккий ва Абулҳусайн Нурий каби тасаввуф олимлари билан дўст бўлган. Ҳаллож деб номланиш сабаби ҳақида шундай ривоят қилинган: "Бир куни у бир пахта тозаловчининг дўконида ўтирган. Пахта тозаловчидан бир ишни бажариб келишини сўраган. Пахта тозаловчи: “Мен пахта иши билан бандман”, – деган. Шунда у: “Сен мен айтган ишга боравер, мен пахта тозалаб тураман”, – деган. Пахта тозаловчи унинг ишига кетган. Қайтиб келганида барча пахталари тозаланган бўлган. Тозаланган пахталар эса ўн киши бир неча кунда бажариши мумкин бўладиган даражада кўп бўлган. Шундан сўнг у "Ҳаллож" яъни пахта тозаловчи деб ном олган".

Баъзилар унинг отаси пахта тозаловчи бўлган, шунинг учун у мазкур ном билан аталган дейишган.

Асарлари:

Масур Ҳаллож асарлар ҳам таълиф этган бўлиб, унга қуйидаги иккита китоб нисбат берилган:

  1. Китабу товвасийн ;
  2. Китабу Ҳаллож .

Мансур Ҳаллож ҳижрий 309 йилда қози Абу Умар Муҳаммад ибн Юсуф Моликийнинг фатвосига кўра аббосий халифалардан Муқтадир биллаҳнинг қарори билан муртад сифатида қатл этилган.

“Анал ҳақ” атрофидаги баҳслар:

Мансур Ҳалложни айтган гапи учун кофирликда айблаганлардан бири  Ибн Таймия бўлиб бу ҳақида у қуйидагиларни ёзган: “Кимки Ҳалложнинг эътиқод қилиб гапирган сўзига эътиқод қилса, мусулмонлар иттифоқи билан кофир ва муртад бўлади. Чунки мусулмонлар Мансур Ҳалложни куфр лафзларни гапиргани учун қатл қилганлар”.

Қози Иёзнинг бу ҳақида шундай дегани ривоят қилинган: Муқтадирнинг раҳбарлиги даврида Моликийлардан бўлган Бағдод фуқаҳолари Ҳалложнинг илоҳиётни даъво қилиб “Анал ҳақ” дегани ва бошқа бузуқ гапларни айтгани учун шариатнинг зоҳирига амал қилганига қарамасдан уни қатл этилишига ва осилишига ижмоъ қилганлар”.

Баъзи тасаввуф аҳллари эса Мансур Ҳалложнинг “Анал ҳақ”ини мадҳ этганлар. Бу ҳақида Аҳмад Яссавийнинг  “Девони ҳикмат” асарида қуйидагича баён қилинган:

Аё ошиқ, дарду ҳолат пайдо қилғил,

Мансур сифат "Анал-Ҳақ" деб ғавғо қилғил,

Дунё қўюб, охиратни савдо қилғил,

Савдо қилған Ҳақ дийдорин кўрар бўлғай.

Муҳаққиқ уламолар эса бу сўзнинг турли таъвилларини баён қилганлар. Ибн Ҳажар Ҳайтамий “Фатавал ҳадисия” китобида қуйидагиларни ёзган: “Мансур Ҳалложнинг “Анал ҳақ” деган сўзи ҳақида қуйидагиларни айтамиз: Ориф зотларда шундай  вақтлар бўладики, бу вақтларда уларда Ҳақ таолога бўлган муҳаббат шавқи ғолиб бўлади. Агар уларда мазкур шавқ ҳолати комил даражага етса, барча нарсаларни ҳатто ўзларини ҳам унутадилар, қалблари тамомила Ҳақ таолога боғланганидан бошқа бирор нарсани ҳис қила олмай қоладилар. Ана шу вақтда гапирган сўзлари ўша улуғвор ҳолатнинг тилига кўра сўзланган бўлади. Бу ҳолатга қуйидаги ҳадиси қудсийда ишора бор:

عن أبي هريرة رضي الله عنه قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : « إنّ الله تعالى قال : من عادى لي وليّاً فقد آذنته بالحرب ، وما تقرب إليّ عبدي بشيء أحب إليّ مما افترضته عليه ، ولا يزال عبدي يتقرب إليّ بالنوافل حتى أحبّه ، فإذا أحببته كنت سمعه الذي يسمع به ، وبصره الذي يُبصِر به ، ويده التي يبطش بها ، ورجله التي يمشي بها ، ولئن سألني لأعطينّه ، ولئن استعاذني لأعيذنّه » . رواه البخاري .

