Мақолалар

“ИМОНДАНДИР – ВАТАННИ СЕВМОҚ!”

Янги Ўзбекистон жаҳон майдонида кучли салоҳият, муносиб обрў-эътиборга эга бўлган, ҳар томонлама обод ва фаровон  мамлакатга айланади.

Мен бунга нафақат ишонаман, балки шу йўлда бор билим ва тажрибамни, куч-ғайратимни сафарбар этишга ҳамиша тайёрман. Барча юртдошларимизни ана шундай улуғ сафда – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари қаторида бўлишга даъват этаман.

Ш.М.МИРЗИЁЕВ

 

Мамлакатимизда сўнгги йилларда барча соҳаларда амалга оширилаёган улкан ислоҳотлар кўлами жиҳатидан ғоят кенг, моҳиятан инсонпарвар, буюк келажакни кўзлангани билан жуда аҳамиятлидир.

Мустақиллигимизнинг 30 йиллик шодиёналари арафасида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири саволларига жавобларида сўнгги йилларда қўлга киритилган улкан муваффақият ва натижаларни айта туриб: “Халқимиз менга ишонч билдирди, ана шу юксак ишончни оқлаш, эл-юртимизга муносиб ҳаёт шароитини яратиб бериш – мен учун ҳаётимнинг маъно-мазмунидир”, дея таъкидлагани барчамизга катта ғурур, фахр ва ифтихор туйғуларини туҳфа этади...

Дарҳақиқат, инсон умр бўйи бахтга интилиб яшайди. Аммо ҳамма ҳам чинакам бахт мезонини англаб етавермайди. Аслида, бахт бу – она-Ватанни ҳур ва фаровон кўрмоқ неъмати ҳам экан. Яна ҳам улуғ шараф – она юрт равнақи, миллат келажаги учун баҳоли қудрат ҳисса қўшмоқ экан...

Ўз давлатингиз, озод ва обод диёрингиз, юртдошларингиз фаровонлигини ўйлаб, кишилар роҳат-фароғати тўғрисида қайғурадиган оқил ва доно Президентимиз борлигини, у азиз инсоннинг ёнида ҳар биримиз камарбаста бўлишимиздан ҳам олижаноб туйғу бўлмаса керак...

Демак, шундай мустақил, озод ва обод Ватанда умргузаронлик қилаётганимиздан чексиз бахтиёрмиз ва бу бахтимизга доимо беҳисоб шукр қилиб яшашимиз шарт! Чунки ҳазрати Али разияллоҳу анҳу айтганларидек, “неъмат шукрга боғланган. Шукр эса зиёда бўлиш билан алоқадор. Ҳар иккаласи тенг бириктирилган. Бандадан шукр тўхтамагунча, Аллоҳ томонидан зиёда қилиш тўхтамайди”.

Эътиборимизни сўнгги 4-5 йил мобайнида воқеликка айланган тараққиёт йўлимизнинг ҳаммамизга ойнадек аён кўрсаткичларига, ҳар биримизнинг кўз ўнгимизда содир бўлаётган, бир қарашда оддий туюлган ҳақиқатларга қаратайлик...

2021 йилнинг 8 ойи давомида мамлакатимиз мўмин-мусулмонларининг диний-маърифий эҳтиёжларини таъминлаш, масжидларни давлат рўйхатидан ўтказиш, янгидан қуриш, таъмирлаш борасида қатор ишлар амалга оширилиб, айни кунларда ҳам муттасил давом эттирилмоқда...

Юртимизда барча соҳалардаги ўзгаришлар, ислоҳотлар, янгиланиш ва бунёдкорликлар бераётган самараларга доир рақамларни бир мақолага сиғдира олишнинг асло иложи йўқ.

Биз, аввало, Аллоҳ таолога шукр қилиб, инсонларга ҳам ташаккур айтишни канда қилмаслигимиз керак. Зеро, Имом Термизий бобомиз ривоят қилган ҳадиси шарифда Жаноб Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким инсонларга ташаккур айтмаса, Аллоҳга ҳам шукр қилмайди”, – деганлар.

