Яратганга шукрки, масжидларимиз сони кўпайиб, намозхонлар сони ҳам ортиб бораётир. Яқинда президентимиз буюк аллома бобомиз Имом ат-Термизий номидаги жоме масжидини тубдан қайта қуриш, атрофларини гўзал масканга айлантириш юзасидан муҳим кўрсатма ва топшириқлар берди.
Юртимиз масжидларида яйраб ибодат қилиш учун ҳамма шароитлар муҳайё. Таҳоратхонага кирсангиз,топ-тоза: жўмракнинг бошини бир тарафга бурасангиз, иссиқ сув; бошқа томонга бурсангиз совуқ сув; ўртасига олсангиз илиқ сув. Оёқни артиш учун алоҳида, юз учун алоҳида сочиқ. Истасангиз, иссиқ шамол пуркагич мослама ҳам ишлаб турибди. Намозхонага тўшалган гиламларнинг майинлиги оёғингизга ёқиб танангиз роҳатланади...
Бундай қулай шароитлар дунёнинг кўплаб мамлакатларида йўқ. Буни ўз кўзи билан кўриб келган юртдошларимиз кўп...
Алишер Навоий ҳазратлари намозга бепарво бўлган бир ўспирин ҳақида қизиқ воқеани ёзган экан. Мазмуни бундай: иймонли-эътиқодли, тақводор бир одамнинг ўйинқароқ боласи бор экан. Отаси ана шу боласига намоз ўқитишнинг ҳамма усулларини қўллаб кўрибди – бўлмабди.
Фарзандининг боши саждага тегмай улғаяётганидан куйган донишманд ота ўғлига намоз ўқитишнинг антиқа усулини ўйлаб топибди. Бир куни ўғлини ёнига ўтқазиб кўп яхши гаплар гапирибди. Кейин айтибдики, “Эй дилбандим, сенга бир таклифим бор: агар намозни ҳеч канда қилмай қирқ кун ўқисанг, қирқ танга мукофот бераман”, дебди. Бу таклифга ўғли дарҳол рози бўлибди ва қирқ кун намозини ўқибди. Кейин отасидан ваъда қилинган мукофотни талаб қилибди.
Отаси: “Болажоним, одам бир ишни узлуксиз қирқ кун қилса, унга ўша иш одат бўлади. Мен сени намозга қизиқтирай, зора, шу билан намозга кириб кетса, дея умид қилиб қирқ кун деган эдим”, дебди. Буни эшитган ўғли отасига қараб туриб: “Билувдим бермаслигингизни, шунинг учун ҳамма намозни таҳорат олмасдан ўқиган эдим”, дебди.
Бундан ташқари, намоз ўқилаётгандаги ҳолатлар ҳам бор. Намоз ўқишни бошлаганингиз заҳоти шайтон васваса қиладими, одамнинг нафсими – қаёқдаги бемаза нарсалар эсга келаверади. Ҳар хил нарсалар ёдига тушавергани, арзимас нарсалар ҳам кулгили туйилаверганидан қийналиб кетган бир киши дўстидан: “Намозда нимани эслайсан?” деб сўраган экан, айни шу кайфиятда юрган дўсти “Худодан бошқа ҳамма нарсани” деб жавоб берибди.
Ана шундай кераксиз хотиралар оқибатида одам намознинг завқини ҳис қилолмай қолади, ҳатто қайси сура ўқилаётганини ҳам эътибордан қочириб қўяди. Шайх Саъдийнинг “Гулистон”ида ёзилишича, бир одам кечқурун катта дастурхон тузатибди, сархил таомлар тайёрлатибди. Сўнг ўғлига: “Масжидга бориб пойлаб тур, одамлар шом намозидан чиқади. Намозхонларнинг ҳаммасини уйга бошлаб кел”, дебди. “Хўп бўлади”, деб чиқиб кетган болакай масжид эшигининг олдида туриб чиққан одамдан: “Имом Фотиҳадан кейин қайси сурани ўқиди?” деб сўрайверибди. Одамлар бошини сарак қилиб “билмадим” деб чиқиб кетаверибди. Фақат битта одам “фалон сурани” деб жавоб берибди. Бола ўша одамни уйига эргаштириб келибди-да, отасига “Масжидда битта намозхон бор экан, ўшани олиб келдим”, дебди.
Қизиқ, ўша бола бугун ҳам масжидларимизга келса, қанча одамни намозхон ҳисоблар экан...
Иймонингизни имтиҳон қилиш учун “Нега намоз ўқийсиз?” деган саволга берилган қуйидаги жавоблардан бирини танлаб кўрмайсизми?
- Аллоҳ буюргани учун
- Отанинг тергашлари таъсирида
- Эрнинг мажбурлаши сабабли (аёллар учун)
4- Эл кўзи учун
5- Намознинг ҳузурбахшлиги учун
6- Ибодатимизни намойиш этмоқ учун
7- Ўша вақт шу ибодатни қилиш ботинимиздан келгани учун
8- Аллоҳ таолонинг бизга кўрсатган икромининг шукронаси учун
9- Намозни ташлаб қўйишнинг оғир гуноҳ эканини тушунганимиз учун
10- Кўнглимиздаги шубҳа-гумоннни яшириш учун
11-Намоз ўқиш урф бўлгани учун
Дамин ЖУМАҚУЛ,
журналист