Мақолалар

Азиз ва мукаррам инсон

Барча инсонлар Аллоҳ таолонинг наздида бир хил мақомда бўлиб, фақатгина уларнинг азиз ва мукаррамлиги тақвоси биландир. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир», (Ҳужурот, 13).

Ҳатто, динимизда мусулмон бўлсин ёки бўлмасин ҳар қандай инсон одамийлик жиҳатидан юқори қадрланади. Бу борада Абдураҳмон ибн Абу Лайло (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади: Саҳл ибн Ҳаниф ва Қайс ибн Саъд Қудисияда ўтирганларида олдиларидан тобутни олиб ўтдилар, икковлари ҳам ўринларидан турдилар, шунда бу мусулмоннинг тобути эмас-ку, нега турдингиз? деб сўралганда, икковлари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларидан тобут олиб ўтилганда ўрниларидан турдилар, Расулуллоҳдан бу яҳудийнинг тобути, яҳудий бўлса ҳам турамизми? деб сўралганда, Расулуллоҳ   “У инсон эмасми”? дедилар, деб  жавоб бердилар.

Ислом дини келганида инсоннинг улуғлигини бадном қиладиган қуллик тузуми ҳукм сурарди. Ислом дини инсонийликка хилоф бўлган, адолатсизликка асосланган қуллик тузумини тадрижий йўл билан муолажа қилди.

Аввало, пул тўлаб озод этилувчи қулларга молларнинг закотларидан насиба борлигини баён қилди: Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир”, (Тавба, 60).

Иккинчидан, қасамнинг каффоратига қул озод қилишга буюрди: Қасамларингиздаги беҳуда сўзлар учун Аллоҳ сизларни жавобгар қилмайди, балки сидқидилдан боғлаган қасамлар (бузилгани) учун сизларни жавобгарликка тортади. Бунинг каффорати (жаримаси) – оилангизни озиқлантириш учун лозим таомларнинг ўртача миқдорида ўнта мискинга таом бериш ёки уларнинг кийимлари ёхуд бир қулни озод қилишдир”, (Моида, 89).

Учинчидан, қул эгаси қулини урса унинг каффоратига уни озод қилишга буюрди. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Ким қулини муштласа ёки урса унинг каффорати уни озод қилиш”, деганларини эшитганман деди” (Имом Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтади: “Қулимни ургандим, орқамдан “Эй, Абу Масъуд албатта Аллоҳ сен уни жазолашга қодир бўлганингдан сени жазолашга қодирроқдир”, деган овозни эшитиб, бурилиб қарасам, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эканлар. “Ё, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ учун уни озод қилдим”, дедим. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Агар шундай қилмаганингда албатта дўзах сени ушларди”, дедилар (Муслим ривояти).

Имом Нававий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Бу ҳадисда қул озод қилиш, ғазабни ичга ютиш, кечиримли бўлиш ҳамда банда бандага ҳукм қилганидек Аллоҳ ҳам унга шундай ҳукм чиқаришига танбеҳ ва насиҳат бор”, деган.

Усмонали ОРАЛОВ

Жиззах тумани “Яккақайрағоч”

жоме масжиди имом хатиби

Read 7877 times
Tagged under

Мақолалар

Top