Мақолалар

Оилавий ажримлар – жамиятнинг таназзули

Оилага, ёшларнинг никоҳига эътибор қаратган жамиятда доимо соғлом муҳит ҳукм суради, тинч-тотув оилада файз, барака бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда оила қурган кишилар агар фақир ва камбағал бўлсалар, уларни бой қилиб қўйишини ваъда қилган. “Нур” сурасида шундай марҳамат қилган: “Агар (улар) камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитур. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва доно зотдир” (32-оят). Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Тафсирул қуръанил азим” асарларида Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги сўзларини келтирадилар: “Оила ва никоҳ борасида Аллоҳ таоло сизларга буюрган ишларга амал қилсангизлар, Аллоҳ таоло ҳам сизларни бой қилиб қўйиши ҳақидаги ваъдасини бажаради”. Бойлик дегани, бу нисбий тушунча бўлиб, том маънода қаноат демакдир. Дарҳақиқат, оиланинг мустаҳкам бўлишлиги бир жиҳатдан эр-хотиннинг сабру қаноатли бўлишига ҳам боғлиқ. Борига қаноат қилмаган оилада кўраётган кунидан нолишлик, натижада эр-хотин орасида келишмовчилик пайдо бўлади. Айниқса, аёл киши эрининг топганига қаноат қилиб яшаши - эр танбаллик қилмасдан, ўзининг зиммасидаги оилани нафақа билан таъминлаш борасидаги мажбуриятини бажараётган бўлса – жуда ҳам муҳимдир. Қолаверса, эр-хотин ўзаро аҳил ва тинч яшайдиган оилада дунёга келган фарзандларга етарли даражада таълим-тарбия, ахлоқ-одоб бериш имкони бўлади. Бундай оилада тарбия топган фарзандлар жамиятда намунали бўлиб, унда ўз ўринларига эга бўладилар, ҳатто жамиятни ҳар сохада тараққий топишига хисса қўшадилар. Аксинча, оила нотинч, носоғлом бўлса ундан атрофдагилар ҳам тинчини йўқотади, бундай оилада дунёга келиб, вояга етадиган фарзандлар ҳам аксар ҳолларда ноқобил бўлиб вояга етиши натижасида, жамиятда турли хилдаги нотинчликлар, ҳатто жиноятлар ҳам кўпаяди. Демак, ҳар икки ҳолатда ҳам оиланинг жамиятга ижобий ёки салбий таъсири сезилади. Оилавий ажримлардан энг кўп жабр чекадиганлар фарзандлардир. Руҳий изтироблар боланинг соғлом вояга етишига салбий таъсир қилади. Қалби бутун умрга кемтик бўлиб қолади. Бунинг оқибатида у турли иллатларга ошно бўлиши, жиноят кўчасига кириши мумкин.

Таассуфлар бўлсинки, кейинги вақтларда оилаларнинг ажралиш ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда. Бу ҳам ўз навбатида жамиятда нохуш ҳолатларнинг юзага келишига сабаб бўлади. Ажримлар туфайли қудачилик ришталари узилади, яқинлар ўзаро адоватли кишиларга айланадилар. Ўртадаги фарзандлар аросатда қолиб, аксарият ҳолларда моддий, маънавий ва руҳий жиҳатдан тўла-тўкис тарбия топиш имкониятини йўқотадилар. Ва ҳоказо, ажримларнинг салбий оқибатлари ҳозирги кунда барчага кундай равшан бўлиб қолди.

Динимизда киши ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зулм қилиши катта гуноҳлардан саналади. Хусусан, жуфти ҳалоли, умр йўлдоши ва фарзандларининг онасига жабр қилиш ундан ҳам ёмонроқдир. Бугунги кунда эркаклик ҳамиятини йўқотган баъзи кишилар жиддий бир сабабсиз ўз аёлини нафақасиз ва қаровсиз қолдирмоқдалар. На уларни хотин қилади, на талоғини бериб ажрашади. Бу билан эр Аллоҳ таоло берган оилавий хотиржамлик, жуфти ҳалол ва фарзанд каби бир қанча катта неъматларга ношукрлик қилган бўлади.

Кўпинча янги турмуш қураётган келин-куёвларни кўрган ёши улуғлар беихтиёр: “Илоҳо, янги турмуш қураётган келин-куёв бахтли бўлишсин, оиласида тотувлик, аҳиллик ошён қурсин”, деб дуога қўл очишади. Афсус, келин-куёвларнинг ҳаммаси ҳам умрлари давомида оила номли ошёнларини авайлаб асрай олишмайди. Бўлар-бўлмас гап-сўзлар, арзимас баҳоналар билан ширин турмушларини оғуга айлантиришади. Бир-бирларини тушунмасликдан, муроса илмини билмасликдан бир оилада яшаётган икки киши душман-ғанимга айланади. Қанча оилалар бузилиб, кишилар азият чекади, болалар етим бўлади, асаблар қақшайди. Ажрашишмаган тақдирда ҳам, бутун умрлари ғурбат, ғам ва изтиробда ўтади.

Оиланинг тотувлиги бир кишига ёки бир сабабга боғлиқ эмас. Бунинг учун ҳамма – келин-куёв ҳам, ота-оналар ҳам, оила ташқарисидагилар ҳам, кенг жамоатчилик ҳам баравар жон койитмаса, кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Янги оила қурган куёвнинг ота-оналари биринчи кунларданоқ кўнгилчанлик қилиб келинни талтайтириб юбормай, турмуш синоатларига тайёрлаб борса, ҳаёт фақат ўйин-кулги ва кўнгилхушликлардан иборат эмаслигини унга тушунтира олса, хотиннинг энг асосий бурчи эрга итоат эканини етказа олса, орада уруш-жанжаллар келиб чиқмайди, икки ёшнинг бахти завол топмайди.

Келин одобли бўлиб, эрининг яқинларини ҳурмат қилса, улар билан муроса қилиш йўлларини ахтарса, ёши улуғ қайнонасини эъзозлаб, хизматини аямаса, оила инқирозга учрамайди, ўртада болалар тирик етим бўлмайди.

Инсоннинг энг яхши фазилатларидан бири унинг кечира олиш хислатидир. Кечириш динимизда мақталган сифатлардан ҳисобланади. Бир қарашда оний ютқазишдай кўринган кечира олиш катта можароларнинг олдини олади, келгусидаги ғалабани таъминлайди. “Эр-хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши” деганларидай, икки ошуфта қалбнинг арази узоққа бормаслиги кундай равшан нарса. Сал ихтилоф чиқдими, бир томон дарров муроса-келишув йўлини танлаб, зиддиятни даф қилиш чорасини кўриши керак. Шундай ҳолатларда бир томоннинг андишага риоя қилиши, ақл-идрок билан иш тутиши шайтоннинг бўйнини синдириб, жиндай муросага юриши катта можароларнинг олдини олибгина қолмай, оилада чинакам саодат гулшанини барқ урдириб, яшнатиб юборади.

Фарзандларимизга оила маданияти ва оилавий муносабатларни ёшлик пайтиданоқ ўргатиб боришимиз керак. Шунда оилаларимиз тинч, ҳаётимиз фаровон, юртимиз обод ва жамиятимиз маънан соғлом бўлади.

 

Одилжон Нарзуллаев Янгийўл туман “Имом Султон” жоме масжиди Имом хатиби

Read 2512 times

Мақолалар

Top