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло: “Ким менинг бирор дўстимга душманлик қилса, унга уруш эълон қиламан. Бандам унинг зиммасига фарз қилганимдан бошқа мен учун севимли бўлган бирор нарса билан (фарзларни бажаргандагидек) менга суюкли бўла олмайди.  Бандам нафл (ибодатларни бажариш) билан менга суюкли бўлиб бораверади, ҳатто уни яхши кўриб қоламан. Агар уни яхши кўриб қолсам, унинг эшитадиган қулоғи бўламан, кўрадиган кўзи бўламан, тутадиган қўли бўламан, юрадиган оёғи бўламан, агар мендан (бирор нарсани) сўраса албатта унга ато қиламан, агар мендан (бирор нарсадан) паноҳ тиласа, албатта унга паноҳ бераман”, деб айтди”, – дедилар”. Бухорий ривоят қилган.  

    Шунга кўра валийлар Ҳақ таолога хос нарсани ҳақиқатан эмас балки хаёлан ўзларига исбот қиладилар. Уларнинг бу гаплари асло Аллоҳ билан бирлашиш маъносида эмасдир. Чунки бу маъно айни куфр бўлади. Аллоҳ уларни бу нарсадан сақлагандир. Шунинг учун  “Анал ҳақ” сўзини айтувчисининг ҳолатига кўра икки хил маънода тушуниш мумкин:

  1. Агар “Анал ҳақ”ни ҳушёр ҳолатда айтган бўлса, “Ҳақнинг ёди қалбимни батамом эгаллади гўё мен Ҳақ ёдидан иборат бўлиб қолдим” маъносида бўлади;
  2. Агар “Анал ҳақ”ни ўзини билмай қолган ҳолатда айтган бўлса, бу “шатаҳот” (Ҳақ зикрига батамом ғарқ бўлиб ўзни унутиш)лардан бўлиб, ихтиёр билан айтилмагани сабабли бунга бирор ҳукм берилмайди.

Ҳужжатул ислом имом Ғаззолий “Анал ҳақ”ни шундай тушунтирган: “Анал ҳақ” деган киши нотўғри гапирган бўлади. Аммо бу сўзнинг икки таъвили бўлиб уларнинг ҳар бири билан бу сўзни тўғри дейиш мумкин:

  1. Узоқ таъвил;
  2. Яқин таъвил.

 Узоқ таъвилда “Анал ҳақ” (мен ҳақман)ни “Ана билҳақ” (Мен Ҳақ сабабидан борман) маъносига таъвил қилинади. Ушбу таъвилнинг узоқлиги шундаки бу лафздан хабар тушунилмайди. Чунки бу фақат айтувчининг ўзига хос хабар эмас, балки   бутун олам Ҳақ таоло сабабли бор бўлгани хабарга ҳожат бўлмаган ҳақиқатдир; 

Яқин таъвилда “Анал ҳақ” (мен ҳақман)ни “Ана мустағриқун билҳақ” (Мен батамом Ҳақ билан банд бўлдим) маъносига таъвил қилинади. Яъни бундан менда Ҳақдан ўзгага мутлақо ўрин қолмади, маъноси тушунилади”.

Имом Қушайрийдан Мансур Ҳалложнинг “Анал ҳақ” деган сўзи ҳақида шундай дегани нақл қилинган: “Агар у “Ана Аллоҳ” (мен Аллоҳман) демаган бўлса, уни кечириш мумкин. Чунки Аллоҳ исми (банданинг қалби унга) боғланадиган исмдир, хулқланадиган исм эмас. Аллоҳ таолонинг ушбу исмидан бошқа барча исмлари билан банда хулқланиши мумкин”.

Жалолиддин Румий “Анал ҳақ” ҳақида шундай деган: “Агар сен ўз борлиғингдан фано бўлсанг, доимо Аллоҳ таоло билан бирга бўласан. Бу сен Унинг зотига айланасан дегани эмас, балки олов сабабли қип-қизил чўғга айланган темир сингари бўласан, деганидир. (Фаразан) қип-қизил чўғга айланган темирнинг: “мен оловман” дейиши жоиз бўладику. Худди шунингдек Ҳақ йўлида фоний бўлган киши ҳам “Анал ҳақ” деган ҳақ сўзни айтиши мумкин бўлади”.

Марҳум устоз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ "Тасаввуф ҳақида тасаввур" номли асарларида бу ҳақида қуйидагиларни ёзганлар: "Тасаввуф ҳақида бироз бўлса ҳам хабардор бўлган киши шатаҳот сўзини фақат тасаввуфда ишлатилишини ва у суфийларнинг ўзларини йўқотиб қўйганда айтадиган, тушуниб бўлмайдиган, сиртдан қараганда айб, таъвийл қилганда маъно касб этадиган сўзлари эканини билади. Шатаҳот суфийнинг оғзидан оддий ҳолатда эмас, балки жазб ва қаттиқ таъсирланиш оқибатида чиқади. Зикр ила Аллоҳ таолога етишиб қолган суфий ўзини йўқотиб қўйиб нима деяётганини билмай қолади.

