Мақолалар

Ислом ва конституция

Асосий Қонунимизда уч минг йиллик миллий давлатчилик ҳамда дунё қонунчилик тажрибаси, халқаро инсон ҳуқуқлари мезонлари мужассамлашган. Қонунимизда давлат халқнинг иродасини ифода этиши, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат муассасалари ва мансабдор шахсларнинг жамият ва фуқаролар олдида масъуллиги белгилаб қўйилган.

Бу қоида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадиси шарифларига ҳамоҳангдир: «Ҳар бирингиз мутасаддисиз, ҳар бирингиз қўл остингиздагилар учун масъулсиз. Ҳар бир раҳбар инсонлар устидан мутасаддидир ва улар учун масъулдир. Эр ўз аҳли аёли ва қўл остидагилар устидан мутасаддидир ва улар учун масъулдир. Хотин эрининг уйида мутасаддидир ва қўл остидагилар учун масъулдир. Қул хожасининг молига мутасаддидир ва унинг учун масъулдир. Ҳар бирингиз қўл остингиздагилар учун масъулсиз» (Имом Бухорий ривояти)

Аллоҳ таоло Ислом динини, Ўзининг шариатини икки дунёда инсониятнинг бахт-саодатини таъминлаш учун жорий қилган. Ислом динининг барча таълимотлари, қонун-қоидалари бешта асосий мақсадни кўзда тутади: 

1) инсоннинг ҳаётини;

2) ақлини;

3) динини;

4) наслини;

5) мол-мулкини муҳофаза қилиш. 

Ишонч билан айтамизки, Ўзбёкистон Республикаси Конституцияси ушбу мақсадларнинг барчасига мувофиқ, уйғун ва ҳамоҳангдир. Ўзбекистоннинг Асосий Қонуни ушбу муҳим вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётир.

Унда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиймати, диний эътиқоди ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги белгилаб қўйилган. 

Конституциямизда жинси, миллати, дини, ирқи, ёши, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, барча фуқаролар тенг ҳуқуқли деб эълон қилинган бўлиб, унда инсон ҳуқуқлари ва эътиқод эркинлигини камситиш қатъий қораланган.

Ватанимизда яшовчи барча фуқаролар ушбу Қомусда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлардан кенг ва тўлиқ фойдаланмоқдалар. 

Бош Қомусимиз нафақат халқчил тамойилларга, балки минг йиллар давомида ривожланиб келган миллий маънавиятимиз асосларига ҳам таянади. Зеро, ҳар бир миллат ўзининг руҳий эътиқодий илдизларидан узилса, инқирозга учраши табиий. 

Ҳуқуқ, эркинлик, аввало, инсонга Аллоҳ таоло томонидан берилган энг олий туҳфа. Инсон ҳаётини мазмунли ва чиройли ўтказиши учун қонун қоидаларга бўйсуниши керак. Юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро Конституциямизда белгиланган барча қоидалар доирасида ҳаракат қилмоғи лозим. 

 

Раҳматуллоҳ домла САЙФИДДИНОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Read 1979 times

Мақолалар

Top