Бугун шу азиз Ватаннинг ҳар бир фарзанди юраги ҳапқириб турибди. Негаки, биз энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрамини, Ўзбекистон Республикаси истиқлолини қўлга киритганининг 30 йиллик шодиёналарини катта тантана қилаяпмиз.

Ана шу қутлуғ айём арафасида дориломон кунларга етказгани учун яна ва яна шукр қилиш мақсадида диний-маърифий соҳадаги олдинги ҳолат ва бугунги ўзгаришларни таққослашга ҳаракат қилдик. Зеро, ҳақиқат қиёсда билиниши кундайин равшан.

1. олдин: Бир йилда 274 миллион аҳолиси бўлган Собиқ Иттифоқ халқларидан 24 одам, Ўзбекистондан эса бор-йўғи 6 киши ҳажга борган.

2. ҳозир: Ҳар йили Ўзбекистондан 7.200 дан зиёд киши муборак ҳаж сафарини ва ҳеч қандай квотасиз умра зиёратини адо этмоқда.

3. олдин: Қуръони карим саноқли оилалардагина бўлган.

4. ҳозир: Нафақат Қуръони каримнинг ўзини, ўзбек тилидаги тафсирлари, таржималари, шарҳлари, изоҳларини ўқиш мумкин.

5. олдин: Ўзбекистон ССР ҳудудида 89 та масжид бўлган.

6. ҳозир: Ўзбекистон Республикасида 2094 та жоме масжид фаолият юритяпти.

7. олдин: Икки ҳайит – Рамазон ва Қурбон ҳайитлари, таровеҳ ҳамда хатми Қуръон намозлари яширинча, пана жойларда ўқилган.

8. ҳозир: Барча жоме масжидларда иккала ҳайит, таровеҳ ҳамда хатми Қуръон намозлари бемалол, эмин-эркин адо этиляпти. Қувонарлиси, одам кўплигидан масжидларнинг ҳовлилари ҳам тўлиб, кўчаларга ҳам одам сиғмай кетяпти.

9. олдин: Собиқ тузум даврида ҳар қандай диний адабиётни чоп этиш ман этилган, фақат Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасига ҳар чоракда чиқадиган битта журнал ва битта газетага ижозат берилган эди.

10. ҳозир: 50 га яқин нашриётларда диний соҳанинг барча йўналишларида китоблар, рисолалар, даврий нашрлар чоп этиляпти.

11. олдин: Ўзбекистон ССР Конституциясининг 2-бўлим, 6-боб, 50-моддасидаги виждон эркинлиги қайд этилган эди. Лекин бу амалда эмас, фақат қоғозда эди холос.

12. ҳозир: Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 2-бўлим, V боб, 18-модда; 2-бўлим, VII боб, 31-модда; 3-бўлим, XIII боб, 57-модда; 3-бўлим, XIII боб, 61-моддалари ҳамда янги таҳрирда қабул қилинган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунида ҳам диний эътиқод ва виждон эркинлиги мустаҳкам кафолатланган.

13. олдин: Янги туғилган чақалоқлар онасидан ажратилиб, она сутидан маҳрум қилиниб, пастеризация қилинган сутлар билан озиқлантирилган.

14. ҳозир: Янги туғилган чақалоқ миллий ва диний қадриятларимизга биноан парваришланяпти.

15. олдин: Нафақат диний, балки миллий қадриятларимиз ҳам топталган.

16. ҳозир: Миллий, диний қадриятларимиз улуғланяпти.

17. олдин: Худосизлик, динсизликка тарғиб қилинган.

18. ҳозир: Аллоҳга шукр, дин ва эътиқод эркинлиги берилди.

19. олдин: Мактаб, корхона, идораларда рўза тутмаслик учун баъзи одамларга мажбурлаб сув, чой ичирилган.

20. ҳозир: Хоҳлаган киши динимизнинг исталган арконини бемалол бажармоқда.

21. олдин: Диний илм олиш учун Тошкентда Имом Бухорий номидаги ислом институти, Бухорода Мир Араб мадрасаси бўлган.

