- Тақводор кишиларга берилган таърифлар, уларнинг аломатлари ва алоҳида белгилари.
Бу дунё даъволар дунёси. Дунёда яшаб турган ҳар бир инсоннинг ўз даъвоси бор. Кимдир яхши одам эканлигини даъво қилади. Яна кимдир эса самимийликни, кимдир саҳийликни ёки соддаликни, яна кимдир эса тақводорликни даъво қилади.
Лекин, бу даъволарнинг аксари ушбу жамиятда яшаб турган, даъво қилаётган кишини яхши танийдиган солиҳ одамлар тарафидан эътироф этилмайди. Балки, аксар даъволар бошқалар тарафидан инкор қилинади. Чунки, дунёда савиялар, билимлар ва дунёқарашлар ҳар хил. Кимдир даъво қилган, ўзига нисбат берган сифатни бошқалар инкор қилиши мумкин. Ёки бир кишига бошқа бир киши тарафидан берилган таърифлар бошқа бир кишилар томонидан эътироф қилинмаслиги ҳам мумкин. Чунки, бу меъзонларнинг барчаси инсоният томонидан ўрнатилган меъзонлардир. Ҳар ким ақлига, илмига ва савиясига қараб ўз меъзонини яратиб олиши мумкин.
Бироқ, дунёда шундай меъзон борки, уни ҳеч бир мусулмон инкор қилолмайди. Кишиларга берилган таърифлар, уларни ўзгаларга танитиб турадиган аломатлари баён қилинган бир китоб борки, у китобни нозил қилган Зот, барча махлуқотларнинг Роббиси Аллоҳ таолодир.
Роббимиз Ўзининг Каломи орқали мусулмон кишига илоҳий меъзонни ўрнатиб берди. Ўз бандаларини таърифлади. Аломатларини, белгиларини баён қилди. Ушбу таърифларни, аломат ва белгиларни ёлғонга чиқаришга эса ҳеч бир мусулмон журъат қилолмайди.
Қуйида биз Қуръони каримда зикри келган кишилар, уларга берилган таърифлар ва у кишиларни бошқа инсонлардан ажратиб турадиган белгиларини ўрганиб чиқамиз. Мақсадимиз, кимнидир таърифламоқчи бўлганда, ўз нафсимизга ёки бошқаларга баҳо бермоқчи бўлганда, кишиларнинг қадрини ўлчашда, Роббимиз ўрнатиб берган меъзондан фойдаланишдир.
Аллоҳ таоло айтади: “Ушбу (илоҳий) Китоб (Қуръон) шубҳадан холи ва (у шундай) тақводорлар учун ҳидоят (манбаи)дирким, 3. улар ғойиб (диний хабарлар)га имон келтирадиган, намозни мукаммал ўқийдиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан (садақа ва) эҳсон қиладиганлардир. 4. Яна, улар Сиз (Муҳаммад)га ва Сиздан илгари (ўтган пайқамбарларга) нозил қилинган нарса (илоҳий китоблар)га имон келтирадиган ҳамда охират (қиёмат)га қатъий ишонч ҳосил қиладиганлардир. 5. Айнан улар Парвардигорлари томонидан (ато этилган) ҳидоят узрадирлар ва айнан улар нажот топувчилардир”. (Бақара сураси 2-3—оятлар)
Айтинг (эй Муҳаммад): «Сизларга булардан яхшироқ нарса ҳақида хабар берайми? Тақводор кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида улар абадий қоладиган, тагларидан дарёлар оқиб тургувчи боғлар, покиза жуфтлар ва Аллоҳнинг ризолиги бор. Улар: «Парвардигоро, бизлар сенга иймон келтирганмиз, бас, гуноҳларимизни мағфират айла ва бизни жаҳаннам азобидан асра!» — дейдиган, сабр-қаноатли, иймонларига содиқ, ибодат-итоатли, инфоқ-эҳсонли бўлган ва саҳарларда Аллоҳдан мағфират тилайдиганлардир. (Оли имрон сураси 15-16-17-оятлар)
(У тақводор зотлар) яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) афв этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади. (У тақводор зотлар) қачон бирон-бир нолойиқ иш қилиб қўйсалар ёки (қандайдир гуноҳ иш қилиш билан) ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрайдиган. — Ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур, — билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир. (Оли имрон сураси 134-135 -оятлар)
Демак, ҳақиқий тақводор киши:
1. Ғайбга иймон келтиради.
2. Намозни мукаммал адо этади.
3. Инфоқ ва эҳсон беради.
4. Барча пайғамбарларга иймон келтиради.
5. Барча илоҳий китобларга иймон келтиради.
6. Қиёмат кунига қатъий ишонади.
7. Гуноҳлари учун истиғфор айтиб кечирим сўрайди.
8. Жаҳаннам азобидан паноҳ сўрайди.
9. Сабр қаноатли бўлади.
11. Иймонига содиқ бўлади.
12. Роббисига ибодатли ва итоатли бўлади.
13. Саҳарларда истиғфор айтади.
14. Ғазабини ичга ютади.
15. Кишиларнинг хато ва кмчилигини кечиради.
16. Гуноҳ иш қилиб қўйганда дарҳол тавба қилиб, истиғфор айтади.
17. Гуноҳ ишларда бардавом бўлмайди.
Хулоса:
Тақводорликнинг белгилари ушбу оятларда зикр қилинган сифатлардир. Юздаги соқол, бошдаги салла, эгнида турган чопон ёки қўлидаги тасбеҳи кишининг тақводор эканлигини билдирмайди. Бу кўриниш ёлғончи бўлиши ҳам мумкин. Тақвонинг жойи эса қалбда бўлади. Кимки, ушбу меъзонга тушмас экан, айтаётгани қуруқ даъво холос. “Қуруқ қошиқ оғиз йиртади”, деганларидек, қуруқ даъво ҳам фақатгина надомат келтиради холос.
Аллоҳ таоло барчамизни ҳақиқий тақводорлардан қилсин.
Тошкент шаҳар, Олмазор туманидаги
“Мевазор” жоме масжиди имом ноиби: Исломов Ёрбек