Мақолалар

Аллоҳ билан мулоқот

Уламолардан бирлари айтади: масжидлардан бирида намоз ўқиган эдим, намоздан кейин ёши улуғ бир киши менга қараб: биринчи сафдаги намозхонларга эътибор бериб қаранг, деди. Мен эътиборимни биринчи сафдагиларга қаратдим ва: сизни тушунмадим, нима демоқчисиз? – деб сўрадим. У киши: уларнинг орасида бирорта бадавлат ёки мансабдор ёки эътиборли кишини кўряпсизми? – деди. Мен: уларнинг орасида сиз айтган кишилар бўлса ҳам, жуда оз, деб жавоб бердим.

У: "Кўпчилиги оддий ишчи ёки хизматчилар, хайдовчилар ва ҳоказо, тўғрими?" деди. Мен: "Ҳа", деб жавоб бердим. Демак, бизнинг Аллоҳ таолонинг олдидаги даражамиз ҳам шундай. Энди, ўзимизга қаранг, биримиз тўртинчи, бошқамиз бешинчи сафдамиз. Қиёмат кунида ҳам шундай бўлади. Масжиддаги ҳолатимиз бизнинг Аллоҳнинг олдидаги даражамиздан дарак бермоқда.

Олим айтади: "Бу кекса кишининг айтган гаплари мени ҳайратга ва ҳатто дахшатга солди. Гўё юзимга бир шапалоқ тортгандек бўлди. Ва шу заҳоти Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти ёдимга келди: “Пешқадамлар, пешқадамлар. Ана ўшалар Аллоҳга яқин зотлардир” (Воқеа сураси, 10-11-оятлар). Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг: “Агар азон ва биринчи сафнинг савобини билганларида, эмаклаб бўлса ҳам келган бўлар эдилар”, деган ҳадислари ёдимга тушди.

Бу гап намозга кеч қолиб келаётган, биринчи сафга улгурмаётганлар ҳақида айтилди. Масжидга умуман келмайдиган ёки фақат жума намозига келадиганларнинг охиратдаги даражалари қандай бўлар экан?

Аллоҳим камчилик ва қусурларимизни Ўзинг афв эт.

Ҳадисда айтиладики: “Ким Аллоҳ билан мулоқот қилишни истаса Аллоҳ ҳам у билан мулоқот қилишни истайди. Ким Аллоҳ билан мулоқот қилишни истамаса Аллоҳ ҳам у билан мулоқот қилишни истамайди” (Муттафақун алайҳ).

Аллоҳ билан мулоқот қилиш фақат ўлимдан кейин бўлиши шарт эмас. Намоз ҳам мулоқотнинг бир кўриниши, зикр ҳам, дуо ҳам, Аллоҳнинг неъматлари устида фикр юритиш ҳам, садақа қилиш ҳам, Қуръон ўқиш ҳам, одамларга меҳр билан муносабатда бўлиш ҳам, илм олиш, уламоларга эҳтиром кўрсатиш ҳам Аллоҳ билан мулоқот қилишнинг бир кўриниши.

Энди ўзимизга савол бериб кўрайлик, қанча фурсатимизни Аллоҳ билан мулоқот қилиш учун сарфладик?

Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни шерик қилмасин!” (Каҳф сураси, 110-оят).

Ҳомиджон домла Ишматбеков,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари.

Read 1929 times

Мақолалар

Top