Мақолалар

Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудири, таниқли олим Муҳаммад Айюбхон домла Хомидов Тошкент туманидаги “Мирхалилҳожи ота” жоме масжидида мўмин-мусулмонларга қилган маърифий суҳбатидан.  

– Қуръони каримда: «Агар шукр қилсангиз (ва имон келтирсангиз) У сизлар учун рози бўлур» (Зумар сураси, 7-оят), деб марҳамат қилинади. Ҳақ таолонинг розилиги бизга берган неъматларига шукр қилишимизга боғлиқ, – дейди устоз Муҳаммад Айюбхон домла. – Шайх Саъдий раҳматуллоҳи алайҳ “Гулистон” китобида: “Бизга шунча неъматларни ато этган Ҳақ таоло бандаларига шукрни вожиб қилган”, деган.

Эътибор беринг: Аллоҳ таолонинг биргина нафас неъмати шукрини адо эта оламизми? Албатта, йўқ! Инсон нафақат нафас, балки юриш, фикрлаш, кўриш, эшитиш, ҳаракатланиш – ҳаммасининг шукрини адо этиши лозим. Мазкур неъматларни Раббимиз розилиги йўлида ишлатиш билан уларнинг шукри адо этилади.

Тил беҳуда сўзласа, қулоқ ҳаром нарсаларни эшитса, кўз ман этилган нарсаларни кўрса, қалбдан ёмон ўй-хаёллар аримаса, ушбу неъматлар ўз ўрнига ишлатилмаган бўлади.

Бандалар Парвардигоримиз берган неъматларга шукр қилиб, Ўзининг розилиги учун неъматдан фойдаланса, уларни кўпайтириб бераверади. Аммо инсон уларга нонкўрлик қилса, кафангадо бўлади. Ўзи асрасин!

Қуръони каримда марҳамат қилинади: «Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир» (Иброҳим сураси, 7-оят). Демак, Аллоҳ таолонинг неъматларини эслаб, унга кўп шукр қилишимиз лозим.

Мулоҳаза қилиб кўрайлик. Кўриш, эшитиш, юриш имкониятидан маҳрум миллионлаб кишилар бор! Тўрт мучаси соғлар уларни кўриб ибрат олиши, имконияти чекланган киши эса: “Ўз ҳолати учун Ҳақ таолодан улкан ажр-мукофот умидвор бўлиши, ҳолим бундан ҳам ёмон бўлиши мумкин эди, дея шукр қилиши керак.

Ўзимиздаги неъматларнинг қадрига етиб, шукрда бардавом бўлиш билан бирга, аҳли оила, фарзанд ва биродарларга ҳам неъматлар ҳақида тез-тез эслатиб турайлик. Зеро, неъматларни эслаш ҳам шукрдир.

Ояти каримада: «Эслатинг! Зеро, эслатма мўминларга манфаат етказур» (Зориёт сураси, 55- оят), дейилган. Бошқа ояти каримада: «Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!» (Зуҳо сураси, 11-оят) деб буюрилган.

Охирги йилларда ҳар биримизнинг оиламиз, яқинларимиз ё ўзимизда динимиз билан боғлиқ ўзгариш бўлмадими? Агар бу саволга виждонан жавоб берилса, шу йилларда Аллоҳ таолонинг бизга ато этган неъматларининг саноғига ета олмаймиз. Жумладан, юртимизда юз минглаб нусхада Қуръони карим нашр этилди. Кўпчиликнинг уйида ушбу Қуръони карим тиловат қилиняпти.

Ҳозир юртимиз мўмин-мусулмонларига Қуръони каримни ўқиб-ўрганишга имконият ва шароитлар етарлича. Бундан фойдаланмаган одам гуноҳкор бўлади. Хусусан, диний таълим муассасаларида “Қуръон ва тажвид” курслари, кўплаб хусусий ўқув марказларида эса араб тилини ўргатадиган курслар бор. Инчунин, айни пайтда, Ўзбекистон мусулмонлари идорасида “Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш” бўлими очилиб, келгусида мўмин-мусулмон халқимизга Қуръони каримни ўргатувчи яна кўплаб ўқув курслари очилади.

Бундан ташқари, юртимиздаги кўплаб интернет нашрларида Қуръон ўргатадиган саҳифалар бор. Масалан, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг muslim.uz сайтида бир ҳафтада уч кун онлайн тарзда Қуръони каримни ўрганиш имкони бор. Ушбу сайтнинг телеграм, ютуб каналларига аъзо бўлган киши онлайн дарсларни тинглаш баробарида ўз қироатини устозга тўғрилатиб олиши ҳам мумкин. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари асос солган islom.uz сайтида эса Қуръонни ўргатадиган алоҳида саҳифа бор. Демак, бугун Қуръон ўрганишга узр қолмади ва бу Аллоҳнинг раҳмати бўлди.

Аллоҳ таолонинг фазли ва баракотини, неъматларини кўп-кўп эсласак, шукр қилишга имконимиз бўлади. Қуръони каримда марҳамат қилинади: «(Эй) Довуд оиласи! (бу неъматларнинг) шукронаси учун амал (ибодат) қилингиз! Бандаларим орасида (Аллоҳга) шукр қилувчиси оздир» (Сабаъ сураси, 13-оят).

Баҳриддин ХУШБОҚОВ 

тайёрлади. 

“Ислом нури” газетасининг 18-сонидан олинди

 

Read 1870 times

Мақолалар

Top