Мақолалар

Ҳар бир эшитган нарсасини гапиришдан қайтариш тўғрисида

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг ҳар бир эшитган нарсасини гапирмоғи ёлғончи эканлигига кифоя қилади», дедилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Кишининг ҳар бир эшитган нарсасини гапириши ёлғончи эканлигига етарлидир», дедилар.

Ибн Ваҳб айтдилар: «Молик менга: «Билки, ҳар бир эшитган нарсасини гапираверадиган киши (хатодан) омонда бўлмайди. Ва ҳар бир эшитган нарсасини гапираверадиган киши ҳеч қачон имом ҳам бўлмайди», деди». (Изоҳ: бу ҳадисда намоздаги имом назарда тутилмаган. Ҳадиснинг маъноси шундай: «Ҳар бир эшитган ҳадисини ривоят қилаверадиган киши сўзи эътиборга олинадиган, эргашиладиган кишилардан бўла олмайди». Валлоҳу аълам.)

Абдураҳмон ибн Маҳдий: «Киши эшитган нарсаларининг баъзисини (гапиришдан) ўзида тийиб турмагунича иқтидо қилинадиган имом бўла олмайди», деб айтдилар. (Изоҳ: бу ҳадисда ҳам сўзи эътиборга олинадиган пешво назарда тутилган.)

Суфён ибн Ҳусайндан ривоят қилинади: «Иёс ибн Муовия мендан: «Сенинг Қуръон илмига муҳаббат қўйганингни кўряпман, менга бир сурани ўқиб, тафсир қилиб бер, уни қай даражада билишингни кўрайин», деб сўраганида, мен уни(нг айтганини) қилдим. Шунда у: «Сенга айтадиган гапларимни ёдингда сақлаб қол. Ҳадис хусусида ҳақоратланишдан эҳтиёт бўл (яъни, тўқима ҳадис айтиб, одамларнинг лаънатига гирифтор бўлма... – тарж.). Чунки баъзида киши (тўқима) ҳадисни айтиб, ўзи хор бўлади. Ҳадиси ёлғонга чиқарилади», деди».

Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утбадан ривоят қилинади: Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Сен қавмга ақллари етмайдиган бирор ҳадисни айтмагин. Агар айтадиган бўлсанг, уларнинг баъзиларига фитна бўлади», дедилар.

«Имом Муслим» китобидан.

Read 1890 times

Мақолалар

Top