Мақолалар

Аллоҳ таоло бандаларга саловот айтадими?

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Барчамиз Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга уммат ўлароқ У зотга муҳаббатимизни даъво қилар эканмиз, аввало бу даъво ортидан зиммамизга лозим бўладиган саловот ва салом юбориш ҳукмлари, фазилатлари ҳамда фоидаларини билишимиз лозим бўлади. Бу борада Қурони Каримнинг Аҳзоб сураси 56-оятида Аллоҳ таоло айтади:

إِنَّ ٱللَّهَ وَمَلَٰئِكَتَهُۥ يُصَلُّونَ عَلَى ٱلنَّبِيِّ يَأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ صَلُّواْ عَلَيۡهِ وَسَلِّمُواْ تَسۡلِيمًا

“Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга саловот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг.“
Ояти каримада Аллоҳ тоало ва фаришталар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиши тўғрисида хабар берилди. Лекин Аллоҳ тоало ва фаришталар айтган саловот ҳаргиз бир-бирига ўхшаш эмас, балки иккиси бошқа-бошқа маънода бўлади.

Аллоҳ таоло саловот айтишининг маъноси бандани шарафини, ҳурматини ва фазилатини зиёда қилиш маъносидадир. Фаришталар ва инсонларнинг саловоти эса саловот айтиш билан аслида ўзларини шарафи, қадри ва барокотини зиёда қилиш учундир. Гўёки бандалар “Эй Роббиммиз бу олий мақомдаги пайғамбаринга саловот айтиш ила ўзларимизни сени ҳузурингдаги даражаларимизни кўтаришимиз учун бизларга изн бергин” дегандек бўладилар.
Киши учун роббисининг муҳаббатини қозониш ва У томондан бўлган саловотга сазовор бўлишдан ортиқ ҳеч қандай буюк мақом йўқ. Тасаввур қиляпсизми Аллоҳ таолонинг ўзи пайғамбарига саловот айтишини каломи шарифида хабарини беряпти.

Банда бу ҳолатни ўйлаб, чуқур тафаккур қилар экан бирдан бир ширин ҳаёл беҳосдан фикрларини қамраб олиб унга тинчлик бермайди: “Аллоҳ таоло пайғамбарига саловот айтганидек яни ул зотни шарафини кўтарганидек менга ҳам саловот айтиши ва мени ҳам даражамни ўз ҳузурида кўтариши мумкинми?” Бирдан бир тубсиз умидсиклик қалбни эгаллайди ва бу орзу ушалиб бўлмас балки уни киши орзу қилиши ҳам ақлга сиғмайдиган даражада деб билади. Агар фақатгина дунёни ўзида яшаб турган мўминларни ҳисоблаб кўрганда ҳам уларнинг сони миллиарддан зиёд қандай қилиб бу даражада кўп бўлган кишилар орасида оддий мен фақирга Аллоҳ таоло нега энди саловот айтсин?!

Қалбдаги орзуларимиз бизни бу борада Аллоҳнинг Росули соллаллоҳу алайҳи васаллам айтиб кетган ҳадисларни вароқлашга ундайди. Саловот фазли тўғрисидаги ҳадисларни ўқир эканман, бир марта эмас балки бир неча марта ўқилган ҳадисга кўзим тушди ва менга гўёки Аллоҳ тоало дунёю охиратдаги энг катта муждани бергандек бўлди. Диққат билан ўқинг!
Имом Муслим ўзларининг саҳиҳ тўпламларида қуйидаги ҳадисни келтирадилар:

عن أبي هريرة رضي الله عنه أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال :
 من صلى علي واحدة صلى الله عليه عشرا “.

Маъноси: “Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб: “Ким менга бир бор саловот айтса, Аллоҳ таоло унга ўн марта саловот айтади” деганлар.
Демак, бир марта Аллоҳнинг пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот юборишнинг мукофоти ақлларни ожиз қолдирувчи мукофот яъни Аллоҳ таолонинг айнан ўзи томонидан бўлган бир эмас балки ўнта саловотига кишини сазовор қилар экан.
Орифлардан бирлари айтади: “Агар инсон оламлар Роббиси томонидан бўлган биргина саловотнинг нурини илм ила тўла қамраб олиш учун бор имкониятидан фойдаланса ҳам ҳаргиз бунга қодир бўлолмайди“, деганлар.
Ул жаноби олийлари бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга олган нафасларимиз миқдорича саловот ва саломларимиз бўлсин!

Тошкент ислом институти

4-курс талабаси Абдулазиз Абдуллоҳ

Read 2996 times

Мақолалар

Top