Мақолалар

Оқибати оғир гуноҳ

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ғийбат нима биласизми?" дедилар. Саҳобалар: "Аллоҳ ва Расули билгувчидир", дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Биродарингни, у ёмон кўрадиган нарса билан зикр қилишинг", дедилар. "Мазкур нарса биродаримда мавжуд бўлса-чи?" деб савол берилди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Айтилган нарса биродарингда мавжуд бўлса – ғийбат, унда бўлмаса – туҳматдир", дедилар (Имом Муслим).

Ғийбат қилиш гуноҳи кабирадир. Унинг ҳаром эканига Қурьони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда кўплаб далиллар бор. Жумладан, Аллоҳ таоло бундай амр қилади: "Айримларингиз айримларингизни ғийбат қилмасин" (Ҳужурот, 12), деб буюрилган.  

Уламоларнинг айтишларича, ғийбат тўрт хил бўлади:

1.Мубоҳ ғийбат. Бунда ғийбатчи гуноҳкор бўлмайди. Бу ғийбат гуноҳ ва бидъатни ошкора қилувчини ғийбат қилиш бўлиб, бу хусусда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фожирдаги нарсаларни зикр қилаверинглар, чунки одамлар ундан эҳтиёт бўлишлари лозимдир", деганлар.

  1. Гуноҳ саналган ғийбат. Бунда ғийбат эгаси гуноҳкор бўлади. Бу ғийбат ғойиб инсоннинг айбини бир жамоатнинг олдида унинг исмини айтиб зикр қилишдир. Бундай кимса осий бўлиб, тавба қилмоғи вожиб.
  2. Нифоқ ғийбат. Бунинг эгаси мунофиқ бўлади. Бу ғийбатда ғийбатчи бир инсонни бошқа бировнинг олдида исмини айтмасдан зикр қилиши. Аҳли мажлис ғийбат қилинаётган одамни билса-да, ғийбатчи ўзини тақводор кўрсатиб, унинг исмини айтмайди. Бу эса мунофиқликдир.
  3. Куфр ғийбат. Бу ҳолатда ғийбат қилувчи кофир бўлади. Куфр томони мусулмонни ғийбат қилмоғидир. Унга: "Ғийбат қилмагин", десалар у: "Бу ғийбат эмас, бу нарсага содиқман (яьни рост айтяпман)", деб жавоб қилади. Бу вақтда у Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол санади, кимки ҳаром нарсани ҳалол деса, кофир бўлади. Бу нарсалардан Аллоҳдан паноҳ тилаймиз.

Бундан ташқари, ғийбат кўз қисиш, масхара қилиб кулиш, ишора, киноя, ҳаракат, ёзиш кабилар билан ҳам амалга ошади. Ўтганларни ғийбат қилишнинг гуноҳи қаттиқроқдир. Чунки, тирик инсондан кечирим сўраш мумкин. Вафот этганнинг розилигини олиш амримаҳол.

Аллоҳ таоло оқибати оғир гуноҳдан сақланишимизни ва бошқаларни ҳам огоҳ этишимизни насиб этсин. Амиин.

Фотима КОМИЛЖОНОВА,

ТИИ 1-курс талабаси

Read 6265 times
Tagged under

Мақолалар

Top