Мақолалар

Ажал яқинлашаётганининг 6 аломати

Ўлим олти босқичдан иборатдир:

Биринчи босқичнинг номи “ўлим куни” дейилади. Ушбу кунда инсоннинг ҳаёти ниҳоясига етади. Аллоҳ таоло осмондаги фаришталарга банданинг руҳини олиш учун ерга тушишларига ва уни Аллоҳ таолога йўлиқишга ҳозирлашларига буюради.

Афсуски, ҳеч ким бу кун ҳақида ҳеч нарсани билмайди, ҳатто ўша кун келганини, шу куни вафот этишини ҳам англамайди. Инсон ушбу вақт келганини билмасада, лекин танасида бир қанча ўзгаришлар бўлаётганини сезади. Масалан, ўша кунда мўмин кишининг кўнгли ёришади, қалбан ҳузур ва ҳаловатни туяди. Аксинча, фожир кимсанинг кўнгли сиқилиб, қалби эзилади. Шу босқичда шайтонлар малоикаларнинг тушаётганини кўрадилар, аммо инсон буни кўра олмайди. Қуръони каримда ушбу босқич бундай таърифланади: (Барчангиз) Аллоҳга қайтариладиган кундан қўрқингиз! Сўнгра ҳар бир жон (эгаси)га қилган амалларига яраша нарса (мукофот ёки жазо) берилур ва уларга адолатсизлик қилинмас” (Бақара сураси, 281-оят).

Шундан сўнг иккинчи босқич бошланади. Бу босқичда танадаги руҳ тадрижий суратда олинади. Яъни, аввал оёқнинг остидан бошланиб, секин-аста тўпиққача, тиззагача, қорингача, кўкраккача ва ниҳоят инсон гавдасининг энг юқори жойигача етиб боради. У жойнинг номини “тароқий” (ҳиқилдоқ) дейилади. Шу онда киши қаттиқ чарчоқ ва бош айланишини ҳис қилади. У ўзини қаттиқ босим остида тургандек сезади, ўрнидан туришга мадори қолмайди. Танаси борган сари қувватсизланиб боради. Лекин, шу ҳолида ҳам руҳи танасини тарк этаётганини тушунмай тураверади.

Кейин учинчи босқичга ўтилади ва унинг номи “тароқий” деб номланади. Ушбу босқич ҳақида ҳам Қуръони каримда зикр этилган: “Йўқ! Жон ҳиқиллоққа келганида. “Дам соладиган борми”? дейилганида. У бунинг ажралиш эканлигини билганида, болдирлар бир-бирига чалишганида” (Қиёмат сураси, 26-29-оятлар).

“Тароқий” деб ҳалқум остидаги иккита елкага қараб кетган катта суякларга айтилади. Уни бу ҳолатда кўрган яқинлари “Дам соладиган борми”? деб, бири табибга, бошқаси тез ёрдамга югуриб қоладилар. Бошқалари эса, Қуръон оятларидан ўқиб дам солиш керак, дейдилар. Баъзи муфассирлар ушбу оятни: Унинг жонини ким олади, раҳмат фаришталарими ёки азоб фаришталарими? деб тортишадилар, деган тафсирни айтганлар.

Ушбу ҳолатда ҳам киши ҳаётга қайтишидан умидвор бўлиб, руҳи танасидан чиқаётганини билмай туради. “У бунинг ажралиш (фироқ) эканлигини билганида”. Шу вақтгача ҳаёт билан видолашаётганига ишонмаган. Ваҳоланки, руҳи болдирларидан аллақачон чиқиб бўлган, “болдирлар бир-бирига чалишганида” уларни ҳаракатлантиришга ҳам қодир эмас.

