Мақолалар

Сўкинишлик – тарбиясизлик аломати

Ҳар бир инсоннинг ўз шаъни, обрў-эътибори бор. Ҳар бир ўзини ҳурмат қилган киши бошқа бировнинг ҳам ҳурматини билиши лозим. Афзал киши шундайки, унинг тили ва қўлидан бошқа мўмин-мусулмонлар озор кўрмайди. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Мусулмон – қўли ва тили билан бошқа мусулмонларга озор бермаган одамдир, муҳожир – Аллоҳ таоло тақиқлаган нарсалардан ўзини тия билган одамдир!” дедилар.

Баъзан эса бўлар-бўлмасга сўкадиган одамларга дуч келамиз. Сўкиниш инсоннинг тарбиясизлигидан, бадхулқ инсон эканлигидан дарак беради.  Ислом динида бировни сўкиш қораланади. Ислом шариатида сўкиниш ҳаром бўлган амалдир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон кишини сўкиш фосиқликдир, у билан урушиш эса куфрдир”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Насаий ривояти).

Ислом динида гуноҳ ишларни қиладиган киши фосиқ дейилади. Фосиқ киши гуноҳ ишларига пушаймон бўлиб, тавба қилиши лозимдир.

Айрим кишилар бировнинг ота-онасини сўкиш билан ўзларининг ота-оналарини лаънатлайдилар. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Катта гуноҳларнинг каттаси инсоннинг ўз ота-онасини лаънатламоғидир”, дедилар. Шунда: “Ё Аллоҳнинг Расули! Қандай қилиб одам ўз ота-онасини лаънатлайди”, деб сўралди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир одам бировнинг отасини сўкса, у ҳам бунинг отасини сўкади, онасини сўкса, онасини сўкади”, дедилар (Имоми Бухорий ривояти).

Хулоса қилиб айтамизки, сўкинишлик бадхулқлик белгиси ва гуноҳ амалдир. Аллоҳ таоло барчамизни гуноҳ ишдан қайтиб, яхши хулқ эгаси бўлишлик бахтига муяссар айласин!

Р. Акбаров,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилоятидаги вакиллик ходими.

 

 

 

Read 1931 times

Мақолалар

Top