Мақолалар

Мўл ризқ ва хотиржамлик кафолати

Баъзан кўча-кўйда, тўю маъракаларда танишларимиз билан учрашсак, улар ҳаётидан нолиб, ишлари юришмаётганини, орзу-мақсадлари рўёбга чиқмаётганидан афсусланишади. Тижоратчилар билан гурунглашсак, савдолари бароридан келмай, касодга учраётганидан ёзғиришади. Инсонмиз-да, Аллоҳ таоло инъом этган неъматларнинг қадрига етмаймиз. Гуноҳларимиз кўп, истиғфор айтмаймиз.

Гуноҳлар афв этилиши, солиҳ амаллар кўпайишини ва юксак даражаларга эришишни ким ҳам хоҳламайди. Оила бағрида, тинч-осуда Ватанда яшаш катта бахт-ку! Бунинг учун кўп истиғфор айтишга одатланиш керак.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: «Раббингиздан мағфират (кечирим) сўранг, сўнгра Унга тавба қилинг, шунда (У) сизларни маълум муддат (ажалларингиз охири)­гача чиройли баҳра билан баҳраманд қилур...» (Ҳуд сураси, 3-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Ким истиғфорни доимий айтиб юрса, Аллоҳ унга қийин дамларда осонликни насиб этади. Уни ўйламаган жойидан ризқлантиради” (Имом Абу Довуд ривояти).

Ҳар доим истиғфор айтиш жоиз, гуноҳ қилганда эса вожиб бўлади. Истиғфор айтишнинг бир неча турлари бор. Улардан энг улуғи “Саййидул истиғфор” дуосидир. Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Истиғфорнинг саййиди “Аллоҳумма, анта Роббий. Ла илаҳа илла анта. Холақтаний ва ана ъабдук. Ва ана ъала аҳдика ва ваъдика, мастатоът. Аъузу бика мин шарри ма сонаът. Абуу лака биниъматика ъалайя ва абуу би занбий. Фағфирлий, фаиннаҳу ла яғфируз зунуба илла ант”, демоқдир. Ким уни ишонч билан наҳорда айтса-ю, ўша куни кеч киришидан олдин вафот этса, жаннатга киради. Ким уни ишонч билан тунда айтса-ю, ўша кечаси тонг отишидан аввал бу дунёни  тарк этса, жаннат аҳлидан бўлади”, дедилар».

Дуонинг маъноси: “Эй Аллоҳ, Сен Раббимсан! Сендан ўзга илоҳ йўқ. Мени яратдинг ва мен Сенинг бандангман. Қодир бўлганимча Сенга берган аҳдимда ва ваъдамда турибман. Сендан қилмишларимнинг ёмонлигидан паноҳ тилайман. Менга берган неъматингни эътироф қиламан. Гуноҳларимни ҳам тан оламан. Мени мағфират қил. Албатта, Сендан ўзга гуноҳларни мағфират қилувчи йўқ”.

Муқаддас динимизнинг асосий манбаи – Каломуллоҳда бундай дейилади: «Ва мен: “Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, албатта У ўта Мағфиратли бўлган Зотдир. (Шунда) У Зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдиради ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад беради ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилади ва сизларга оқар дарёлар (ато) қилади”, дедим» (Нуҳ сураси, 10–12-оятлар).

Ибн Касирнинг тафсирида бу оят қуйидагича шарҳланади: “Яъни агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий тавба қилсангиз, истиғфор айтсангиз ва У Зотга итоат этсангиз, ризқингиз кўпаяди. Аллоҳ осмоннинг баракасидан устингизга ёмғир ёғдиради. Ернинг баракасидан ўсимликлар ва турли набототларни ундириб чиқаради. Сизларга кўп фарзанд ва бойликлар ато қилади. Шунингдек, Аллоҳ сизларга турли мевалари бор ва ўртасидан дарёлар оқиб турувчи гўзал боғлар ато қилади”.

Нуҳ пайғамбарнинг қавми мол-дунёга ружу қўйган эди. Шу сабабли у зот қавмини Аллоҳга итоат этишга чақирган. Узоқ йиллар қилинган даъватларни қабул этмай, ўзларига юборилган пайғамбарларни ёлғонга чиқаришгач, Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссалом қавмига қурғоқчилик юбориб, аёлларини туғмас қилиб қўяди. Шундан сўнг, агар имон келтирсалар, Аллоҳ уларга яна фаровонлик ато қилиб, бошларидаги оғир кунларни кетказиши маълум қилинади.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг олдига бир киши қурғоқчиликдан шикоят қилиб келганида, у зот унга: “Истиғфор айтгин!” деб маслаҳат берган. Бошқа одам келиб камбағаллик, яна бошқаси бефарзанд эканини, бошқа биров ерининг унумдорлиги паст эканидан шикоят қилиб келганида, Ҳасан Басрий уларнинг барчаларини кўп истиғфор айтишга амр қилди.

Шунда Робийъ ибн Субайҳ: “Олдингизга турли тоифадаги одамлар келиб, ҳар хил масалада шикоят қилишган бўлсалар-да, уларнинг ҳаммасини истиғфор айтишга буюрдингиз. Бунинг сабаби нима?”, деб сўради. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ юқоридаги оятни ўқиб берган экан..

“Тафсийрун Насафий” китобида: “Истиғфор Аллоҳдан мағфират қилишини сўрашдир. Агар истиғфор айтувчи кофир бўлса, куфрдан истиғфор айтади. Агар истиғфор айтувчи осий мўмин бўлса, гуноҳларидан истиғфор айтади”, дейилган.

Имом Қуртубий: “Ушбу ва Ҳуд сурасидаги оятлар истиғфор ризқ кўпайиши ва мўл ёмғир ёғишига сабаб бўлади”, деган.

Шу ўринда бир воқеани эслаб ўтиш мақсадга мувофиқ. Закотини ўз вақтида берадиган, кўп истиғфор айтадиган бир тижоратчи танишимнинг моллари сақланадиган жойга электр энергиясининг носозлиги туфайли ўт кетибди. Барчанинг моллари куйиб кул бўлибди-ю, бироқ ҳалиги биродаримизнинг моллари омон қолган экан. Барча қизиқиб бунинг боисини сўраганида у киши: “Мен ҳар тонг ишга келиб ва ишдан қайтаётиб “Сайиидул истиғфор” дуосини ўқийман. Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатган дуонинг кучини кўриб турибман”, деган экан.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимки истиғфорни кўпайтирса, Аллоҳ у (банда) учун ҳар қандай ғам-ташвиш ва тангликдан чиқиш йўли (пайдо) қилиб, уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантиради”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Мўмин банда сабабсиз бирор муаммо ва қийинчиликка дуч келмайди. Бунинг асосан иккита сабаби бор. Биринчиси, Аллоҳ қайси бир бандани яхши кўрса, уни мусибат билан синайди. Бу синовдан чиройли сабр билан чиқиб кетган банданинг гуноҳлари кечирилади, имони зиёда бўлади, қалби покланади.

Мухтасар айтганда, бизни яратган Зот, коинотнинг эгаси Аллоҳ таолога қанча кўп истиғфор айтсак, турмушимиз янада фаровон ва нурафшон бўлади. Истиғфор туфайли бошимизга балолар ёғмайди. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлади.

Мансур ЎРОЛОВ,

Сергели тумани “Нўғайқўрғон” жоме масжиди имом ноиби

Read 1847 times

Мақолалар

Top