Мақолалар

Аллоҳнинг қудрати

Аллоҳ таоло ўлим фариштасидан: сен Одам боласининг жонини олаётганингда бирор марта бўлса ҳам раҳминг келиб йиғлаганмисан?-деб сўради.

Ўлим фариштаси: мен бир марта кулганман, бир марта йиғлаганман ва бир марта қўрққанман, деб жавоб берди.

Нима сабабдан кулгансан?-деди.
Бир кишининг жонини олишга тайёргарлик кўраётган эдим. У эса, ўлишидан хабари йўқ ҳолда пойафзалини созлаётган устага: пишиқроқ қилиб тузат, бир йилга етадиган бўлсин, дер эди. Мен эса, кулиб турар эдим, пойафзалини кийишга ҳам улгурмай жонини олдим, деди.

Аллоҳ таоло: қачон йиғлагансан?-деб сўради.
Сен менга бир ҳомиладор аёлнинг жонини олишимга буюрдинг. Унинг олдига борсам у кимсасиз саҳрода, фарзандини дунёга келтираётган экан. Фарзандини туғиб бўлгунча кутиб турдим. Бепоён кимсасиз саҳрода фарзандини дунёга келтирганидан кейин жонини олдим. Жонини олар эканман, кимсасиз саҳрода чинқириб йиғлаётган норасида гўдакнинг ҳолига ачиниб йиғлар эдим, деди.

Қачон қўрққансан?-деб сўради.
Олим бандаларингдан бирини жонини олишга буюрганингда қўрққанман. Ўшанда унинг ҳужрасидан нур чиқиб турарди. Ҳар гал мен унинг жонини олиш учун яқинлашганим сари, ҳужрадан чиқаётган нур авжланиб мени унга яқинлашишга қўймасди. Шунда қўрққанман, деди.

Шунда Аллоҳ таоло: сен ўша олим киши ким эканлигини биласанми? У ўша кимсасиз саҳрода сен жонини олган аёлнинг норасида ўғли. Мен Ўзим уни кафолатимга олган эдим, деди.

Субҳаналлоҳ. Ҳар қандай ғам андуҳларни кетказадиган Парвардигор ҳар нарсага қодир.

Read 2093 times

Мақолалар

Top