Мақолалар

Жаннат аҳли жаннатда нима билан машғул бўладилар?

1. Жаннатда жаннат аҳли учун фақат роҳат-фароғат, анвойи нозу неъматлар бўлади, у ерда ўлим, касаллик, мусибату ғам-ташвиш бўлмас: «Албатта, жаннат аҳли у кунда (роҳат ва фароғат) иш(лари) билан шоддирлар» (Ёсин сураси, 55-оят).

2. Жаннат аҳли оч ҳам, ялонғоч ва ташна ҳам бўлмаслар: «Шубҳасиз, сен у жойда (жаннатда) оч ва яланғоч ҳам қолмайсан. Шунингдек, сен у жойда ташна ҳам бўлмайсан ва иссиқда ҳам қолмайсан» (Тоҳо сураси, 118-119-оят).

3. Жаннат аҳли салқин сояларда ўтирадилар: «Улар ўз жуфтлари (хотинлари) билан бирга сояларда, сўриларда суяниб ўтирурлар» (Ёсин сураси, 56-оят).

4. Жаннат аҳлига Аллоҳ таолонинг саломи бўлади: «(Уларга) раҳмли Парвардигор (томони)дан салом (айтилур)» (Ёсин сураси, 58-оят).

5. Жаннат аҳли Аллоҳни кўрадилар: «У кунда баъзи юзлар яшнаб турувчи, Парвардигорларига боқувчидир» (Қиёмат сураси, 22-оят).

6. Жаннат аҳли жаннатда хурсандчиликлар қиладилар: «Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равза (жаннат)да хурсандчилик қилурлар» (Рум сураси, 15-оят).

7. Жаннат аҳли беҳуда гап-сўзларни эшитмаслар, уларга ўзлари истаган ризқлар пайдо бўлади: «У жойда улар беҳуда сўз эшитмаслар, балки «салом» (сўзини эшитурлар). У жойда улар учун эртаю кеч ризқлари ҳозирдир» (Марям сураси, 62-оят).

8. Жаннат аҳли жаннатда безаниб оладилар: «...Улар у жойда олтин билакузуклар ва марваридлар билан безалурлар, либослари эса ҳарир (ипак) бўлур» (Ҳаж сураси, 23-оят).

9. Жаннат аҳли турли хил ширин мевалар истеъмол қиладилар: «...Ризқ этилган мевалардан ҳар гал тановул қилганларида: «Бу илгари биз еган меваларнинг худди ўзи-ку?!» – дейдилар. Зеро, уларга (сурати) бир-бирига ўхшаш мевалар берилган эди...» (Бақара сураси, 25-оят).

Жаннатдаги ноз-неъматларнинг ташқи кўриниши худди бу дунёдагига ўхшаш бўлиб, мазасининг тотлилиги билан фарқ қилар экан. Жаннат аҳли тановул қилмай туриб: “Бу олдин (дунёда) тановул қилган нарсаларимизнинг ўзи-ку!” дер эканлар. Еб кўрганларидан кейин эса, жаннат меваларининг мислсиз тотли эканига амин бўладилар.

10. Жаннат аҳли баланд кўрпачалар устида ўтирадилар: «(Улар) тикансиз бутазорларда, тизилган бананзорларда, ёйиқ соя (ости)да, оқизиб қўйилган сув (бўйи)да, кўплаб мева (узра)ки, (улар) туганмас ва ман этилмасдир. Шунингдек, (улар) баланд тўшалган кўрпачалар (усти)дадирлар» (Воқеа сураси, 28-34-оят).

11. Жаннат аҳли пок шароб ичадилар: «Устиларида яшил ипак ва шойи либослар бўлиб, улар кумуш билакузуклар билан безанган бўлурлар ва Парвардигорлари уларга пок шароб ичирур» (Инсон сураси, 21-оят).

12. Жаннат аҳли сут, май ичадилар, асал ва мевалар ейдилар: «Тақволи зотлар учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли (сифати будир): Унда айнимас сувдан иборат анҳорлар ҳам, таъми ўзгармас сутдан иборат анҳорлар ҳам, ичувчилар учун лаззатли (ақлдан оздирмайдиган) майдан бўлмиш анҳорлар ҳам ва мусаффо асалдан иборат анҳорлар ҳам бордир. Улар учун у жойда барча мевалардан бордир ва (у жойда) Парвардигорлари (томони)дан мағфират бордир» (Муҳаммад сураси, 15-оят).

13. Жаннат аҳли кўрпачалар устида, ёстиқлар узра ястаниб ўтирадилар: «(Жаннат аҳли) астарлари шойидан бўлган кўрпачалар узра ястанган ҳолда (ўтирурлар)» (Раҳмон сураси, 54-оят). (Жаннат аҳли) яшил ёстиқлар ва гўзал гиламлар узра ястанган ҳолларида (ўтирурлар) (Раҳмон сураси, 76-оят).

14. Жаннат аҳли Аллоҳ таолога ҳамд айтадилар. ...(Шунда) айтурларки: «Ушбу (ҳидоят)га бизни бошлаган Аллоҳга ҳамд (айтамиз). Агар бизни (Ўзи) бошламаганида, тўғри йўлни топа олмаган бўлур эдик. Раббимизнинг пайғамбарлари ҳақиқатни келтирган эканлар». Уларга нидо қилинурки: «Мана шу – жаннат. Қилган (савобли) амалларингиз сабабли у сизларга мерос қилиб берилди» (Аъроф сураси, 43-оят).

 

Аллоҳ таоло барча мўмин-мусулмонларни жаннат боғларида тақводор ва солиҳлар билан бирга қилишини, Ўз раҳмати билан ўраб олишини ҳамда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шафоатларига ноил  қилишини сўраб, дуолар қиламан. Омин Я Роббал Аъламийн.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Read 2805 times

Мақолалар

Top