Мақолалар

Жаннатларда икром қилинувчи намозхонларнинг сифатлари

Намоз Ислом динининг устунидир. Мусулмоннинг хужжатидир. Қулликни ифодасидир. Намоз бу шунчаки одатга айланиб қолган кундалик вазифа ҳам эмас. Намоз мусулмон кишининг нафақат охиратини, балки, дунёсини ҳам обод қиладиган, ҳаётини, яшаш тарзини тартибга соладиган илоҳий кўрсатмадир. Намоз қиёмат кунида бандадан энг аввало ҳисоби сўраладиган фарз амалдир.

Ҳақиқий намозхон киши эса ўз ҳаётини Роббисининг розилиги  билан мувофиқ қилиб олган, Аллоҳ таоло буюрган намоз ибодатини бекаму кўст адо қиладиган, намози уни турли туман фахш ва ёмон амаллардан тўсиб турадиган кишидир.

Намозхонларга дунёда ҳам, охиратда ҳам жудаям кўп яхшиликлар ваъда қилинган. Дунёдагиси ҳаловат, барака ва ҳоказолар бўлса, охиратдагиси баланд даража, енгил ҳисоб китоб ҳамда Аллоҳ таолонинг розилигидир.

Бироқ, шундай намозхонларни кўрамизки, уларнинг намозлари фақатгина маълум бир вақтда, маълум жойларда, бир хил ҳолатдаги ҳаракатларни бажаришдангина иборат бўлиб қолганга ўхшайди. Ўқиётган намозининг асари ҳаётида акс этмайди. Кийинишида, муомаласида ва ўзгалар билан бўладиган олди-берди ёки бошқа муомаласида кўринмайди.

Хўш, Аллоҳ таоло таърифлаган, мақтаган намоз ўқигувчини қандай сифатларга эга бўлиши керак. Аллоҳ таоло жаннатларда ваъда қилган даражотларга, мукофотларга эга бўлиш учун намозхон қандай бўлиши керак? Намозхон фақат ибодат чоғида мўмин бўлиши керакми? Бу саволларнинг жавобини ҳам Роббимизнинг каломидан қидирамиз.  Аллоҳ таоло айтади:

“Дарҳақиқат инсон бетоқат қилиб яратилгандир. Қачон унга ёмонлик (камбағаллик-кулфат) етиб қолса, у ўта бесабрлик қилгувчидир. Қачон унга яхшилик (бойлик, саломатлик) етса у ўта манъ қилгувчи – бахилдир. Фақат намоз ўқигувчи зотлар (яъни мусулмонларгина ундоқ эмасдирлар)ки. Улар намозларида доим – барқарор бўлгувчи зотлардир. Улар (топган) мол-мулкларида сўрагувчи ва (мол-давлатдан) маҳрум кишилар учун маълум ҳақ (яъни закот) бўлган зотлардир. Улар жазо — Қиёмат кунини тасдиқ этадиган зотлардир. Улар Парвардигорларининг азобидан қўрқувчи бўлган зотлардир. Зотан Парвардигорларининг азоби (ҳеч ким учун) бехатар эмасдир (яъни ҳеч кимнинг «Менга Аллоҳнинг азоби тушмайди», деб хотиржам бўлишга ҳаққи йўқдир). Улар авратларини (ҳаромдан — зинодан пок) сақлагувчи зотлардир. Магар ўз жуфти ҳалолларидан ва қўлларидаги чўриларидангина (сақланмайдилар). Бас, улар маломат қилинмаслар. Энди ким бундан ўзгани (яъни, зино ва шу каби шариати Исломийяда ҳаром қилинган бошқа нарсаларни) истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошгувчи кимсалардир. Улар (яъни мўмин-мусулмонлар) ўзларига ишонилган омонатларга ва (ўзгаларга) берган аҳд-паймонларига риоя қилгувчи зотлардир. Улар ўз гувоҳликларини тўғри-холис адо қилгувчи зотлардир. Улар намозларини (вақтида адо этиб, қазо бўлишдан) сақлагувчи бўлган зотлардир. Ана ўшалар жаннатларда ҳурмат иззат кўргувчидирлар”.  (Маъориж сураси 19-35-оятлар)

Хулоса: Аллоҳ таоло мақтаган, яхши кўрган, жаннатларда улкан даража ва мақомлар ваъда қилинган  ҳақиқий намозхон:

  • Бетоқат, бесабр бўлмайди. Бойлик ва камбағалликда ҳам хотиржам бўлади.
  • Бахил бўлмайди. Аллоҳ унга берган яхшиликларни бошқаларга ҳам раво кўради.
  • Намозини муҳофаза қилади. Бесабаб тарк қилмайди. Қазо бўлишдан эҳтиёт қилади.
  • Мол дунёсида бева бечоралар ва мискинларнинг ҳаққи бор эканлигини билади ва бу ҳақларни адо қилади.
  • Қиёмат кунига, у кундаги ҳодисаларга аниқ ишонади. Ишонган нарсаси учун тайёргарлик кўради.
  • Аллоҳ таолонинг азоби шиддатли эканлигини билади. У Зотнинг азобидан қўрқади. Ўз нафсини азобдан омонда қолади дея хотиржам бўлиб қолмайди.
  • Авратларини номаҳрамларнинг кўзи тушишидан сақлайди. Эҳтиёт қилади. Зино ва унга олиб борадиган барча воситалардан узоқ бўлади.
  • Зиммасига юклатилган барча омонатларни муҳофаза қилади. Уларга Асло хиёнат қилмайди.
  • Аҳдига ва ваъдасига риоя қилади. Уларни бузмайди.
  • Гувоҳлик беришда ўз нафсини,  ёки кимнидир фойдасини кўзлаб эмас, балки, фақатгина Аллоҳ таолонинг розилиги учун холис, адолатли гувоҳ бўлади.

Мана шу зикр қилинган сифатларга эга бўлган намозхонлар “жаннатларда ҳурмат иззат кўргувчидирлар”.  Шундай экан, ўқиётган намозларимиз ахлоқимизни ҳам ислоҳ қилсин. Кишилар бизни намоз ўқиётганимизни кўриб эмас, балки бизда мавжуд бўлган ушбу гўзал сифатлар орқали намозхон эканимизни билсин. Ахлоқсизлигимиз ва беодоблигимиз сабабли, намоз деган ибодатга нисбатан нолойиқ фикрлар, намозхонга нисбатан салбий муносабатлар билдирилишига сабабчи бўлиб қолмайлик.

Зеро, Роббимиз айтганидек: “Албатта, намоз фахш ва мункр ишлардан қайтаради”. (Анкабут сураси, 45-оят)

 

Олмазор туманидаги “Мевазор” жоме масжиди имом ноиби Ёрбек Исломов

Read 2895 times

Мақолалар

Top