Суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг 21-авлоди бўлган Маҳдуми Аъзам ҳазратлари 1464 йилда Косон шаҳрида таваллуд топганлар. Илк сабоқни Косонда олганлар. Мадрасани хатм қилгач, шайх Мир Саййид Алига шогирд тушиб, фиқҳ илмини, тариқат илмини эгаллайдилар. Сўнг Тошкентга келиб Хожа Аҳрор валининг шогирдлари Муҳаммад қозига халифа бўладилар. Устозлари билан Ҳиротга сафар қиладилар. Ана шу сафар чоғида тариқат пешволаридан бири, Ҳиротдаги нақшбандийлик тариқати пири Абдураҳмон Жомий ҳазратлари билан учрашадилар. Икки уламонинг суҳбати ҳар бирларининг қалбларида меҳр уйғотади.
Маҳдуми Аъзам ҳазратлари 1503 йилда Бухорога кўчиб келадилар. Бироз вақт ўтгач, устозлар томонидан Ахсикентга бориб тариқатни ёйиш ишига даъват қилинадилар ва у ерда шу иш билан машғул бўладилар.
Муҳаммад қозининг вафотидан кейин тариқат шайхлари Маҳдуми Аъзам ҳазратни ўз пешволари сифатида эътироф этишади ва у зот шундан сўнг бутун Мовароуннаҳр ва атрофдаги мамлакатларга довруғ таратдилар. Жуда кўпгина подшоҳлар, шаҳзодалар келиб Маҳдуми Аъзам ҳазратга мурид бўла бошладилар. Мирзо Бобур Маҳдуми Аъзам ҳақларида рубоий битганлар. Маҳдуми Аъзам ҳам Мирзо Бобурга бағишлаб “Бобурийя” номли асар ёзиб, Ҳиндистонга жўнатганлар. Мирзо Бобурдан кейин ҳукмронлик қилган Шайбонийхон ва унинг авлодлари Маҳдуми Аъзамни ўзларига пир тутишган.
Маҳдуми Аъзам тасаввуф назарияси ва амалиётини, хусусан, нақшбандийлик таълимотини ривожлантирганлар, бу эса, у кишининг катта хизматлари ҳисобланади. У зотнинг ўндан ортиқ асарлари бизгача етиб келган.
Маҳдуми Аъзам ҳазрат бу асарларида тариқат аҳлининг вазифалари, одоблари, пир ва муршид орасидаги муносабат, шунингдек, аҳли тариқат ҳамда подшоҳлар, амалдорлар орасидаги одоб, муносабат қоидаларини ҳам баён қилганлар. Маҳдуми Аъзам ҳазрат аҳли тариқатни халққа яқинлаштириш борасида катта хизматлар қилганлар.
Маҳдуми Аъзам ҳазрат 78 йил умр кўриб, 1542 йил вафот этганлар ва умрлари сўнгида яшаган ҳозирги Самарқанд вилояти Оқдарё тумани ҳудудидаги Даҳбед қишлоғига дафн қилинганлар. Ривоят қилишларича, Самарқанд ҳукмдори Жонибек Султон томонидан Самарқандга таклиф этилган ва султоннинг ўғли Искандар Султон ўз пири деб эъзозлаган Маҳдуми Аъзам ҳазрат бу қишлоққа кўчиб келганларида ўн туп тол эккан эканлар ва қишлоқ кейинчалик шу ўн туп тол номи билан “Даҳбед” (“Ўн тол”) деб аталиб кетган экан. Маҳдуми Аъзамнинг қабрлари турли ўлкалардан келувчи зиёратчилар учун муборак зиёратгоҳга айланган ва турли йилларда ҳукмдорлар бу ерда турли иншоотларни қурдирганлар.
“Инсоннинг вазифаси Аллоҳ таоло томонидан унинг измига берилган тириклик оламини яшнатишдан, бу дунё неъматларидан келгуси авлодларни ҳам баҳраманд килишдан иборатдир”.
Кечагина вафот этган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Алимовнинг вафоти Она-Ватанимизнинг ҳар бир фуқароси учун оғир жудолик бўлди. У киши буюк инсон Саидаҳмад ибн Жалолиддин – Махдуми Аъзамнинг авлодларидан эдилар.
Усмонхон Алимов ҳаёти, фаолияти, халқимизга ва муқаддас динимизга хизматлари билан Муқаддас Қуръони Каримга ва суюкли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига содиқ бўлганлар орасидандир, инша Аллох. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Айтинг: Менинг намозим, ибодатим, ҳаётим ва вафотим оламнинг Роббиси Аллоҳ учундир!” (Анъом сураси, 162-оят).
Ҳазрат 2012 йилда Ислом олами уюшмаси таъсис мажлисининг аъзоси ҳамда Бутундунё уламолар кенгаши аъзоси этиб сайланди. Сўнгги йилларда Иорданиянинг Исломий стратегик тадқиқотлар маркази томонидан эълон қилинадиган “Жаҳоннинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатидан муносиб ўрин эгаллади.
Ҳазрат исломнинг барча илмлари соҳасида тан олинган беназир олим эди. Унга Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг фахрий доктори унвони берилган эди. Муфтий ҳазратнинг қаламига мансуб “Тафсири Ирфон” асари Қуръони карим маъноларини она тилимизда маҳорат билан акс эттирган муҳташам китобдир.
Олимнинг “Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, “Ҳазрати Имом”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Расулуллоҳнинг муборак васиятлари”, “Оилада фарзанд тарбияси” каби ўнлаб китоблари, юздан зиёд илмий-оммабоп мақолалари эл-юртимиз ўртасида маълум ва машҳур бўлди.
Халқимизнинг ажойиб фарзанди, машҳур уламо, атоқли жамоат арбоби, ёшларнинг меҳрибон устози, камтарин ва самимий инсон Усмонхон Алимов ўзининг бобоси Махдуми Аъзам тутган йўлига ҳаёти давомида садоқат билан хизмат қилди. Нафақат Ўзбекистон мусулмонлари идорасида, балки Она-Ватанимиз барча-барча каттаю-кичик, эркагу-аёлга, илмлигу-илми ҳали етарли бўлмаганларга бирдек камтарона муносабатда бўлар эди. Уламолар, имом-домлалар, мударрислару-устозлар ва талабаларга бирдек ғамхўр эди.
Усмонхон Алимовнинг ўлими барчамиз учун оғир мусибат бўлди.
Аллоҳ таоло Ҳазратни раҳматлари билан мукофотласин. Қилган хайрли, эзгу ишларининг ажрларини ўзларига ҳамроҳ қилсин. Барҳақ дини – дини Ислом йўлида хизматларимизни давомли этсин. Омин, ё Раббал-оламиин!
Жалолиддин Нуриддинов