22. ҳозир: Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ҳадис илми олий мактаби, калом, фиқҳ, тасаввуф, ақида, ҳадис мактаблари, шу билан бирга, юртимизнинг ҳар бир ҳудудида ўрта махсус ислом билим юртлари, иккита аёл-қизларга ихтисослашган мадраса фаолият юритмоқда.

23. олдин: Табаррук қадамжолар, улуғ ва азиз авлиёларимизнинг хоки поклари жойлашган табаррук жойлар вайрон эди. Кўпчилик уламоларнинг, азизларнинг мангу қўним топган жойларини билмас эдик.

24. ҳозир: Табаррук қадамжолар, обидалар обод этилди, улуғларнинг мақбаралари обод қилиняпти.

25. олдин: Диний ходимлар, хусусан, имом-хатиблар, домлалар, отинойилар доим таъқибда бўлишган.

26. ҳозир: Илм аҳлига, имом-хатибларга, отинойиларга эътибор купайди, эҳтиром юксалди.

27. олдин: Кундалик турмуш тарзимизда “Бисмиллаҳир раҳмонир раҳим”, “Худога шукр!”, Алҳамдулиллаҳ!”, “Жойлари жаннатда бўлсин!” ва ҳоказо сўзларни ишлатишга қўрқар эдик.

28. ҳозир: Виждон ва эътиқод эркинлиги таъминланиб, ҳамма қонуний ҳуқуқидан фойдаланиб, ибодатларни эмин-эркин, бемалол адо этмоқда.

29. олдин: давлат ишчи ва хизматчилари нафақат турли маърака-маросимларга боришдан қўрққан, балки ўз ота-онасининг ҳам жаноза ва таъзия маросимларида қатнаша олмаган.

30. ҳозир: ҳамма ҳам хоҳлаган тадбир-маросимларда бемалол қатнашмоқда.

Ана шундай саодатли кунларга етказгани учун Аллоҳ таолога чексиз ҳамду сано айтишимиз, бундай хайрли ишларни амалга ошираётган барча азизларимизга чексиз ташаккурларимизни изҳор қилишимиз керак. Зеро, бандаларини ҳамиша ва ҳар қачон шукр қилишга буюрган Аллоҳ биринчи навбатда ўзини шукрни қабул қилувчи деб атаган: «Агар шукр қилсангиз ва имон келтирсангиз, Аллоҳ сизларни азоблаб нима ҳам қилади?! Аллоҳ шукрни қабул этувчи ва билувчи Зотдир» (Нисо сураси, 147-оят).

Бишр Хофий шукр ҳақида: «Аъзоларидан фақат тили билан шукр қилган кишининг шукри ноқис бўлади. Чунки кўзнинг шукри – бирор яхшилик кўрганда унга қараш, ёмонликни кўрганда, юмиш. Қулоқнинг шукри – яхшиликни эшитганда ёдлаб олиш, ёмонликни эса унутиш. Қўлларнинг шукри – улар билан ҳаққи бўлган нарсалардан бошқа нарсани ушламаслик. Меъда (қорин)нинг шукри – ҳалол нарсалар билан озиқланиш. Ақл ва қалбнинг шукри – илм ва ҳилм билан зийнатланиш. Оёқларнинг шукри эса – яхшиликдан бошқа йўлда юрмаслик. Ким мана шуларни бажарса, ҳақиқий шукр қилувчилардан бўлади», – дейди.

Буюк авлиё, улуғ мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари шундай дуо қилган эканлар:

Илоё, дилимни зикрингга зокир айла,

Илоё, тилимни шукрингга шокир айла!

Жаннатмакон юртимиз тинчлиги, мукаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги учун ҳамда муборак динимиз камолоти, масжиду-мадрасаларимиз ободлиги учун ҳизмат қилаётган ҳар бандани Аллоҳ таоло икки дунёда ҳам азизу-мукаррам қилсин!

Илоҳо мустақиллигимизни абадий қилсин!

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Read 2033 times

Мақолалар

Top