Мақолалар

Яхшилар юрти – бу

Меҳрли-оқибатли миллатмиз. Юртимиз одамлари азалдан бир-бирларига ёрдам бериб, бири иккинчисининг мушкулини осон қилиб, ана шу ишидан ўзлари беҳад мамнун бўлиб келган. Аммо одамларнинг кўмаги, хайрихоҳлиги, ёрдамининг  ҳам даражалари бор. Бири сизга бир ишда ёрдам берса, унинг эвазига сиздан нимадир истайди. Унинг сиздан истагани унчалик малол келмагани боис ундан миннатдор бўласиз. Бошқа бири эса сизнинг мушкулингизни мутлақо беғараз ҳал қилмоққа ҳаракат қилади. Бу тоифа одамларни – жавонмардлар дейдилар.

Ойиша онамиз ўзларига келган ҳадяларга қўл ҳам теккизмасдан бир киши орқали муҳтожларга бериб юборар, дастёрдан ҳадяни олган одамнинг дуосини ёдлаб келишни тайинлар эканлар. Дастёр қайтиб келганидан сўнг ҳадяни олган кишининг дуоларини ундан сўраб олиб, ўша ҳожатманднинг ҳам ҳаққига айнан ўша дуони қилар эканлар ва ана энди эҳсонимиз беғараз бўлди, дея хотиржам тортар эканлар.

Яқинда Тошкентга келаётиб, Самарқанд вилоятидан чиқаётган чоғда, овлоқ ерда машинамиз бузилиб қолди. Нима қилишни билмай ўйланиб турган эдик. Бир машина тўхтаб ундан тўлароқ бир одам тушиб келди-да, нега турганимизни сўради. Биз машинамиз бузилиб қолганини айтдик. “Бундан беш-олти километр нарироқда бир устахона бор. Ҳозир ўша ёққа бир иш билан кетяпман, сизнинг машинангизни тортиб кета қоламиз ”, деди у. Шу гап билан машинани тортиб устахонага йўл олдик. Тажангроқ одам эканми, бора-боргунча йўл юзидаги одамларнинг кўнглига ўтирмаганларини сўкиб борди. Боргандан сўнг кўнгилдан чиқариб берган пулимизни “Бу кам яна қўшинглар”, деди. Айтганидек қилиб бердик. Бир оздан кейин чунонам шамол бўлиб жала қўйдики, бу ҳолни кўриб у одамдан жуда ҳам миннатдор бўлдик.

Ўша куни байрам эди. Шу боис кўп дўконлар ишламади. Машинамизнинг бузилган эҳтиёт қисмини Жиззахдан қидириб кунни кеч қилдик. Шунда устахонадагилардан бири: “Узоқроқ қишлоқда бир уста бор. Ўшанга борсанглар шу матоҳнинг ўзини бир амаллаб Тошкентга боргунча ишлайдиган қилиб беради”, деб қолди. Бузилган матоҳни ечиб олдик-да бир такси ёллаб, у айтган қишлоққа бордик. Уста уч соатлар чамаси уриниб уни аранг тузатгандек бўлди. Қайтиб келиб уни машинага ўрнатиб олгунимизча тун яримдан оғди.

Машинамиз ўт олганидан хурсанд бўлиб, устахонадагилар билан ҳисоб-китоб қилдик-да, йўлимизда давом этдик.  Аммо довонга чиқаверишда машина ўчиб қолди – тузаттириб келган матоҳимиз яна бузилди.

Ярим тун. Довонга кўтарилишда турибмиз. Бундай ноқулай жойда кундуз куни ҳам бирорта машина тўхташи даргумон. Чиқмаган жондан умид дея ўтган-кетган машиналарга қўл кўтара бошладик. Бир машина тўхтаган эди, битта жойи бор экан ёш болали шеригимизни чиқариб юбордик. Яна бир-икки машина тўхтаб ҳол-аҳвол сўраб кетди. Кейин Самарқанднинг давлат рақамини таққан бир “нексия” тўхтади. Ундан офтобда қорайган, баланд бўйли, зуваласи пишиқ, кулар юзли бир йигит тушиб келиб биз билан ҳол-аҳвол сўрашди. Вазиятни ўрганганидан сўнг “Машинамда жой йўқ эди ака, – деб хижолат бўлди-да, сўнг бирдан юзи ёришиб, – машинингизни бирорта яқинида устахона бор ошхонагача тортиб борсам-чи, ошхонада у-бу нарса еб тонггача дам оласиз-да, эрталаб усталарга машинани кўрсатасиз”, деди.

Бу фикр бизга ҳам маъқул бўлди. Ўн беш-йигирма чаыиримча йўлга машинамизни тортиб кетди. Манзилга етиб пул узатиб шунча ялинсак ҳам олмади. Унинг самимият билан жилмайиб турган чеҳрасига қараб туриб Шеърозийнинг  “Гулистон”идаги бир ҳикоя ёдимга тушди. “Саъдийнинг ниҳоятда ночор аҳволда яшаётганига раҳми келган бир киши унга: “Фалон маҳаллада бир бадавлат одам яшайди. Унга  бориб аҳволингизни маълум қилсангиз, шоядки, сизга ёрдам бир кўрсатса”, дебди. Ўша одам айтган манзилга борган шайх қараса, бир бадбуруш одам қовоғини солиб ўтирган эмиш. Индамай орқасига қайтибди. “Шунча йўл босиб келиб  нега ҳеч нарса сўрамасдан қайтяпсиз”, дебди уни эргаштириб  келган киши Саъдийнинг ҳолига таажжубланиб. Шайх унга: “Эҳсонини ўзининг турқига бағишладим”, дея жавоб берибди”.

Очиқ юзли кишидан ёрдам исташ лозимлиги буюрилган ҳадиси шариф ҳақиқатига ушбу ҳикоят ҳамда ана шу воқеа сабаб яна бир бор гувоҳ бўлдик. 

Пайғамбар алайҳиссалом яна бир ҳадисда: “Банда диндош биродарига ёрдам бергани заҳоти Аллоҳ таоло унга ёрдам этади” (Имом Муслим, Имом Абуд Довуд, Имом Термизий ривояти), деб марҳамат қилганлар. Шунга мувофиқ биз ўша исмини ҳам сўраш хаёлимизга келмаган дўстимизнинг мушкулларини осон қилсин деб дуо қилиб қолдик.

Дамин ЖУМАҚУЛ,

журналист

 

Read 6469 times
Tagged under

Мақолалар

Top