Мақолалар

Имонга келган сеҳргар

Сеҳргарлардан бири айтади: "Мен баъзи бир одамларни сеҳрлаш учун уларга жинларимни юбораман. Баъзи кишиларни осонлик билан сеҳрлайман. Аммо, баъзиларига жинларимни юборсам, улар: "Биз у одамни овозини эшитдику, аммо ўзини кўрмадик", деб қайтиб келишади. Яна баъзи кишиларга жинларимни юборганимда: "Биз у одамни узоқдан кўрдик, лекин яқинига борганимизда кўзимиздан ғойиб бўлди", дейишади.

Баъзи кишиларни эса, жинларим умуман топа олишмайди. Ундай одамларнинг олдига энг кучли жинларимни юбораман. Шунда, улар ҳам: "Биз у кишини топа олмадик", деб қайтиб келишади.

Ана ундан кейин Ифрит деб аталмиш, аввалгилардан ҳам янада кучлироқ бўлган жинларимни юбораман. Улар: "Мағрибу машриқни кезиб чиқдик, аммо сиз айтган одамни топа олмадик", деб қайтиб келишади.

Шунда мен уларга: "Қандай қилиб топа олмайсизлар, у ҳозир уйида ўтирибди, фалон маҳалла, фалон уйда яшайди, деб манзилигача айтиб бераман. Улар: "Биз сиз айтган манзилга ҳам бордик, аммо у киши у ерда ҳам йўқ", дейишади.

Сеҳргар тавба қилиб, сеҳргарлигини ташлаганидан кейин айтадики: "Мен билдимки, одамлар ўзларини ҳимоялаб юришларига қараб бир-бирларидан фарқ қилар эканлар. Кимларнидир, осонлик билан сеҳрлаб қўйиш мумкин, улар осонлик билан бизга ўлжа бўлишади.

Баъзилари, ўзларини асраб юришади, лекин гоҳида намозларини тарк қилиб, Аллоҳни зикр қилишни унутишади. Биз юборган жинлар бундай кишиларни овозини эшитадилару, лекин ўзларини кўра олмайдилар. Аммо, шундай инсонлар бўладики, доимо зикр ва тасбиҳ айтиб ўзларини муҳофаза қилиб юрадилар. Бундай кишиларни гарчи ораларида юрган бўлсада жинлар кўра олмайдилар ҳам, топа олмайдилар ҳам. Шундан билдимки, Аллоҳ таоло Қуръон тиловати ва зикрнинг шарофати билан уларни жин ва шайтонлардан муҳофазалаб қўяр экан. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: (Эй, Муҳаммад!) Cиз Қуръон қироат қилганингизда, Биз Сиз билан охиратга ишонмайдиганлар ўртасига кўринмас парда тортиб қўюрмиз” (Исро сураси, 45-оят).

 

Ҳомиджон домла Ишматбеков,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари.

 

Read 1847 times

Мақолалар

Top