Шундан кейин тўртинчи – "ҳалқум" деган босқичга келади. Ушбу тўртинчи босқич ўлимнинг энг охирги ва инсон учун ниҳоятда оғир кечадиган босқичи ҳисобланади. Бунинг сабаби, ўша босқичда кўз ўнгидаги тўсиқ, парда кўтарилади ва атрофидаги фаришталарни кўради. Мана шу ердан охиратга ўтиш даври бошланади. “(Эй, инсон!) Сен бу (оғир кун)дан ғафлатда эдинг. Бас, Биз сендан пардангни очиб юбордик. Энди, бугун кўзинг ўткирдир” (Қоф сураси, 22-оят).

Бу босқичнинг “ҳалқум” деб номланишининг сабаби ушбу оятга асосланади: “Бас, қачонки, (кишининг жони) ҳалқумга етганида (жон бериш пайтида), ҳолбуки, ўша вақтда сизлар (қўлингиздан ҳеч иш келмай) қараб турурсиз. Биз унга сизлардан кўра яқинроқдирмиз, лекин сизлар (буни) кўрмассиз” (Воқеъа сураси, 83-85-оятлар).

Аллоҳ таоло маййитнинг атрофидаги кишиларга хитоб қилиб: сизлар унинг атрофида турибсизлар, аммо у бошқа жойдадир. Сизлар бир нарсани кўряпсиз, у эса бошқа нарсани кўряпти.

Дарҳақиқат, шу онда у ё Аллоҳнинг раҳматини кўраётган ёки, Аллоҳ асрасин, Унинг ғазабини кўраётган бўлади. Шу сабабли маййит ўша вақтда бир нуқтага тикилиб қолади.

Мана шу босқич инсоннинг руҳи олинишидаги энг қийин ўриндир. Чунки, шу ҳолатда у Аллоҳнинг ваъдаларининг ҳақиқатини топади, фаришталарни кўради, ҳаёти давомида қилган амаллари кўз олдидан ўтказилади. Мана шу вақт “ўлим фитнаси” вақти ҳисобланади.

“Ўлим фитнаси”да шайтон келиб инсоннинг эътиқодида шак-шубҳа пайдо қилишга киришади. Аллоҳ ҳақида, пайғамбар, дин, Қуръон ва ҳоказолар ҳақида шаккоклик қилишга ундайди. Кучи етганича шу инсонни диндан чиқаришга, дунёдан кофир ҳолатида кетишига ҳаракат қилади. Ўлим фариштаси келиб унинг жонини олиш арафасида турган ҳолатини шайтон ўзи учун энг сўнги фурсат эканлигини жуда ҳам яхши билгани учун бор кучи билан ғайрат қилади, ўтган вақтлардагига қараганда кучлироқ зарба билан сўнгги зарбани беришга уринади. Шунинг учун ҳам Қуръони карим бизни ўлим фитнасидан паноҳ беришини сўраб Аллоҳ таолога илтижо қилишимизни эслатади. “Айтинг: “Эй, Раббим! Мен Сендан шайтонларнинг васвасаларидан паноҳ беришингни сўрайман. Яна мен Сендан, эй, Раббим, улар менинг ҳузуримга келишларидан паноҳ сўрайман” (Муъминун сураси, 97-98-оятлар).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларининг бирида шундай деганлар: “Ким қандай эътиқодда ҳаёт кечирган бўлса, ўша эътиқодда ўлади”. Яъни, агар банда ҳаёти давомида Ислом динига эътиқод қилиб, Аллоҳга, Унинг пайғамбарига ва у зотнинг умматларига муҳаббат қўйиб яшаган бўлса, дунёдан шу ҳолатида кетади.

Шу жойдан бешинчи босқич бошланади. Шу вақтда ўлим фариштаси келади, шундагина инсон ўзининг раҳматга ноил кишиларданми ёки азобга лойиқ кимсаларданми эканлигини тамоман англаб етади. Ушбу босқичда амалларининг натижасини кўради, борадиган жойидан огоҳ этилади.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадислари орқали ушбу босқични батафсил баён қилиб берганлар. Хусусан, гуноҳ ва маъсиятларга ғарқ бўлиб юрган ва айни пайтда тавба қилмай, гуноҳлардан қайтмай Аллоҳга йўлиққан банданинг ҳолати ҳақида айтилган. (Қасамёд этаман кофирларнинг жонларини баданларининг) қаъридан суғуриб олувчи (фаришта)лар билан, (мўминларнинг жонларини осонлик билан) чиқариб оладиган (фаришта)лар билан” (Нозиъот сураси, 1-2-оятлар).

Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг айтишларича, бир тўда фаришталар жаҳаннам ўтидан тайёрланган кафанни олиб келадилар ва осий банданинг руҳини қаттиқ азоб бериб оладилар. Қуръони каримда ушбу оғир ҳолат қуйидагича таърифланган: “Бас, фаришталар уларнинг юзлари ва кетларига уриб, жонларини олар вақтида, (ҳоллари) не кечур?!” (Муҳаммад сураси, 27-оят).

Ва ниҳоят ҳал қилувчи сўнги босқичга ҳам етиб келдик. Ушбу босқичда инсоннинг руҳи жасадининг энг юқори нуқтаси етиб келади, яъни “тароқий” қисмидан юқорига кўтарилиб, оғзидан ўтиб бурнига етиб келади ва ўлим фариштасига ўзини топширишга тайёр бўлади. Агар инсон осий банда бўлса, ўлим фариштаси унга: эй ифлос руҳ, ғазабнок бўлган парвардигорнинг ҳузурига, оташда куйиш учун чиқ, дейди. Шунда инсон дод солади: “Эй, Раббим! Мени (яна ҳаётга) қайтарингиз! Шояд, мен тарк этган жойим (дунё)да яхши амал қилсам”, – дер. Йўқ! (У асло қайтарилмас). Бу ҳақиқатан у айтувчиси бўлган сўздир. Уларнинг ортида, то қайта тириладиган кунларигача, (икки дунё ўртасини тўсиб турадиган) бир тўсиқ бордир” (Муъминун сураси, 99-100-оятлар).

Аллоҳ таоло айтади: “Мана ўлим мастлиги (жон чиқиш пайти) ҳақиқатан (етиб) келди. (Эй, инсон!) Бу (ўлим) сен ундан қочувчи бўлган нарсадир” (Қоф сураси, 19-оят).

“Ўлим мастлиги” бу – ҳамма аъзолар ҳаракатдан тўхтаган, аъзоларнинг бирор жойи қолмай ҳаммасига қулф солинадига ҳолат. Инсон айнан мана шу лаҳзадан умри давомида қочиб юради. “Айтинг: “Сизлар қочаётган ўлим, албатта, сизларга йўлиқувчидир! Сўнгра сизлар яширин ва ошкора нарсаларни билувчи зотга (Аллоҳга) қайтарилурсиз. Бас, (У) сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур” (Жумъа сураси, 8-оят).

Агар киши мўмин бўлса, унга: эй покиза руҳ, покиза жасадда бўлган руҳ, ғазабнок бўлмаган раббинг ҳузурига, райҳон бўйларидан роҳатланиш учун чиқ, дейилади. Шунда руҳ сув идишининг оғзидан томаётган томчидек, бошқа ривоятда, хамирдан қил суғургандек, сездирмасдан чиқади. Бундай руҳга хитобан: “Эй, хотиржам (сокин) жон! (Ато этилган неъматлардан) рози бўлган (ва Аллоҳ томонидан) ҳам рози бўлинган ҳолингда, Раббинг (ҳузури)га қайтгин! Бас, (солиҳ) бандаларим (сафи)га қўшилгин ва жаннатимга киргин!” (Фажр сураси, 27-30-оятлар) дейилади.

Аллоҳим, бизларни имонда ўтмоқлигимизни, ушбу хитобга лойиқ бўлмоғимизни насиб қилгин.

 

Ҳомиджон домла Ишматбеков,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари.

 

Read 3706 times

Мақолалар

Top