Мақолалар

Кўп неъмат эгасимиз – биз боймиз

“Дунёдаги энг бой одам ким?” деган саволга “Билл Гейтс” деб жавоб бериш мумкин. Аммо бу жавоб унчалик ишончли эмас. Чунки бойлигининг ҳисобини яшириб юрганларнинг кўпчилиги бу одамдан бадавлат эканини тахмин қилиш мумкин...  Модомики, шундай экан, “компьютер қироли”нинг биринчи рақамли бой экани шартли бўлиб қолади.

Бу – масаланинг бир томони, иккинчи жиҳати шуки, бойлик ўзи нима билан ўлчанади – нарсанинг кўплиги биланми, назарнинг тўқлиги биланми?..

Руҳиятшунослар инсон яхши ютуқларга эришиб бахтиёр бўлмоғи учун ижобий фикр юритмоғи аҳамиятли дейдилар. Ҳаётда катта мувафаққиятларни қўлга киритган одамларнинг хотираларини тинглаганда уларнинг ҳам ҳаёти бошида фаровон бўлмаганини, жиддий синовларга юзлашган ҳолда қийинчиликлар қошида тушкунликка тушмасдан тиришиб-тирмашиб вазиятдан чиқиб олганига гувоҳ бўламиз. Омадли инсонлар  билан омадсизлар ўртасидаги фарқ ҳам шу ўзи. Ҳар иккиси бошида ўхшаш шароитда бўлган эса-да, улардан бир муаммоларни ҳал этиш учун Аллоҳ унга берган куч-ғайратни ишга солган, иккинчиси эса тушкунликка тушиб ҳар доим ўзининг ҳолига ачиниб, ҳолидан шикоят этиб ўзини-ўзи омадсизликка маҳкум этган. 

Парвардигорнинг тақдирига инонмаган, ўзига нисбатан ҳақсизлик қилинди дея ўйлаган кишининг ҳаёти ғавғо ичида кечади. Ҳар доим салбий ҳиссиёт таъсирида бўлгани боис ишларини тўғри ташкил қила олмайди.

Инсон ўз насибасига рози бўлса, қўлидан келадиган ишларни гўзал суратда бажарса, Аллоҳга энг гўзал шукр этган бўлади. Чунки ҳақиқий шукр Аллоҳнинг неъматининг қийматини билиб, уларни Унинг ризоси учун қўлламоқдир.

Ижобий фикрламоқ ҳаётни қадрламоқни, турли воқеа-ҳодисалар қаршисида собит тура билмоқни таъмин этади. Насибасига рози бўлмоқ кишини пишитади, қайғу-аламлардан қочишига ёрдам беради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган бир ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: “Аллоҳнинг берганига рози бўл, инсонларнинг энг бадавлати бўл!” деб марҳамат қилганлар (ИмомТермизий ривояти).

Дунёда ҳеч бир инсон йўқки, ҳар бир неъматнинг, ютуқнинг ўзиники бўлишини истамасин. Ўз нафси учун ҳар нарсанинг энг яхшисини исташи инсоннинг бошқалар насибасига чанг солишига сабаб бўлади. Аммо Парвардигори олам бандаларининг насибаларини ўзи истагандек яратган. Баъзиларга ҳусн, баъзиларга қобилият, яна бирига моддий имконият, бошқа бирига эса уни тушунадиган, қўллаб-қувватлайдиган яхши бир жуфти ҳалол ато қилган. Баъзи бандаларига катта имкониятлар эшигини очиб қўяр экан, бошқаларини торлик ва мушкулотларга дучор қилган.

 Бу тақдир сабабидан сиқилиш банданинг одобига тўғри келмайди. Чунки иймонли инсон биладики, Робби унинг тақдирини тайин қилган экан, унга бўйинсунмоқ бурчидир.
Аллоҳ таоло бандаларини турли суратда имтиҳон қилади. “Нега уни бундай имтиҳон қилдинг, мени бундай имтиҳон қилдинг” дейилмайди. Аксинча, у ўз имтиҳонидан сўралади, мен ўз имтиҳонимдан, аҳамиятлиси –  имтиҳондан ёруғ юз билан чиқмоғимдир” дейилади.

Ношукрлик – бахтсизлик сабаби. Зеро, насибасига рози бўлмаслик ва етишмовчиликдан шикоят қилиш ҳеч нарсани ўзгартирмайди, аксинча, нолиётган кимсанинг дардини икки баробар оширади. Шукр қилиш, қўлидаги неъматлар сабаби ила ижобий туйғуларга соҳиб бўлиш инсоннинг бу дунёси ва охирати учун ниҳоятда фойдалидир. Масалан, моддий бойлиги бўлмаган, аммо соғлиги яхши бўлган одам: “Шукрки, соғлигим яхши” деб қўлидан келганча меҳнат қилиб моддий қийинчиликдан қутулиб олади. 

Бунинг аксини қилиб, киши ҳар доим бошқаларга қараб, ўзини улар билан муқояса қилиб, “Нега фалон кишилар мўл-мўл харажатлар қилади-ю, мен қила олмайман? Мен ҳам улар каби харжлашни истайман!” деса ўзининг аҳволини оғирлаштиради. фарзандларининг ризқини қияди, ҳатто қарзга ботиб қолади.

“Ҳеч вақойим йўқ”, деган одамлар ҳам жуда кўп неъмат эгасидир. Агар соғлик, бўш вақт, ёшлик каби ҳеч ўйламаган неъматларимизга бажара олганимиз қадар шукр қилсак Аллоҳ таоло ризқимизни янада кенг қилиб қўяди. Бинобарин, Қуръони каримда: “Ким бир яхшилик қилса, биз унга ўша ишида яхшиликни зиёда қилурмиз. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли, Шакурдир” (Шўро сурасининг 23-ояти), дея марҳамат қилингандир.

Дамин ЖУМАҚУЛ,

Журналист

Read 5914 times
Tagged under

Мақолалар

Top