Мақолалар

"Динимиз фидойилари" – қайта чоп этишга зарурат туғдирган китоб...

Олим ва маърифатпарвар инсон Амирсаидхон Усмонхўжаевнинг 2011 йилда нашр этилган "Динимиз фидойилари" номли китоби вақт синовидан ўтиб, янада долзарброқ бўлди.

Ортда қолган даврда китобнинг тез тарқалиши, бутун дунё ва мамлакатимизда рўй берган кейинги улкан ҳодисалар, китобни янги маълумот ва хулосалар билан тўлдириб, қайта чоп этишга зарурат туғдирди.

Ислом динининг юртимизга кириб келиб, кенг тарқалиши, мусулмончиликнинг қарор топишида кимлар фидойилик кўрсатганлигини билишимиз, уларнинг ибратли ишларини давом эттириш бизнинг бурчимиздир.

Амирсаидхон Усмонхўжаевнинг ташаббуси ва меҳнатию саховатпеша инсон Анвармирзо Ҳусаиновнинг ҳомийлигида яратилиб, жорий йил 10 ноябрда Ўзбекистон Халқаро Ислом академиясида тақдим этилганлиги, янги китобнинг ана шу мақсадга хизмат қилиши шубҳасиз.

Ҳа, шайх Эшон Бобохон, шайх Зиёвуддинхон ва муфтий Шамсуддинхон Бобохоновнинг юртимизда ислом динини тиклаш ва ривожлантириш йўлидаги кўп йиллик самарали меҳнатлари юрт мавқеини мустаҳкамлади.

Чунки минтақамиз, хусусан Ўзбекистоннинг ислом дунёсидаги алоҳида ўрни, ислом маданияти, илму маърифатига қўшган бебаҳо ҳиссаси Машриғу Марғибда эътироф этилган.

Ўрта Осиё ва Қозоғистон муфтийси вазифасини моҳирлик билан бажариб келган шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ва кейинчалик шайх Зиёвуддинхон қорининг бевосита иштирокида ташкил топиб, улар моҳирлик билан раҳбарлик қилган минтақавий диний тузилма (ЎОҚМДН, САДУМ) миллатлараро ташкилот сифатида фаолият кўрсатганди. Китобда бу ҳақда кўплаб маълумотлар берилган.

Айни пайтда Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ва кейинчалик шайх Зиёвуддин минтақамиздаги бешта республика мусулмонларининг муфтийси бўлишган.
Муҳими, улар бу масъулиятли вазифани ҳам аъло даражада бажарганлар: ёпилган масжидларни очиш, бузилиб ётганларни таъмирлаш, диний тадбирларни ўтказиш, фуқароларнинг ҳаж сафарларига рухсат олиб, бўлажак ҳожиларни унга тайёрлаш ва муқаддас қадамжоларнинг зиёратини рисоладагидай ўтишини таъминлаш масалалари билан шахсан шуғулланганлар.

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг узоқни кўрувчи ва келажакни ўйловчи раҳбарлари – муфтий Бобохоновларнинг улкан хизматларидан яна бири диний муассасалар (бошқарув тузилмалари ва жоме масжидлари) учун кадрларни тайёрлашнинг йўлга қўйилиши бўлди. Уларнинг ташаббуси ва таклифлари билан қадимдан исломий дину маърифат ўчоғи, дини ислом қуввати бўлиб келган Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасаси ва Тошкентда Ислом олий институтининг очилиши бу соҳадаги муҳим қадамлар эди.

Бу илму фан ўчоқлари нафақат Ўрта Осиё ва Қозоғистон, балки Россиянинг Европа қисми ва Сибир, Кавказорти, Шимолий Кавказ диний муассасалари учун ҳам кадрлар тайёрладилар. Мазкур ўқув юртларини битириб чиққанлар орасида етук мутахассислар, диний жамоаларнинг етакчилари, масалан, Чеченистоннинг собиқ раҳбари, марҳум Аҳмад ҳожи Қодиров, Озарбойжон муфтийси Пошшо-Зода ва бошқа таниқли дин арбобларининг борлиги фикримизни тасдиқлайди.
Муфтий Бобохоновлар диний-маърифий, ташкилий-мувофиқлаштириш, ўқув-тарбия масалалари билан бирга халқаро алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантиришга ҳам эътибор берардилар. Бунда улар, биринчидан, турли мусулмон мамлакатларида ўтказилган халқаро анжуманларда иштирок этиб, ўша даврларнинг долзарб масалалари юзасидан маъруза қилган бўлса, иккинчидан, кўплаб дин ва давлат арбоблари билан алоқа ўрнатди. Уларнинг таклифига биноан Иттифоқ ҳукумати ҳузуридаги Диний кенгаш қошида Халқаро бўлим тузилиб, шайх Зиёвуддинхон унинг биринчи раҳбари сифатида 20 йил ишлади.
Улардан сўнг ушбу бўлимга Шамсуддинхон ҳазратлари раҳбарлик қилди. Кейинчалик шундай бўлим САДУМ (ЎОМДБ)да ҳам ташкил қилинди. Муфтийлар, шунингдек, қатор республика, бутуниттифоқ ва жаҳон тинчликпарвар ташкилотларининг аъзоси сифатида фаолият кўрсатиб, уларнинг оммавий тадбирлари ва халқаро конференцияларида иштирок этди.

Совет тинчлик қўмитаси Ўзбекистон бўлинмасининг йиғилишларидан бирида Зиёвуддинхон қорининг ислом динини тинчликпарварлик моҳияти, халқимиз нима сабабдан урушларга қарши эканлигини тушунтирган.

Муфтий Бобохоновлар иштироки билан ўша даврларда араб мамлакатлари ва ислом дини тарқалган 80 та давлат билан мамлакатимиз ўртасидаги муносабатлар яхшиланган.

Маълумки, Зиёвуддинхон қори мамлакатимизнинг дипломатик алоқаларини кенгайтириш ва ривожлантириш ишига билвосита, Шамсуддинхон ҳазратлари эса 1994-1998 йилларда Миср Араб Республикасида, 1998-2001 йилларда Саудия Арабистони Подшолигида ва ўриндошлик асосида Баҳрайн, Жазоир, Иордания давлатларидаги Ўзбекистон Республикасининг фавқуллода ва мухтор элчиси бўлиб бевосита ҳисса қўшди.

Тақдимотдаги китобда келтирилган кўплаб фактлар асосида ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда нуфузли ўрин эгаллашида муфтий Бобохоновлар қўшган салмоқли ҳисса чиндан ҳам тарихий ва умумжаҳон аҳамиятга моликдир.

 

Собир ҚУРБОНОВ,
тарих фанлари номзоди, сиёсатшунос

Read 2518 times

Мақолалар

Top