Мақолалар

Тасбеҳ ва зикрда ҳаловат бор

Бугунги серташвиш дунёда қалбларимиз бойлик, мол-дунё тўплаш, баланд-баланд иморатлар қуриш, қиммат машиналар миниш билан машғул бўлиб қолди. Кимдан сўрасангиз, орзуларига ета олмаётганидан, кўнгли хотиржам эмаслигидан, ҳузур-ҳаловат йўқлигидан нолийди.

Аслида, ризқ-рўз ҳам, мол-дунё ва фаровон ҳаёт ҳам имон қувватида, ибодат ва тоатлар, тасбеҳ ва зикрлар бардамвомлигидадир. Бежиз Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)», деймаган (Раъд сураси, 28-оят).

Қалбимиз зикр ва тасбеҳлар билан ором олади. Чунки Буюк Раббимиз кўплаб ояти карималарда – Ҳадид, Ҳашр, Саф суралари 1-оятлар – «Осмонлар ва Ердаги (бор) нарса Аллоҳга тасбеҳ айтур», деб марҳамат қилган бўлса, Жумъа ва Тоғобун сураларининг 1-оятларида «Осмонлардаги ва Ердаги (ҳамма) нарса Аллоҳга тасбеҳ айтур», деган.

Шунингдек, Исро сураси 44, Нур сураси 36, 41, Ҳашр сураси 24-оятларда ҳам барча етти осмон, Ер ва улардаги барча мавжудот ва махлуқот Парвардигоримизга тасбеҳ айтиши баён этилган.

Тасбеҳ ва зикр қилишда ҳам улуғларимизнинг тутган йўллари биз учун ибратдир. Буюк саҳоба Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бир кунда 12 минг марта тасбеҳ айтган. У зотнинг оқ ипи бўлиб, бу ипда мингта тугун бўлган. Шу ипни 12 марта айлантириб тасбеҳ санамагунича кўзига уйқу келмаган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳоба. Шу улуғ зот арқонни тугун қилиб олиб, тасбеҳ санагани учун бидъатчи бўладими? Аллоҳ асрасин! У зотлар Набий алайҳиссаломнинг тарбияларини олган, набавий ахлоқ билан хулқланган эдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бидъатчи бўлмаган, шунингдек, кўп зикр қилишлари ва тасбеҳ айтшлари ривоят қилинган улуғ зотлар ҳам асло бидъатчи, залолатга бошловчи эмас. Аксинча улар суннат ва ҳидоят имомларидир (Имом Ибн Абу Шайба, “Муснад”).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен ҳар куни нафсим қарзини узиш учун (Аллоҳ яратганига шукр келтириш учун) 12 минг марта тасбеҳ айтаман” (Имом Ибн Абу Шайба ривояти).

Демак, ҳар дарднинг давоси бор. Қалб хотиржамлигининг давоси зикр қилиш, тасбеҳ айтишдир.

Азиз ўқувчи! Бир синаб кўринг-а: ҳар куни тасбеҳ ва зикрларни канда қилмай айтиб юринг. Тез орада қалбингиз хотиржам бўлади, ҳузур-ҳаловат топасиз. Аллоҳ таоло умрингизга, ризқингизга барака киритиб қўяди.

 

Толибжон НИЗОМ

Read 2723 times

Мақолалар

Top