Суфийларнинг шатаҳотга йўл қўйганларини икки хил бўлганини таъкидлашимиз лозим:

  1. Зикр ҳолига ғарқ бўлиб ўзини билмай қолганда шатаҳотга қўйиб, ҳушёр ҳолга қайтганда ўзини оқлов сўзларини айтганлар;
  2. Ҳушёр ҳолатда ҳам шатаҳотда давом этаверганлар.

Биринчи тоифа маъзур топилган. Бунга ал-Ҳасрийдаан нақл қилинган қуйидаги иқтибос далил бўла олади: "Жунайд тамаккунли (ўзига мустаҳкам) одам эди. Унинг ўзидан кетиши йўқ эди. Амр ва наҳийни улуғлар эди. У йўлни аслидан олган эди. Шунинг учун ҳам у барча тоифаларга мақбул бўлгани ажабланарли эмас".

Иккинчи тоифа номақбул топилган Бу тоифанинг энг машҳур арбобларидан бири Мансур Ҳаллождир. У ўзининг машҳур шатаҳотини айтганда ҳушёр ҳолида ундан қайтиш талаб қилинган. Аммо Ҳаллож ҳушёр ҳолида ҳам гапидан қайтмаган. Шу тарзда тўққиз йил ўтган. Ўшанда ҳам айтганидан қайтмаганидан кейингина Ҳаллож қатл қилинган".

Ибн Шурайҳдан Мансур Ҳаллож ҳақида сўраганларга шундай деб жавоб берган: "У ҳолати махфий бўлган кишидир. Мен у ҳақида бирор нарса демайман".

Ушбу хабарлардан келиб чиқиб Мансур Ҳалложнинг "Анал ҳақ"и ҳақида баҳс юритувчиларни уч гуруҳга ажратиш мумкин:

  1. Зоҳирига кўра ҳукм чиқарадиганлар;
  2. Таъвил қиладиганлар;
  3. Сукут қиладиганлар.
  • Зоҳирига кўра ҳукм чиқарадиганларнинг хулосалари қуйидагича: “Мансур Ҳалложнинг “Анал ҳақ” деган сўзи “Аллоҳ менинг қалбимга тушди ёки мен Аллоҳ билан бирлашиб кетдим” деган маънони ифодалагани учун куфр ҳисобланади. Бу гапни айтган мусулмон муртадга айланади. Шунга кўра Мансур Ҳалложнинг муртадлигига фатво берган уламолар шариатнинг зоҳирига кўра тўғри ҳукм чиқарган ҳисобланадилар".
  • Таъвил қиладиганларнинг хулосалари қуйидагича: “Мансур Ҳалложнинг “Анал ҳақ” деган сўзини “Аллоҳ менинг қалбимга тушди” ёки “мен Аллоҳ билан бирлашиб кетдим” маъносида тушуниш асло мумкин эмас. Чунки бундай бузуқ эътиқодни замондошлари орасида илми ва амали билан танилган зотлар у ёқда турсин ақли расо бўлган оддий авом мусулмонга нисбат бериш ҳам тасаввурга сиғмайди. Фақат жоҳил сўфийларгина унинг гапини нотўғри талқин қилган бўлишлари мумкин холос. Агар Мансур Ҳаллож илм ва амалда собитқадамлик билан танилмаганида "Анал ҳақ" дегани учун муртадлигига билиттифоқ ҳукм қилинмасмиди? Ушбу мулоҳазаларга кўра Мансур Ҳалложнинг мазкур гапини “менда Ҳақдан ўзгага мутлақо ўрин қолмади”, маъносида тушуниш энг тўғри йўл ҳисобланади.
  • Сукут қиладиганларнинг хулосалари қуйидагича: Мансур Ҳалложнинг "Анал ҳақ" деган сўзи зоҳиран куфрга ҳам, таъвил қилинса тўғри маънога ҳам далолат қилади. Аҳли қибладан бирор кишини ҳам модомики гапини ҳаққа ҳам, ботилга ҳам таъвил қилиш имкони бўлса, кофирга чиқаришга ошиқмаслик керак. Ана шу эътибордан Мансур Ҳаллож ҳолати махфий кишидир. Ҳолати махфий бўлган киши ҳақида бирор тарафга ҳукм чиқармаслик, балки оқибатини Аллоҳга ҳавола қилиб сукут қилиш энг афзал йўл ҳисобланади.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога  ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин!

Абдулқодир Абдур Раҳим

Read 8217 times

Мақолалар

Top